Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.07.2022
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗДЭУАВТО» ҚЎШМА КОРХОНАСИДА АВТОМОБИЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ, СОТИШ ВА УЛАРГА ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси ишлаб чиқарган автомобилларни самарали сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзавтосаноат», «Ўзбексавдо» уюшмалари, Ўзбекбирлашув Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда:
«Мерседес-Бенц», «ДЭУ» компанияларининг ва бошқа йирик автомобиль фирмаларининг мутахассисларини жалб этган ҳолда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси автомобилларини ҳам республика ичида, ҳам Ўзбекистон ташқарисида сотиш бўйича маркетинг тадқиқотлари марказини ташкил этиш, унинг тузилмаси ва функциялари тўғрисидаги таклифни ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида бир ой муддатда 1996-1997 йилларда республика минтақаларида автомобилларни сотиш бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказсинлар;
бир ой муддатда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси учун буюртмалар портфелини шакллантиришга ва 2000 йил охиригача бўлган даврда автомобилларни ҳам республика ичида, ҳам экспортга сотишга доир таклифларни ишлаб чиқсинлар;
1996 йил охиригача маркетинг тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда автомобиль моделларини янгилашга доир «ДЭУ» корпорацияси билан келишилган тадбирларни тақдим этсинлар.
2. 1997 йилда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси автомобилларини 1-иловага* мувофиқ сотиш дастурига асосан розилик билдирилсин, бунда автомобилларни экспортга устувор сотишга, шунингдек республика ичида эркин алмаштириладиган валютага сотишга, валюта тушуми ўз вақтида тушишини таъминлашга алоҳида эътибор берилсин.
* Илова берилмайди.
«Ўзавтосаноат» уюшмаси «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси билан биргаликда республикада харидорлар талабини ўрганиш ва маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, шунингдек буюртмалар портфелини шакллантириш натижалари бўйича 1997 йилда автомобилларни сотиш дастурига зарур тузатишлар киритсин.
3. «Ўзавтосаноат» уюшмаси «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси билан шартнома асосида «Ўзбексавдо» уюшмаси, Ўзбекбирлашув ва бошқа савдо ташкилотларини жалб этиш йўли билан автомобилларни сотиш тармоғини кенгайтирсин.
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси автомобилларини сотиш, шу жумладан «Ўзбексавдо» уюшмаси ва Ўзбекбирлашув тизимларида сотиш бўйича статистика ҳисоботини жорий этсин.
4. «Асака» банки «Ўзавтотеххизмат» акционерлик жамияти билан биргаликда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси автомобилларини Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 мартдаги 118-сон қарори билан тасдиқланган тартибга мувофиқ навбатда турувчиларнинг алоҳида рўйхати бўйича кредит асосида сотишни таъминласин.
6. «Ўзавтосаноат» уюшмаси ва «Ўзавтотеххизмат» акционерлик бирлашмаси:
1996 йил охиригача 2-иловага* мувофиқ автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станциялари қуришни ва уларни фойдаланишга топширишни таъминласинлар;
* Илова берилмайди.
техник хизмат кўрсатиш вилоят станциялари ҳузурида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича уч-бештадан кўчма пунктлар ташкил этишнинг ҳудудий схемасини ўн кун муддатда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
7. И.Ҳ. Жўрабеков, Қ.Ж. Ҳаққулов, К.Р. Парпиев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддатда:
автомобилларга ёнилғи қуйиш пунктларини;
автосервис ва техник хизмат кўрсатиш хизматларини;
савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олувчи 2000 йилгача автомобиль йўллари бўйлаб халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий сервис хизмати кўрсатиш комплекс пунктлари барпо этиш дастури лойиҳасини;
маблағ билан таъминлаш манбаларини белгилаган ҳолда 1997 йилда амалга ошириладиган тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
8. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси:
«Ўзавтосаноат» уюшмаси ва «Ўзавтотеххизмат» акционерлик жамияти билан биргаликда автомобилларни заводлардан уларни сотиш пунктларигача ташиш йўналишларини ва тартибини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда 1997 йилнинг биринчи ярим йиллигида автомобилларни ташиш учун 200 та ихтисослаштирилган ёпиқ вагонлар харид қилиш масаласини ишлаб чиқсин;
ташиладиган автомобилларни сақлашни таъминлаш мақсадида «Ўзавтотеххизмат» акционерлик жамияти ва «Технолог» акционерлик жамияти билан биргаликда икки ой муддатда мавжуд 110 та икки қаватли ихтисослаштирилган очиқ платформани пухта жиҳозласин.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси кўрсатиб ўтилган тадбирларни маблағ билан таъминлаш учун кредит ресурслари ажратиш масалаларини белгиланган тартибда кўриб чиқсин.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқарувининг раиси Н. Эрметовга автомобиллар ташилиши ва сақланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда темир йўл транспортида ташиладиган юкларнинг сақланишини таъминлаш учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. «Ўздавстандарт» маркази:
«Ўзавтосаноат» уюшмаси билан биргаликда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси автомобилларига берилган, уларнинг тўсиқсиз экспорт қилинишини таъминлайдиган сертификатларнинг чет мамлакатларда эътироф этилишига доир ишларни бир ой муддатда амалга оширсин;
«Ўзавтосаноат» уюшмаси, «Ўзавтотранс» корпорацияси, «Ўзавтойўл» давлат-акционерлик концерни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент автомобиль йўллари институти билан биргаликда 1997 йилнинг биринчи чорагида автотранспорт воситаларини сертификатлаш тизимини ишлаб чиқишни тугалласин.
Молия вазирлиги сертификатлаш тизимини ишлаб чиқиш учун ҳисоб-китобларга мувофиқ зарур маблағлар ажратсин.
10. «Ўзавтосаноат» уюшмаси, Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, «Ўздавстандарт» маркази бир ой муддатда халқаро талабларни ҳисобга олган ҳолда давлат сертификация синовларини ўтказиш учун Жанубий автомотополигон қурилишини тугаллаш бўйича келишилган таклифларни киритсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 майдаги 90-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 19-сон, 161-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 16 апрелдаги 161-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
15. Бош вазирнинг ўринбосари С.С. Саидқосимов республикада ишлаб чиқариладиган автомобилларни сотиш, улардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш масалаларига бағишланган ҳар ҳафтада намойиш қилинадиган телекўрсатувлар ташкил этсин.
«Асака» банкига кўрсатиб ўтилган телекўрсатувларни маблағ билан таъминлаш учун «Ўзавтосаноат» уюшмасига кредит ресурслари ажратиш тавсия қилинсин.
16. «Ўзавтосаноат» уюшмаси Давлат матбуот қўмитаси, «Ўзавтотранс» корпорацияси, «Ўзавтойўл» концерни билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини жалб этган ҳолда икки ой муддатда республикада автомобиль иши ривожланишига бағишланган ойлик журнал белгиланган тартибда нашр этилишини ташкил этсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1997 йил бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган 1200 та «Дамас» тез ёрдам автомашинасини сотиб олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.
18. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 20 мартдаги 114-сон қарори билан енгил автомобилларга белгиланган импорт бож пошлиналари ставкалари 1996 йил 1 октябрдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 3 сентябрь,
304-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 майдаги 90-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 19-сон, 161-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ—1871-сон Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган)