Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.06.2014
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари («Ўзмонтажмахсусқурилиш») ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 10 июндаги ПФ-4622-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари («Ўзмонтажмахсусқурилиш») ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида» 1992 йил 27 октябрдаги ПФ-482-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Монтаж ва махсус қурилиш ташкилотлари ҳамда корхоналарини бозор муносабатларига ўтказишнинг ташкилий ва иқтисодий шарт-шароитларини яратиш уларнинг хўжалик мустақиллигини кенгайтириш, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга оид тадбирларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Монтаж ва махсус қурилиш ишлари вазирлиги тугатилсин.
Ихтиёрий асосда Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари («Ўзмонтажмахсусқурилиш») ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида, монтаж, ихтисослаштирилган қурилиш, созлаш, илмий-тадқиқот ва лойиҳа ташкилотлари, металл конструкциялари тайёрлаш заводлари ҳамда бошқа корхоналар меҳнат жамоаларининг таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари ассоциацияси:
ижара, коллектив, акционерлик ташкилотларини ҳамда мулкчиликнинг бошқа шаклларига асосланган монтаж, ихтисослаштирилган қурилиш, созлаш, илмий-тадқиқот ва лойиҳа ташкилотларини, саноат ва транспорт корхоналарини ихтиёрий пайчилик асосида бирлаштирувчи юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган хўжалик ассоциациясидир;
ўз фаолиятини муассислар йиғилиши тасдиқлаган ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ассоциация Низомига мувофиқ тўла хўжалик ҳисоби ва ўзини-ўзи бошқариш принциплари асосида ташкил этади.
3. Қуйидагилар «Ўзмонтажмахсусқурилиш» ассоциацияси фаолиятининг асосий вазифалари қилиб белгилансин:
республика халқ хўжалиги ва аҳолисининг юқори сифатли қурилиш маҳсулотига, махсус қурилиш-монтаж ишларига ва хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида ассоциацияга кирувчи трестлар, корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
ягона илмий-техникавий сиёсат ўтказиш, асосан материалларнинг янги турларини, ускуналарни монтаж қилиш ва улардан фойдаланишнинг илғор системаларини, уй-жой, ижтимоий-маданий ва саноат иншоотларини қуриш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;
ассоциацияга кирувчи корхоналар ва ташкилотларга бозор муносабатларига ўтишда, уларни ижара, коллектив, акционерлик ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга айлантиришда кўмаклашиш;
ассоциацияга аъзо бўлган корхоналарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини белгилаш, биргаликдаги инвестиция фаолияти, меҳнат жамоаларининг ижтимоий аҳволини яхшилаш, уларнинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш соҳасида ягона стратегияни рўёбга чиқариш;
маҳсулот етказиб берувчилар, жумладан ташқи иқтисодий фаолиятда маҳсулот етказиб берувчилар билан узоқ муддатли бевосита алоқалар ўрнатишда корхоналарга кўмаклашиш, уларга тижорат, маркетинг хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари ассоциацияси фаолиятини ташкил этиш масалаларига оид қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 27 октябрь,
482-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 12-сон, 454-модда)