|
Ҳужжат 09.11.2001 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ РЕФЕРЕНДУМИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 1, 37-модда) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинмоқда).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 30 август,
265-II-сон
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИнинг ҚОНУНИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ РЕФЕРЕНДУМИ ТЎҒРИСИДА
(янги таҳрири)
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдуми
Ўзбекистон Республикасининг референдуми (бундан буён матнда референдум деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.
2-модда. Референдум предмети бўлмайдиган масалалар
Қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;
амнистия ва афв этиш;
жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.
3-модда. Референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган ҳарбий вақт ёки фавқулодда ҳолат шароитларида, шунингдек ҳарбий вақт тугаган ёки фавқулодда ҳолат бекор қилингандан кейин уч ой давомида референдум ўтказилмайди.
Референдум натижалари расман эълон қилингандан кейин бир йил давомида мазмун ёки маъносига кўра худди шундай савол қўйилган референдум ўтказилмайди.
4-модда. Референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Референдум ўтказишнинг асосий принциплари
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.
6-модда. Референдумда иштирок этиш ҳуқуқи
Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
7-модда. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар амалга оширадилар. Улар фуқароларни ўз ишларидан, округлар, овоз бериш участкалари тузилганлиги, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништирадилар, овоз бериш якунларидан хабардор қиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.
8-модда. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум ўтказувчи округ комиссияси манфаатдор ташкилотдан, фуқаролар ташаббускор гуруҳидан ариза олганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган намунадаги мандатни кузатувчи учун беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларига мандатни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Кузатувчиларнинг ҳуқуқлари
Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
референдум участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга овоз бериш бюллетенларининг берилишини кузатиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
овозларни санаб чиқишда ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш якунлари тўғрисидаги баёнини тузишда ҳозир бўлиш;
овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли референдум ўтказувчи комиссия томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва олиш;
агар референдумда ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида референдум ўтказувчи юқори комиссияга маълум қилиш.
Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:
овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;
овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши монеликсиз ташвиқот олиб боришга ҳақлидирлар.
Референдумга қўйиладиган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш мақсадида радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш мумкин.
Ташвиқотни фуқароларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
Референдум ўтказиладиган куни ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. РЕФЕРЕНДУМНИ ТАЙИНЛАШ
11-модда. Референдумни ўтказиш ташаббуси
Референдумни ўтказиш ташаббуси билан:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган субъектлар референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни кўрсатишда, референдумга қўйиладиган қонун лойиҳасини ёки ўзга қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, шунингдек масала таърифини (моҳиятининг аниқ ифодасини) белгилашда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумни ўтказиш ташаббусини амалга ошириш тартиби
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари агар, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида беш фоизини ташкил этган фуқаролар имзоси тўпланган бўлса, башарти бунда имзолаётган фуқаролар миқдори ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилма (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри) бўйича бир текис ва мутаносиб равишда тақсимланган бўлса, референдумни ўтказиш ташаббуси ҳуқуқини амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикасининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқароси ёки фуқаролар гуруҳи референдумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш учун камида юз кишидан иборат ташаббускор гуруҳни тузиши мумкин.
Фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили гуруҳни рўйхатдан ўтказишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:
фуқаролар ташаббускор гуруҳи аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, турар жой манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақами кўрсатилган рўйхати;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фуқаролар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг ваколатли вакилни тайинлаш тўғрисидаги қарори ва унинг номига қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 134 — 144-моддаларига қаранг.
фуқаролар ташаббускор гуруҳи референдум ўтказиш тўғрисида ташаббус кўрсатиб қарор қабул қилган йиғилишининг баёни;
референдумга олиб чиқиш учун фуқаролар ташаббускор гуруҳи таклиф этаётган масаланинг (масалаларнинг) таърифи.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини аниқлагач, улар тушган кундан эътиборан беш кун ичида фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ваколатли вакилга тегишли рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси берилади.
Фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш рад этилгани тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси асосли жавоб беради.
Фуқаролар ташаббускор гуруҳи ўзининг ваколатли вакили рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини олганидан кейингина референдумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватловчи имзолар тўплашга ҳақлидир. Бунда фуқароларнинг илгари тўпланган имзолари ҳисобга олинмайди. Фуқаролар ташаббускор гуруҳига берилган рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси уч ой мобайнида ҳақиқийдир. Имзолар тўплаш бўйича харажатларни фуқаролар ташаббускор гуруҳи қилади.
Имзо варақаларининг шаклини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси белгилайди. Имзо варақасида референдумга қўйилаётган масаланинг таърифи бўлиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролар имзо варақасида ўз фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, турар жой манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдумга қонун лойиҳаси қўйилган тақдирда, имзолар тўплашни ўтказаётган шахс фуқаронинг талабига биноан шу қонун лойиҳасининг матнини тақдим этиши керак.
Имзо варақасини имзоларни тўплаган шахс, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили тасдиқлайдилар, бунда улар ўз фамилияси, исми, отасининг исми, турар жой манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақамини кўрсатадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқув, турар жойида, шунингдек ташвиқот қилиш ва имзолар тўплаш қонунлар билан тақиқланмаган бошқа жойларда ўтказилади. Бунда имзолар тўплаётган шахс фуқароларни ҳар қандай шаклда мажбурлаши ва ўзига оғдириб олишига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Имзолар тўпланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида жилдларга тикилган имзо варақалари, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳининг якуний баёни фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига топширилади.
Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тушган ҳужжатларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини текширади ва имзо варақалари тушган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўз хулосасини юборади ҳамда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентини хабардор қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар текшириш натижасида имзоларни қалбакилаштириш ҳоллари, ушбу Қонуннинг бошқа бузилишлари аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббус ҳақиқий эмаслиги ҳақида қарор чиқаради. Мазкур қарор нусхаси фуқаролар ташаббускор гуруҳига юборилади.
13-модда. Референдум тайинлаш ҳуқуқи
Референдум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлган тақдирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин.
Референдумга қўйилаётган масаланинг матни референдум тайинланганда маъқулланади.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан референдумни тайинлаш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусдан иборат тақдим этилган материалларни олинган кундан эътиборан бир ой ичида кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:
референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;
референдум ташаббускорлари ушбу Қонунни бузганлари тақдирда референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;
референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки ўзга қарорни референдум ўтказмасдан қабул қилиш тўғрисида.
Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси референдум тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилса, унда уни ўтказиш санаси аниқланади, бунда овоз бериш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарори эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкин.
Референдум ўтказиладиган кун ҳақида у тайинлангандан кейин кечи билан уч кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида хабар қилинади. Референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилингандан кейин кечи билан ўн кун ичида референдумга қўйилаётган қонун ёки ўзга қарорнинг лойиҳаси эълон қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. РЕФЕРЕНДУМ ОКРУГЛАРИ ВА УЧАСТКАЛАРИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Референдум округларини тузиш
Референдум округлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилади.
Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Референдум участкалари тузиш тартиби ва нормаси
Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Референдум участкалари ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда ҳам тузилади. Бу участкалар ўзлари жойлашган ердаги референдум округларига киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум участкалари Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилиши мумкин. Ўзбекистондан ташқарида тузиладиган референдум участкаларини тегишли округга биркитиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмларда референдум участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум участкалари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин ўн беш кундан кечикмай тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам референдум участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида референдум ўтказишга камида беш кун қолганда тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум участкалари референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг, қоида тариқасида, камида йигирма ва кўпи билан уч минг нафаридан иборат этиб тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. РЕФЕРЕНДУМ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯЛАРНИ ТУЗИШ ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ
17-модда. Референдум ўтказувчи комиссиялар
Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги комиссиялар томонидан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;
референдум ўтказувчи округ комиссиялари;
референдум ўтказувчи участка комиссиялари.
Референдум ўтказиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органларига сайловлар ўтказиладиган бўлса, референдумни ўтказиш тегишли сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатларини «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга, ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Референдум ўтказувчи округ комиссиясини тузиш
Референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кундан кечикмай камида тўққиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.
