Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Креатив иқтисодиёт тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 30 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 30 сентябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчилик
Креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
креатив индустрия — ижодиёт, интеллектуал қобилият, шунингдек интеллектуал мулк устуворлигига асосланган ва иқтисодий қимматга эга бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва илгари суриш билан боғлиқ бўлган иқтисодий фаолият турларининг мажмуи;
креатив индустрия парки — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принциплари асосида креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаолият олиб борадиган ташкилий-ҳуқуқий тузилма;
креатив индустрия субъектлари — креатив маҳсулотни яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва илгари суриш билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар;
креатив иқтисодиёт — ижодиёт, интеллектуал қобилият, шунингдек инновацияларга ҳамда технологияларга асосланган инсон салоҳияти натижасида иқтисодий қимматга эга бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) яратишга қаратилган иқтисодиёт тармоғи;
креатив маҳсулот — креатив иқтисодиёт соҳасида иқтисодий қимматга эга бўлган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек бошқа фуқаровий-ҳуқуқий битимлар объектлари.
4-модда. Креатив иқтисодиёт соҳасидаги асосий принциплар
Креатив иқтисодиёт қуйидаги принципларга асосланади:
қонунийлик;
очиқлик ва шаффофлик;
ижод эркинлиги;
тенглик;
креатив маҳсулотнинг ҳуқуқий муҳофаза қилиниши.
5-модда. Қонунийлик принципи
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
6-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги ахборот очиқ ва шаффоф бўлиши керак. Бундан давлат сирларини ташкил этувчи ҳамда ошкор этилиши қонун билан чекланган ахборот мустасно.
Давлат органлари креатив индустрия субъектлари учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шунингдек ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган усулларда ахборот олиш ва ундан эркин фойдаланиш шароитларини яратиши шарт.
7-модда. Ижод эркинлиги принципи
Креатив иқтисодиёт илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлигига асосланади.
Барча шахслар креатив индустрия соҳаларини танлашда ва уларнинг бир ёки бир нечтасида фаолият олиб боришда, шунингдек креатив маҳсулот яратишда эркиндир.
Ижод эркинлиги бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига зарар етказишга, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундашга ёки тарғиб қилишга қаратилмаслиги ҳамда ижтимоий ахлоққа зид бўлмаслиги керак.
8-модда. Тенглик принципи
Креатив индустрия субъектлари ўз фаолиятини амалга оширишда, шу жумладан давлат томонидан тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларидан ва инфратузилмадан фойдаланишда тенгдир.
9-модда. Креатив маҳсулотнинг ҳуқуқий муҳофаза қилиниши принципи
Креатив маҳсулот интеллектуал ва ижодий фаолият натижасидир ҳамда у қонунчиликка мувофиқ муҳофаза қилинади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонуни, ЎзбекистонРеспубликаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги ПҚ-4965-сонли «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
10-модда. Креатив индустрия соҳалари
Ушбу Қонун мақсадларида креатив индустрия соҳаларидаги фаолият йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
адабий ижодни;
амалий санъат ва ҳунармандчиликни;
архитектура, лойиҳалаштириш ва урбанистикани;
аудиовизуал санъатни;
ижрочилик санъатини;
концерт-томоша фаолиятини ва оммавий-маданий тадбирларни ташкил этишни;
мода ва дизайн санъатини;
музейлар, бадиий галереялар (кўргазмалар), ахборот-кутубхона фаолиятини;
нашриёт ва матбаа соҳасидаги ижодий фаолиятни;
оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали узатиш йўли билан амалга ошириладиган ижодий фаолиятни;
продюсерлик фаолиятини;
рақамли технологиялар соҳасидаги ижодий фаолиятни;
реклама соҳасидаги ижодий фаолиятни;
санъат ашёлари ва маданий мерос объектларини асрашга доир фаолиятни;
тасвирий санъатни.
