Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИНИНГ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг белгиланган тартибда турар жой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно) доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгилансин.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда тураржой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йили 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Тураржой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу қарорда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июндаги ПҚ-214-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.06.2026 й., 07/26/214/0572-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки, Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига ҳар ойлик пул компенсацияси тўловларининг ушбу нормалари жорий этилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ҳарбий прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Электрон технологияларини ривожлантириш маркази бюджетининг ҳар йили тасдиқланадиган параметрлари доирасида амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги ПФ-272-сонли Фармони таҳририда)
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев):
бир ҳафта муддатда Молия вазирлиги (С. Раҳимов), Мудофаа вазирлиги (Қ. Ғуломов), Ички ишлар вазирлиги (З. Алматов), Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартибини белгиласин;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини тураржой билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва кўриб чиқиш учун киритсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг Котиби Р. Мирзаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 30 июнь,
ПҚ-112-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 25-26-сон, 180-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон; 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон; 25.02.2025 й., 07/25/71/0178-сон; 09.06.2026 й., 07/26/214/0572-сон)