Ҳужжат 19.11.2026 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Таълим, фан, маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш, Ўзбекистоннинг маданий, маънавий ва тарихий меросини кенг халқаро жамоатчилик орасида фаол тарғиб қилиш, ЮНЕСКО билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни самарали амалга ошириш, шунингдек, ЮНЕСКО Уставига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссия раисига, заруратга кўра, котибият тузилмасига бошкарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳак тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуки берилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 92-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2 ва 3-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 92-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 ноябрь,
957-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига
1-ИЛОВА
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, таркибини ва ишини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ЮНЕСКО ва Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилотининг (АЙСЕСКО) ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
4. Комиссия тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган котибият фаолият юритади.
5. Қуйидагилар Комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
таълим;
илм-фан;
маданият;
оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар.
2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари
5. ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО фаолиятида жаҳон цивилизацияси ва маданияти марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва ролини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.
6. Комиссия ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
давлат дастурларида белгиланган Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва ролини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
ўзбек халқининг маданий ва тарихий меросини ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ҳимоя қилиш;
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини фан-таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда мамлакатнинг ҳудудий ва глобал ривожланиш бўйича позицияси ва ёндашувини илгари суриш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида ҳамда лойиҳаларида вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, мутахассисларнинг қатнашиши тўғрисида ЮНЕСКО котибиятига ҳамда минтақавий бўлинмаларига, АЙСЕСКО Бош дирекциясига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги билан биргаликда таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
таълим, фан, маданият, ахборот ва коммуникациялар соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ЮНЕСКО, АЙСЕСКОнинг минтақавий бюролари ва марказлари билан мунтазам консультациялар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда қатнашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО томонидан чақириладиган бош конференция ҳамда бошқа ҳукуматлараро кенгашларни ташкил этишга ва ўтказишга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотларининг иштирокини рағбатлантириш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО грантлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил этиш.
7. Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тегишли ҳудудлар (объектлар)да режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари лойиҳалари Комиссия билан келишилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Комиссиянинг ҳуқуқлари
(3-бобнинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
8. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид зарур материаллар ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чиқарилган ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО қоидаларига зид келган ҳолларда аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Комиссия ўзининг мажлисларида ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини эшитиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалалари бўйича муаммо ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини, шунингдек, бошқа мутахассисларни жалб қилиш.
9. Комиссия ўз ваколатлари доирасида фаолият йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.
4-боб. Комиссиянинг таркиби
10. Комиссия таркибига Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари, Бош котиби ва Комиссия аъзолари киради.
Комиссия таркибига вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, фан, маданият ва таълим арбоблари ҳам киритилиши мумкин.
Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари ва Комиссия аъзолари Комиссия фаолиятини амалга оширишда жамоатчилик асосида иштирок этадилар.
Комиссия Бош котиби Комиссия котибияти раҳбари ҳисобланади ва ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради.
11. Комиссия аъзолари унинг мажлисларида алмашув ҳуқуқисиз иштирок этадилар.
Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларини бажариш юклатилган шахслар киритилади.
5-боб. Комиссия ишини ташкил этиш
12. Комиссия мажлисларини Комиссия раиси олиб боради, Комиссия раиси қатнашмаган ҳолларда унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосарларидан бири олиб боради.
13. Комиссиянинг умумий мажлислари навбатдаги ва навбатдан ташқари бўлиши мумкин.
Навбатдаги умумий мажлислар ҳар йилда камида бир марта чақирилади. Бунда, қоида тариқасида, Комиссия раисининг ва Бош котибининг Комиссия ишчи гуруҳлари ва котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланади, Комиссия қарорларининг бажарилиши кўриб чиқилади, унинг истиқболдаги фаолияти муҳокама қилинади ҳамда котибият ва Комиссиянинг иш режалари тасдиқланади.
Навбатдан ташқари умумий мажлислари алоҳида ҳолларда Комиссия ваколатлари доирасига кирадиган, зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар юзасидан чақирилади.
14. Комиссиянинг умумий мажлислар ўртасидаги даврда барча ишларга Комиссия котибияти раҳбарлик қилади.
15. Умумий мажлисларнинг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Комиссия раиси ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосарларидан бири томонидан белгиланади.
16. Мажлислар Комиссия аъзоларининг умумий сонидан камида ярми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
17. Комиссия қарорлари мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
18. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Комиссия раиси ёки мажлисга раислик қилган унинг ўринбосари ва Комиссия Бош котиби имзолайди.
19. Комиссия мажлиси қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилади.
20. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Комиссиянинг ёпиқ мажлисларида Комиссиянинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу мажлисларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.
6-боб. Комиссиянинг котибияти
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Комиссиянинг бош котиби ва унинг ўринбосари мақоми ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 92-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
211. Қуйидагилар Комиссия котибиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро дастурлардаги иштирокини ҳамда миллий салоҳиятини тарғиб этишга кўмаклашиш;
Комиссиянинг фаолиятини ташкил этиш ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи лойиҳаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ЮНЕСКО уюшмалари, клублари ва олий таълим муассасаларидаги ЮНЕСКО кафедралари фаолиятини мувофиқлаштириш;
ЮНЕСКОнинг ҳукуматлараро дастурлари доирасида миллий қўмиталар ҳамда Биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғида Ўзбекистоннинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш;
ЮНЕСКОнинг Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш;
ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш.