2-боб. Креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсати
11-модда. Креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
креатив индустрия соҳаларида фуқароларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
креатив индустрияни иқтисодиётнинг фаол тармоқларидан бирига айлантириш орқали креатив маҳсулотлар айланмасини ошириш;
креатив индустрия субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда тенг имкониятлар яратиш;
креатив индустрия соҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш;
креатив иқтисодиёт соҳасида илм-фан ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда креатив ғояларни ва лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш;
креатив индустрия субъектлари учун зарур инфратузилмани яратиш;
креатив маҳсулотлар яратишда илм-фан ва технология ютуқларидан ва инновацион ёндашувлардан фойдаланилишини таъминлаш;
мазкур соҳадаги кўникмаларни ривожлантириш мақсадида креатив индустрия соҳаларида таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш;
креатив индустрия субъектларининг ижодий салоҳияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича чекловларни бартараф этиш;
миллий маданият ва миллий брендларни халқаро майдонда кенг танитилишини таъминлаш.
12-модда. Креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегиялари
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегиялари замонавий ютуқлар асосида инсон капиталини, мамлакатни ривожлантириш, креатив иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегиялари яқин ва узоқ муддатли истиқбол учун қабул қилиниши мумкин.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегиялари давлат ва жамият олдида турган мақсадлар ҳамда вазифаларни, тегишли давр учун мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларни, шунингдек уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаларини белгилайди.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегияларининг лойиҳалари давлат органларининг, илмий ташкилотларнинг, креатив индустрия субъектларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва экспертларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилади.
3-боб. Креатив иқтисодиёт соҳасини тартибга солиш
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг креатив иқтисодиёт соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
креатив иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
креатив иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ва уларни тақдим этиш тартибини белгилайди;
креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларини белгилайди;
креатив иқтисодиётни ривожлантириш стратегияларини ва давлат дастурларини тасдиқлайди;
креатив иқтисодиёт тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
креатив иқтисодиёт соҳасидаги зарур инфратузилмани яратиш чораларини кўради;
креатив индустрия паркини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг креатив иқтисодиёт соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг фаолияти тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
14-модда. Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади) креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш бўйича жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органидир.
Республика кенгашининг таркиби креатив индустрия соҳалари бўйича тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, креатив индустрия соҳаларидаги етакчи тадбиркорлар ҳамда халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Республика кенгаши:
креатив иқтисодиётни ривожлантириш ва креатив индустрия соҳаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
креатив индустриянинг истиқболли йўналишлари ва ўсиш нуқталарини аниқлайди;
креатив индустрия парки фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Республика кенгашининг зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 7 июлдаги ЎРҚ-1157-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 03/26/1157/0703-сон)
Республика кенгашининг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобланади.
15-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг креатив иқтисодиёт соҳасидаги ваколатлари
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
креатив иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилишини таъминлайди;
креатив маҳсулотларни шакллантириш ва креатив иқтисодиёт соҳасини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда иштирок этади;
ўз тасарруфидаги креатив индустрия субъектларининг креатив маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва илгари суришга доир фаолиятини мувофиқлаштиради.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг креатив иқтисодиёт соҳасидаги ваколатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари креатив иқтисодиёт соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонунига асосан биринчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида :
(16-модда иккинчи қисмнинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
ҳудудларда креатив иқтисодиёт соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
ҳудудларда креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
креатив иқтисодиёт соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг тасдиқланиши учун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилишини ва амалга оширилишини таъминлайди;
(16-модда иккинчи қисмнинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
креатив индустрия субъектлари фаолиятига кўмаклашади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
17-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг креатив иқтисодиётни ривожлантиришга доир фаолиятда иштирок этиши
Нодавлат нотижорат ташкилотлари:
креатив индустрия субъектларига ўз ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашади;
креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ташаббуслар ва таклифлар ишлаб чиқади;
креатив иқтисодиёт соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этади.
4-боб. Креатив иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
18-модда. Креатив иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишлари
Давлат креатив иқтисодиётни ривожлантиришни ҳамда креатив индустрия соҳаларида қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити яратилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Креатив иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги чораларни ўз ичига олади:
креатив индустрия субъектлари учун солиқ қонунчилигида назарда тутилган тартибда имтиёзлар беришни;
давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни;
инфратузилмадан ва давлат мулкидан фойдаланишда имтиёзлар беришни;
креатив индустрия субъектларини ахборот билан таъминлашни;
креатив индустрия субъектларининг мол-мулкини ҳимоя қилишни, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказишни, интеллектуал мулк соҳасига оид тартиб-таомилларни соддалаштиришни.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
19-модда. Креатив индустрия субъектларига имтиёзлар ва преференциялар
Давлат креатив индустрия субъектларига солиқлар ҳамда бошқа тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериши мумкин.
