Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мамлакатимизда аёллар меҳнатидан муайян соҳа ёки касбларда фойдаланиш бўйича тақиқлар бекор қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, меҳнат бозорида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенглигини таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, автотранспортда тижорат асосида юк ва йўловчиларни ташиш соҳасида хотин-қизларни ҳайдовчилик касбига жалб қилиш учун шароитлар яратиш, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириб бориш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, хотин-қизларнинг автотранспорт соҳаси билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишлари учун тенг шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 27-банди ҳамда Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомианиясига Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритиш тавсия этилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 12 февраль,
85-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.02.2024 й., 09/24/85/0115-сон)