1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.10.00.00 Саноат / 09.10.18.00 Электрон ва электротехника саноати. Маиший асбоб-ускуналар]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Саноат]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 30 майдаги ПҚ-4348-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 30 майдаги ПҚ-4348-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси хизмат кўрсатувчи банкда бир ҳафта муддатда Жамғарманинг махсус ҳисобрақами очилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2019 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Жамғарманинг банк ҳисобрақамига 10 млрд сўм миқдордаги маблағлар ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети параметрларида кейинчалик Жамғарманинг банк ҳисобрақамига белгиланган тартибда ўтказиш учун 10 млрд сўм миқдордаги маблағларни назарда тутсин;
2020 йил 1 декабргача бўлган муддатда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганган ҳолда, уни келгуси йилларда молиялаштиришга доир таклиф киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг раиси М.М. Юнусов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 октябрь,
877-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 октябрдаги 877-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси Бошқарув кенгашининг
Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 октябрдаги 877-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари хизмат кўрсатувчи банкдаги махсус ҳисобрақамда жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан, шу жумладан 2019-2020 йилларда жами 20 млрд сўм миқдорда ажратиладиган маблағлар;
а) илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини молиялаштириш мақсадида республика илмий-тадқиқот муассасалари ва электротехника саноати тармоғи ташкилотларига грантлар ажратиш;
б) электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотларда халқаро стандартларни жорий этиш, маҳсулотларни чет эл бозорлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 20 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;
в) стартап-лойиҳаларини молиялаштириш, электротехника саноати тармоғида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларининг устав фондларини (капиталларини) шакллантиришда иштирок этиш, махсус инжиниринг марказлари ва тажриба-конструкторлик бюроларини ташкил этиш;
г) электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ҳамда иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек, улардаги ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини яхшилаш;
д) электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотларга тендер савдоларида иштирок этиш учун қисқа муддатга молиявий кафилликлар бериш;
е) электротехника саноати тармоғи ташкилотларининг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 10 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;
ж) маҳаллий электротехника ва электромаиший маҳсулотларни таклиф этиш бўйича республикада ва хорижий давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари ва кўргазма стендларини тайёрлаш.
5. Жамғарманинг вақтинча бўш турган пул маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига депозитга ўрнатилган тартибда жойлаштирилиши мумкин.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
6. Жамғарма маблағлари Кенгаш томонидан бошқарилади ва тақсимланади.
Кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кенгаш мажлиси унда аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.
Кенгаш мажлиси режали тартибда ҳар чоракда ёки зарур бўлганда ўтказилади.
7. Кенгаш:
ҳар йили 1 октябргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлайди;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган тадбирлар рўйхатини белгилайди;
зарур ҳолларда, Жамғарманинг тасдиқланган даромадлари ва харажатлари сметаларига ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
Жамғарма ишчи органи томонидан Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисида киритиладиган ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғармага халқаро молия институтлари ва бошқа донор-давлатлар грантлари жалб этилишига кўмаклашади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
8. Кенгаш томонидан тасдиқланадиган ва таркибига «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси мутахассислари ҳам кирадиган эксперт гуруҳи Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг аниқ йўналишлари бўйича материалларни қабул қилади, таҳлил қилади ва Кенгаш муҳокамасига киритади;
Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметасини ишлаб чиқади ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;
Жамғармага тушумларни кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланишга доир таклифлар киритади;
Жамғарма харажатлари асосий йўналишларининг ҳисобини юритади;
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ва Жамғарма маблағларини олган ташкилотлар томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни қабул қилади ва умумлаштириради;
ҳар чоракда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича хисоботлар тайёрлади ва Кенгашга тақдим этади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
11. Электротехника саноати ташкилотларига Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
12. Ташкилот (электротехника саноати ташкилоти) Жамғармадан маблағ олиш учун ««Ўзэлтехсаноат» уюшмасига қуйидаги ҳужжатларни қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этади:
маблағ ажратиш тўғрисида юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк бўлинмасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами кўрсатилган ариза;
Жамғармадан маблағлар ажратиш зарурлигини тегишли ҳужжатлар (маблағлардан фойдаланиш йўналишига қараб) билан асослаш;
ташкилотнинг охирги ҳисобот даври учун, жумладан барча иловалари билан биргаликда бухгалтерия ҳисоботининг нусхаси;
хизмат кўрсатувчи банкнинг барча ҳисобрақамлар бўйича маблағлар айланмаси, ташкилот банк ҳисобрақамининг ҳолати ва 2-сон картотека мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотлари.