20-модда. Креатив иқтисодиёт соҳасидаги таълимни қўллаб-қувватлаш
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги таълимни қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
креатив индустрия соҳаларидаги кадрларни тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир давлат таълим стандартларини ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш;
креатив индустрия соҳаларидаги таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
креатив индустрия соҳаларида дуал таълимни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан назарий билимлар ва амалий кўникмаларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш;
етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан биргаликда соҳага оид ихтисослаштирилган қўшимча таълим дастурларини яратиш;
ўқув-услубий, илмий ва амалий адабиётларни яратиш.
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги таълимни кўллаб-қувватлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
21-модда. Креатив маҳсулотларни яратишда миллий ва умуминсоний қадриятларни оммалаштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Давлат миллий ва умуминсоний қадриятларни оммалаштиришга, Ўзбекистон халқининг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлашга ҳамда бойитишга, маданий меросни муҳофаза қилишга, шунингдек ёшларда ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантиришга қаратилган креатив маҳсулотлар яратилишини қўллаб-қувватлайди.
5-боб. Креатив иқтисодиёт инфратузилмаси
22-модда. Креатив иқтисодиёт инфратузилмасининг таркиби
Креатив иқтисодиёт инфратузилмаси соҳани қўллаб-қувватлашга ҳамда ривожлантиришга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва рақамли ресурслар мажмуасини ўз ичига олади.
Креатив иқтисодиёт инфратузилмаси креатив индустрия парклари, креатив индустрия кластерлари, креатив индустрия арт-резиденциялари, марказлари, инновацион ускуналар ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар шаклида ҳамда бошқа шаклларда бўлиши мумкин.
23-модда. Креатив индустрия кластерлари
Креатив индустрия кластери тегишли ҳудудда креатив маҳсулотларни яратишда иштирок этадиган, самарали ҳамкорлик қилиш, қувватлардан биргаликда фойдаланиш, билимлар ва кўникмалар алмашиш мақсадида тузиладиган креатив индустрия субъектларининг йиғиндисидан иборат бўлган ташкилий-ҳуқуқий тузилмадир.
Креатив индустрия кластерлари давлат ёки хусусий инвестициялар иштирокида ташкил этилиши мумкин.
Креатив индустрия кластерлари фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
ички ва ташқи бозорларда талаб қилинган товарларни (ишларни, хизматларни) яратиш учун креатив индустрия субъектларининг салоҳиятини бирлаштириш;
креатив индустрия субъектлари учун таълим, маслаҳат ва ахборот хизматларини ташкил этиш;
креатив фаолият натижаларини бозорда биргаликда илгари суриш.
Креатив индустрия кластерлари қонунчиликда тақиқланмаган бошқа йўналишларда ҳам фаолият олиб бориши мумкин.
24-модда. Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармаларининг маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
креатив иқтисодиёт соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш;
креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва тижоратлаштириш;
креатив индустрия субъектларини молиявий жиҳатдан рағбатлантириш, кадрларнинг малакасини ошириш ва ушбу субъектларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари қайтариш шартлари асосида ёки беғараз асосда маблағлар ажратиши, шунингдек креатив индустрия субъектларининг мажбуриятлари бўйича кафил сифатида иш юритиши мумкин.
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49 –– 57-моддалари.
6-боб. Креатив индустрия парки
25-модда. Креатив индустрия паркини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби
Креатив индустрия паркини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Креатив индустрия паркини бошқариш дирекция томонидан амалга оширилади.
Республика кенгаши креатив индустрия парки фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолашни амалга оширади.
Креатив индустрия парки дирекцияси Республика кенгашига ўз фаолияти ва унинг натижалари тўғрисида йилига камида икки марта ахборот тақдим этади.