Референдум ўтказувчи округ комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20-модда. Референдум ўтказувчи округ комиссиясининг ваколатлари
Референдум ўтказувчи округ комиссияси:
1) тегишли округ ҳудудида ушбу Қонун ижросини назорат қилади;
2) референдум участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;
3) референдум ўтказувчи участка комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
4) референдум ўтказувчи участка комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
5) маблағларни референдум ўтказувчи участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, участка комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва округда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;
6) референдумга қўйилган масаланинг мазмунини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда оммавий ахборот воситаларига кўмаклашади;
7) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;
8) овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;
9) референдум ўтказувчи участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлайди;
10) округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;
11) референдум ўтказувчи участка комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
12) ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21-модда. Референдум ўтказувчи участка комиссиясини тузиш
Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин округ комиссияси томонидан йигирма беш кундан кечикмай беш — ўн тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси таркибининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияси раисининг вазифаларини уларнинг раҳбари амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг ваколатлари
Референдум ўтказувчи участка комиссияси:
1) участка бўйича референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатини тузади;
2) фуқароларни овоз берувчи фуқаролар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;
3) референдум куни ўз турар жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга шакли ва бериш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган ҳисобдан чиқиш гувоҳномасини беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
4) аҳолини овоз бериш ўтказиладиган кун ва жой тўғрисида хабардор этади;
5) овоз бериш хоналари, кабиналари ва қутилари ҳамда бошқа ашёлар тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;
6) референдум участкасида овоз беришни ташкил этади;
7) референдум участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;
8) овоз беришга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ўтказиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;
9) ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларига аъзолик
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум ўтказувчи округ комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тасдиқланади. Референдум ўтказувчи участка комиссияларининг аъзолари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тақдимномасига биноан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.
Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.
Зарурат бўлганда комиссиянинг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тасдиқланади.
Фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи комиссияга аъзо бўлишлари мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Айни бир шахс референдум ўтказувчи фақат битта комиссияга аъзо бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24-модда. Референдум ўтказувчи комиссияларнинг ишини ташкил этиш ва уларнинг ваколат муддати
Агар референдум ўтказувчи комиссиянинг мажлисида шу кунги комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этса, мажлис ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини баён этишга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баёнга илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади.
Референдум ўтказувчи комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи комиссиялар, шунингдек барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ижроси учун мажбурийдир.
Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоларидан бири комиссиянинг қарорига биноан референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин. Бунда референдум ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар референдум ўтказувчи комиссияларга ўз ваколатларини амалга оширишлари учун ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар керакли бинолар ва жиҳозларни референдум ўтказувчи комиссиялар ихтиёрига бепул бериб турадилар.
Референдум ўтказувчи комиссия референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ва жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қўйилган масалани кўпи билан уч кун ичида кўриб чиқишлари ва референдум ўтказувчи комиссияга жавоб қайтаришлари шарт.
Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари референдум натижалари эълон қилинганидан кейин ўз фаолиятларини тугатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш
Фуқаролар, шунингдек кузатувчилар референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан юқори комиссияга ёки судга ана шу қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят билан мурожаат қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. ОВОЗ БЕРУВЧИ ФУҚАРОЛАРНИНГ РЎЙХАТЛАРИ. РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ БЮЛЛЕТЕНИ
26-модда. Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларини тузиш
Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.
Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.
Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.
Овоз берувчи фуқаролар рўйхати ҳар бир референдум участкаси бўйича референдум ўтказувчи тегишли участка комиссияси томонидан тузилади ва уни комиссия раиси билан котиби имзолайди. Референдум ўтказувчи участка комиссияси фуқаролар рўйхатини тузиш ишида қатнашишга жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин.
Туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимликлари фуқароларни ҳисобга олишни таъминлайдилар ва референдум ўтказувчи участка комиссияларига тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар тўғрисида овоз берувчи фуқаролар рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳарбий қисмлардаги овоз берувчи ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа фуқароларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиладилар.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида тузилган референдум участкалари бўйича фуқароларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарларининг тақдим этган маълумотлари асосида тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Овоз берувчи фуқароларнинг фамилиялари рўйхатларда овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништириш
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари овоз бериш кунига ўн кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда тузилган участкаларда эса овоз бериш кунига етти кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади. Референдум ўтказувчи участка комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида фуқароларни хабардор этади.
Фуқароларга референдум ўтказувчи участка комиссияси биносида рўйхат билан танишиш имконияти таъминланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28-модда. Овоз берувчи фуқаролар рўйхатлари хусусида баҳслашув
Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида референдум ўтказувчи участка комиссиясига арз қилиши мумкин. Референдум ўтказувчи участка комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай аризани текшириб чиқиши ва хатоларни тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.
Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда референдум ўтказувчи юқори комиссияларга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29-модда. Референдумда овоз бериш бюллетени
Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдумга бир нечта масала қўйилганда улар битта овоз бериш бюллетенига киритилади, кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади. Қонун лойиҳаси бирон-бир моддасининг муқобил матнлари ҳам кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади.
Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.
Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек референдум ўтказувчи округ комиссиясининг қарорига биноан тегишли референдум округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда чоп этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
30-модда. Референдумда овоз бериш бюллетенларини етказиб бериш
Референдум ўтказувчи участка комиссиялари бюллетенларни округ комиссияларидан референдум ўтказиладиган кунга камида уч кун қолганида оладилар. Овоз бериш бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини референдум ўтказувчи тегишли округ ва участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси оладиган овоз бериш бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонининг ярим фоизидан кўп бўлиши мумкин эмас. Овоз бериш бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига референдум ўтказувчи участка комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар референдум ўтказувчи участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка комиссияси томонидан тасдиқланмаган овоз бериш бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. ОВОЗ БЕРИШ ВА РЕФЕРЕНДУМ НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ
31-модда. Овоз бериш биноси
Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланган бўлиши, овоз бериш бюллетенлари тақдим этиладиган жой аниқланган ва овоз бериш қутилари ўрнатилган бўлиши лозим. Овоз бериш қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.
Овоз бериш биносида ёки бевосита унинг олдида участка комиссияси стенд жиҳозлаб, унда референдумга қўйилган масалани ёқлаб овоз берганда ҳам, қарши овоз берганда ҳам овоз бериш бюллетенларини тўлдириш намуналари жойлаштирилади, агар референдумга қонун лойиҳаси қўйилган бўлса, стендда шу лойиҳа матни жойлаштирилади. Агар референдумга қўйилган қонун лойиҳаси амалдаги қонуннинг бекор қилинишини ёки унга ўзгартишлар ёхуд қўшимчалар киритилишини назарда тутса, стендга бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёхуд қўшимчалар киритилиши таклиф қилинаётган амалдаги қонун матни жойлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Туман, шаҳар ҳокимлиги овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир участкани бино билан таъминлайди.
Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти референдум ўтказувчи участка комиссияси зиммасида бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32-модда. Овоз бериш вақти ва жойи
Овоз бериш референдум куни соат олтидан соат йигирмагача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганида фуқароларни хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси исталган вақтда овоз бериш тугади деб эълон қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
33-модда. Овоз беришнинг бошланиши
Референдум куни овоз бериш биноси референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлгандагина очилади. Референдум ўтказувчи комиссия раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида овоз бериш қутисини муҳрлайди, овоз бериш бюллетенлари ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда овоз бериш бошланганлигини эълон қилади. Овоз бериш бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
34-модда. Овоз беришда иштирок этувчи фуқаронинг шахсини аниқлаш
Овоз бериш биносига келгач, фуқаро участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.
Бирор-бир сабабга кўра рўйхатга кирмай қолган фуқароларнинг фамилиялари шахсни, турар жойни тасдиқловчи ҳужжатга асосан овоз берувчи фуқаролар рўйхати иловасига киритилади.
35-модда. Овоз бериш тартиби
Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролар референдумга қўйилган масалага қарши овоз берадиган бўлсалар, масала таърифи матнини ўчирадилар ёки масалани ёқлаб овоз берадиган бўлсалар, уни ўчирмайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.
Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.
Овоз бериш куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаро ўз турар жойидаги референдум ўтказувчи участка комиссиясидан ҳисобдан чиқиш гувоҳномасини талаб қилиб олиши мумкин, бу гувоҳнома уни референдум ўтказувчи бошқа ҳар қандай участкада овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритишлари учун асос бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Айрим фуқаролар соғлиғининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаганлари тақдирда, уларнинг илтимосига кўра референдум ўтказувчи участка комиссияси комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу фуқаро турган жойда, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этишни топширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг аризалари бўйича йўлга тушадиган участка комиссиясининг аъзолари аризалар сонига тенг миқдордаги бюллетенларни имзо чекиб оладилар. Фуқаролар аризаларининг сони, шунингдек ишлатилган ва қайтарилган овоз бериш бюллетенларининг сони алоҳида далолатномада қайд этилади. Бир вақтнинг ўзида овоз берувчи фуқаролар рўйхатида фуқаро референдум участкаси биносидан ташқарида овоз берганлиги қайд этиб қўйилади. Участка комиссияси аъзолари референдум участкаси биносига қайтганларидан кейин кўчма овоз бериш қутиси овозларни санаб чиқиш бошлангунча очилмайди. Овоз беришни референдум участкаси биносидан ташқарида ташкил этиш ва ўтказиш овоз бериш сирининг ошкор бўлиши ёки фуқаронинг хоҳиш-иродаси бузиб кўрсатилиши эҳтимолини истисно этиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзоси ёки кузатувчи овоз бериш сирини ошкор қилса ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, участка комиссиясининг аъзоси комиссия ишида иштирок этишдан четлаштирилади, кузатувчи эса овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда референдум ўтказувчи участка комиссияси қарор қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
36-модда. Референдум участкасида овозларни санаб чиқиш
Овоз бериш тугагач, фойдаланилмаган барча овоз бериш бюллетенлари овоз бериш қутиларини очишдан олдин референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзолари иштирокида санаб чиқилади ва референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан бекор қилинади.
Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси овоз бериш тугади деб эълон қилганидан кейин референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан очилади. Овоз бериш тугагунига қадар овоз бериш қутиларини очиш тақиқланади. Овоз бериш қутиларини очиш навбатма-навбат амалга оширилади аввал кўчма, сўнгра стационар овоз бериш қутилари очилади.
Овозлар бевосита референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари томонидан санаб чиқилади.
Овоз бериш бюллетенининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилса, масала референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади. Овоз бериш бюллетенини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинса, участка комиссияси унинг орқа томонида ҳақиқий эмаслигининг сабабларини кўрсатади. Бу ёзув референдум ўтказувчи участка комиссияси камида уч аъзосининг имзолари билан тасдиқланади.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий сонини, бюллетенларни олган фуқароларнинг сонини аниқлайди.
Овоз бериш қутиларидаги овоз бериш бюллетенларига асосан комиссия:
овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;
референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;
референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;
ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сонини аниқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Овозларни санаб чиқиш натижалари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилиб, баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва белгиланган тартибда референдум ўтказувчи тегишли округ комиссиясига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37-модда. Округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш
Референдум ўтказувчи участка комиссияларининг баёнлари асосида округ комиссияси:
референдум округи бўйича овоз берувчи фуқароларнинг умумий сонини;
Кейинги таҳрирга қаранг.
овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сонини;
овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;
референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;
референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;
ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сонини аниқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Округ бўйича овоз бериш натижалари референдум ўтказувчи округ комиссияси мажлисида аниқланиб, баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
38-модда. Референдум натижаларини аниқлаш
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказувчи округ комиссияларининг баёнлари асосида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг овоз берувчи фуқаролари умумий сонини;
овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сонини;
овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;
референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;
референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;
ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенларининг сонини аниқлайди.
Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.
Агар рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан ками референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтмаган деб топади.
Овоз бериш чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли овоз бериш якунлари умуман ёки айрим округлар ёхуд айрим участкалар бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Айрим округлар ёки айрим участкаларда овоз бериш якунлари ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан ана шу округлар ёки участкалар бўйича овоз бериш натижалари (агар бу натижаларсиз ҳам референдум умуман ҳақиқий деб топилиши мумкин бўлса) умумий натижалардан чиқариб ташланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мажлисида овоз бериш якунлари чиқарилади ва бу ҳақда баён тузилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссиянинг котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади. Референдум якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VII. РЕФЕРЕНДУМДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАРНИНГ ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ, КУЧГА КИРИШИ ВА МАЖБУРИЙЛИГИ
39-модда. Референдум якунларини эълон қилиш
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказилгандан кейин кўпи билан ўн кун ичида референдумда қабул қилинган қарорни эълон қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
40-модда. Референдумда қабул қилинган қарорларнинг кучга кириши
Агар референдумда қабул қилинган қарор мазмунидан бошқача қоида келиб чиқмаса, референдумда қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
41-модда. Референдумда қабул қилинган қарорларнинг мажбурийлиги
Референдумда қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари билан бирон-бир тарзда тасдиқ талаб қилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатлари референдум қарорига мувофиқлаштирилмоғи лозим.
Референдумда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим нормаларига ўзгартириш киритишни тақозо этувчи қарор қабул қилинган тақдирда, бу нормалар референдум қарорига мувофиқлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
42-модда. Референдумни молиялаштириш
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини ихтиёрий равишда референдум ўтказиш учун беришлари мумкин. Бу маблағларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.
43-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жавобгарлик
Фуқароларнинг референдумда иштирок этиш, референдум масалалари юзасидан ташвиқот юритиш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатаётган шахслар, шунингдек сохта ҳужжатлар тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, яширин овоз беришни бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар, референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари, фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг аъзолари белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг V1 боби, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддалари..
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 176-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 14.03.2022 й., 03/22/759/0213-сон; 16.06.2022 й., 03/22/779/0528-сон; 27.10.2022 й., 03/22/796/0966-сон; 08.05.2023 й., 03/23/838/0257-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 19.12.2023 й., 03/23/883/0949-сон)