Ушбу Низомнинг 4-банди «в» ва «г» кичик бандларида кўрсатилган мақсадлар учун маблағлар ажратиш тўғрисида ариза тақдим этилган тақдирда, қуйидаги ҳужжатлар қўшимча равишда тақдим этилади:
лойиҳани амалга ошириш учун Жамғармадан маблағлар олишга хўжалик бирлашмалари бошқарув органининг розилиги;
лойиҳасининг бизнес-режаси;
зарур бўлганда, қурилиш лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари;
пудрат ишларини бажариш учун шартномалар нусхалари.
Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Ариза берувчи ташкилотлар мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган тадбирлар амалга оширилганини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этиши шарт.
13. Жамғармадан маблағ ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор ташкилотнинг аризаси олинган кундан бошлаб ўн кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.
14. Ташкилотнинг Жамғармадан маблағ олиш учун тақдим этилган ва мазкур Низом талабларига мос келадиган ҳужжатлари эксперт гуруҳи томонидан Кенгашга кўриб чиқиш учун киритилади.
15. Кенгаш Жамғарма маблағларини олиш учун ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, агар буюртманома Жамғарма мақсад ва вазифаларига мос келмаса, маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш таваккалчилиги мавжуд бўлса ва лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги етарлича асосланмаган бўлса, маблағларни ажратиш ёхуд ажратишни рад этиш тўғрисида протокол қарорини қабул қилади.
16. Эксперт гуруҳи ташкилотни қабул қилинган қарор ҳақида Кенгаш томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир кун ичида хабардор қилади.
17. Кенгашнинг Жамғармадан маблағлар ажратиш тўғрисида қабул қилинган қарори асосида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва ташкилот ўртасида маблағлар ажратиш ҳақида 3 кун муддатда шартнома тузилади.
5-боб. Жамғарма маблағларининг ҳисоби, улардан фойдаланиш юзасидан ҳисобот ва назорат
18. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботи «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.
19. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда (чораклар, тушум манбалари ва маблағлардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) тузилади.
Бундан ташқари, Жамғармадан маблағлар олувчи ташкилотлар маблағларни олгандан кейин бир ой ичида Жамғарма Кенгашига тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, улардан фойдаланиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.
21. Жамғармадан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавобгарлик Жамғармадан маблағлар олувчи ҳисобланган раҳбарлар зиммасига юкланади.
22. Жамғарма ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
23. Жамғарманинг жорий йилда сарфланмаган маблағлари кейинги йилга ўтказилади ва қайтариб олинмайди.
24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Илмий-тадқиқот ишланмаларини молиялаштириш, инвестиция ва стартап-лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро стандартларни ўзлаштириш ва кўргазмалар ташкил этиш ва халқаро стандартларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга Жамғармадан маблағлар олиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиш.
Зарур бўлганда
II-босқич
Эксперт гуруҳи
Жамғармадан маблағлар олиш учун электротехника саноати томонидан тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиш, таҳлил этиш ва Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этиш.
Ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 10 кун ичида
III-босқич
Жамғарма Кенгаши
Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва молиялаштириш (қоплаш) ёки Жамғармадан маблағлар ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 10 кун ичида
IV-босқич
Эксперт гуруҳи
Электротехника саноати ташкилотларига қабул қилинган қарор тўғрисида хабарнома юбориш.
Кенгаш тегишли қарор қабул қилингандан сўнг 1 кун ичида