Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 17 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 декабрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 21 декабрда маъқулланган
Кейинги йилларда тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар учун қўшимча қулайликлар яратишга, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, шунингдек суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегаралари ўзгартирилиши ёки янги маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилиши натижасида қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашга мажбур бўлмоқда ва бу уларнинг фаолиятида қўшимча харажатларга олиб келмоқда. Бундан ташқари суғурта қилдирувчилар томонидан мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар билан судларга мурожаат қилинганда улардан давлат божи ундирилиши қўшимча молиявий харажатларга олиб келмоқда.
Ушбу Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилганлиги ёки тугатилганлиги, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгартирилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа юридик шахсларнинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек суғурта қилдирувчилар мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга, уларнинг фаолиятида ортиқча харажатларнинг олдини олишга, шунингдек суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 186-модда, № 4, 265, 269-моддалар, № 6, 444, 445-моддалар, № 7, 538-модда, № 9, 710-модда; 2024 йил, № 1, 5, 6, 7-моддалар, № 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819, 823, 831-моддалар) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 8-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 221-банд билан тўлдирилсин:
«221) суғурта қилдирувчилар (суғурталанган шахслар, наф олувчилар, жабрланувчилар) — мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан»;
2) 9-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 61-банд билан тўлдирилсин:
«61) суғурта қилдирувчилар (суғурталанган шахслар, наф олувчилар, жабрланувчилар) — мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан»;
3) 15-модда:
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилганлиги ёки тугатилганлиги, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгарганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа юридик шахсларнинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда уларни қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди»;
учинчи — еттинчи қисмлари тегишинча тўртинчи — саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 13 январь,
ЎРҚ-1018-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.01.2025 й., 03/25/1018/0032-сон)