Ҳужжат кучини йўқотган " " 14.02.2005
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ИШ ТАРТИБИГА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, доимий ва вақтинчалик комиссияларининг мажлислари ва йиғилишларини ўтказиш ҳамда уларда вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар раҳбарларининг қатнашуви амалиётини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 февралдаги 47-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 2-сон, 7-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
VI бобга қуйидаги мазмундаги 5-банд қўшилсин:
«5. Доимий ва вақтинчалик комиссияларнинг мажлислари Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати томонидан тасдиқланадиган йилнинг ҳар чораги режалари асосида ўтказилади. Доимий ва вақтинчалик комиссияларнинг режадан ташқари мажлислари Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг розилиги билан ўтказилади»;
VII бобга қуйидаги мазмундаги 1-банд қўшилсин:
«1. Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари томонидан ўтказиладиган мажлислар, қоидага кўра, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати томонидан тасдиқланадиган йилнинг ҳар чораги режалари асосида ўтказилади. Зарурат бўлганда комплексларнинг режадан ташқари мажлислари Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг розилиги билан чақирилади.
Кундалик масалаларни ҳал этиш жорий иш тартибида ёки уларни комплексларнинг даврлар якунлари бўйича мажлисларига қўшган ҳолда амалга оширилади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамасида ўтказиладиган мажлислар ва йиғилишларга таклиф этиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари билан келишилган ҳолда амалга оширилади, мазкур Иш тартибининг VI бобида ва ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган мажлислар бундан мустасно»;
ушбу бобнинг кейинги хатбошилари 2-банд деб ҳисоблансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари минтақавий даражада ўтказиладиган мажлислар ва йиғилишлар сонини қисқартириш, ушбу тадбирларнинг сифати ва натижадорлигини ижро интизомини такомиллаштириш ва қабул қилинган қарорларни назорат қилиш ҳисобига ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсинлар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Султонов
Тошкент ш.,
2002 йил 1 июнь,
193-сон