26-модда. Креатив индустрия паркининг вазифалари
Креатив индустрия паркининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
креатив индустрияни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
креатив иқтисодиётга инвестицияларни жалб этиш;
креатив индустрия парки резидентлари учун зарур ресурслар ва инфратузилма мавжудлигини таъминлаш;
креатив индустрия маҳсулотлари айланмаси ва экспортини кўпайтириш учун экотизимни ривожлантириш, шу жумладан электрон платформалар ва онлайн-бозорлар яратиш, шунингдек уларни халқаро платформаларга интеграция қилиш;
креатив индустрия соҳаларида иш ўринларини яратиш;
креатив индустрия соҳаларида меҳнат бозори таҳлилини олиб бориш ва мазкур соҳада кадрларни тайёрлашга, уларнинг малакасини оширишга, шу жумладан назарий ва амалий билимлар ҳамда кўникмаларни уйғунлаштиришга кўмаклашиш;
креатив индустрия соҳаларида инновацияларни ва ижодкорликни рағбатлантириш.
27-модда. Креатив индустрия парки резидентларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Креатив индустрия парки резидентлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
креатив индустрия парки инфратузилмасидан фойдаланиш, шу жумладан умумий иш жойларидан ва жиҳозлардан фойдаланиш;
тадбиркорликни ривожлантириш ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича консалтинг хизматларини олиш;
таълимни ва янги ғояларни такомиллаштириш ҳамда кучайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш юзасидан (акселерация) креатив индустрия парки дирекцияси томонидан ташкил этилган дастурларда иштирок этиш.
Креатив индустрия паркининг резидентлари:
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя этиши;
креатив индустрия парки ресурсларидан оқилона фойдаланиши;
креатив индустрия тегишли соҳалари бўйича маҳорат дарсларини ташкил этиши шарт.
Креатив индустрия парки резидентлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
28-модда. Креатив индустрия паркининг резидентлари
Креатив индустрия соҳасидаги бизнес режаси креатив индустрия парки дирекцияси томонидан маъқулланган ва жами йиллик даромадининг камида саксон фоизини креатив индустрия соҳасидаги фаолиятидан олинган даромад ташкил этадиган креатив индустрия субъектлари креатив индустрия паркининг резидентлари бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Янги ташкил этилган (рўйхатдан ўтказилган) креатив индустрия субъектларини креатив индустрия паркининг резидентлигига қабул қилишда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган креатив индустрия соҳасидаги фаолиятидан олинган даромаднинг минимал миқдори бўйича шартлар инобатга олинмайди. Бунда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар молия йилининг якунларига кўра бажарилмаган тақдирда, фойдаланилган имтиёзлар суммаси солиқ тўғрисидаги қонунчиликка асосан қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади.
(28-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 7 июлдаги ЎРҚ-1157-сонли Қонунига асосан иккинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 03/26/1157/0703-сон. Мазкур қисмдаги қоидалар 2026 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.)
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар креатив индустрия паркининг резиденти бўлиши мумкин эмас.
Креатив индустрия парки резидентларининг зиммасига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар ҳам юклатилиши мумкин.
29-модда. Креатив индустрия паркининг бошқа субъектлар билан ҳамкорлиги
Креатив индустрия парки таълим ва илмий ташкилотлар, бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Креатив индустрия парки дирекцияси тажриба алмашиш, инвестицияларни жалб қилиш ва бошқа мақсадларда қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий ва халқаро шериклар билан битимлар тузиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 9-боби.
7-боб. Якунловчи қоидалар
30-модда. Креатив иқтисодиёт кўрсаткичларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш
Статистика органлари креатив иқтисодиётнинг ҳолатини акс эттирувчи кўрсаткичларнинг ҳисобини, шу жумладан:
креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг, шу жумладан креатив маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиш ва ташқи савдо айланмаси ҳажмининг;
креатив индустрия субъектлари сонининг;
креатив индустрия соҳаларидаги бандликнинг;
креатив стартаплар ва лойиҳаларга инвестициялар ҳажмининг ҳисобини юритади.
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш креатив иқтисодиёт кўрсаткичлари тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
31-модда. Халқаро ҳамкорлик
Креатив иқтисодиёт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш йўли билан амалга оширилади.
32-модда. Низоларни ҳал этиш
Креатив иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
33-модда. Креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
34-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
35-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 3 октябрь,
ЎРҚ-970-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.10.2024 й., 03/24/970/0775-сон; 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон; 08.07.2026 й., 03/26/1157/0703-сон)