(211-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Комиссия котибияти ўзига юкланган вазифаларни самарали бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро дастурлардаги иштирокини ҳамда миллий салоҳиятини тарғиб этишга кўмаклашиш соҳасида:
ЮНЕСКО котибияти ва АЙСЕСКО Бош котибияти, ЮНЕСКО ҳузуридаги консультатив мақомга эга бўлган комиссиялар ҳамда ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОга аъзо давлатларнинг миллий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОнинг даврий нашрларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ташкилотлари, муассасаларининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича асарлари ва бошқа материалларини чоп этишга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО ҳомийлигида ўтказиладиган халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда ташкилотларга ёрдам кўрсатиш;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси вакилларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ЮНЕСКО котибиятида ва унинг минтақавий бўлинмаларида, шунингдек, АЙСЕСКО Бош дирекциясида ишлаш учун экспертлар сифатида республика мутахассисларини танлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда таклифлар тайёрлаш;
б) Комиссиянинг фаолиятини ташкил этиш ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида:
Комиссия ва унинг ишчи органлари иш режалари тайёрланиши ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, Комиссия фаолиятига тааллуқли материалларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;
фан, маданият ва таълим бўйича дастурларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш учун Комиссияга киритиш;
Комиссия фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг илғор тажрибасини амалиётга татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
тегишли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан хизмат доирасида ёзишмалар олиб бориш;
Комиссия мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарур ҳужжатлар, материаллар ва таклифларни тайёрлаш;
амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлар нусхаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлигига мунтазам киритиб бориш;
Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларини асраш масалалари бўйича ЮНЕСКО мезонларига мувофиқ таклиф ва тавсиялар киритиш ҳамда бу борада тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;
Комиссия қарорларининг бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таъсир чораларини қўллаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ҳамда уларнинг буфер зоналарида жойлашган объектлар бўйича электрон маълумотлар базаси яратилиши ҳамда унинг юритилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объект ва ҳудудларда, шу жумладан, уларнинг буфер зоналарида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар давомида ўтказиладиган давлат назоратида иштирок этиш ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш;
ЮНЕСКО конвенцияларига оид масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан доимий мулоқот ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган ЮНЕСКО конвенцияларининг амалга оширилиши бўйича тегишли давлат органларини ҳамда масъул шахсларни белгилаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
ЮНЕСКО конвенциялари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилишига доир ҳисоботлар, маданий, табиий ҳамда номоддий маданий мерос номзодномалари бўйича тегишли ташкилотларга кўмаклашиш;
ЮНЕСКО конвенциялари доирасида ташкил этиладиган тадбирларда миллий иштирокни мувофиқлаштириш;
ЮНЕСКО конвенциялари доирасида қабул қилинадиган қарор ва тавсияларнинг миллий даражада бажарилишини назорат қилиш;
в) ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи лойиҳаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида:
ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи фаолиятининг ЮНЕСКО мақсадларига мувофиқлигини таъминлаш;
ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи доирасида минтақавий ва халқаро даражадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ЮНЕСКО уюшмалари, клублари ҳамда олий таълим муассасаларидаги ЮНЕСКО кафедралари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
ЮНЕСКО уюшмалари ва клублари тузилмалари фаолиятига кўмаклашиш ҳамда улар томонидан ЮНЕСКО қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
ЮНЕСКОнинг ғоя ва устувор йўналишларини тарғиб этишда ЮНЕСКО уюшмалари ва клубларининг миллий, минтақавий ва халқаро даражадаги ҳамкорлигини таъминлаш;
ЮНЕСКО кафедраларини ташкил этиш учун ҳужжатларнинг қабул қилиш мезонларига мувофиқлигини таъминлаш ва университетлар ўртасидаги ҳамкорлик дастурларида иштирок этишни қўллаб-қувватлаш;
мавжуд ЮНЕСКО кафедралари ўртасидаги ҳамкорликни, ахборот ва илғор тажрибалар алмашувини рағбатлантириш ҳамда кафедралар томонидан ташкил этиладиган тадбирларга ЮНЕСКО шафелигини беришда кўмаклашиш ва ахборот тарқатиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
кафедралар томонидан ҳисоботларнинг ЮНЕСКОга ўз муддатида тақдим этилишини таъминлаш;
ЮНЕСКО ғоя ва қадриятларини тарғиб этиш мақсадида фикр ва мулоҳаза алмашинувини таъминлаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда маслаҳат кўмагини кўрсатиш;
д) ЮНЕСКОнинг ҳукуматлараро дастурлари доирасида миллий қўмиталар ҳамда Биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғида Ўзбекистоннинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида:
ЮНЕСКОнинг ҳукуматлараро дастурлари бўйича Комиссияга ҳисобдор бўлган ЮНЕСКО тизимидаги миллий қўмиталар фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ҳамда экспертларни қўмиталар фаолиятига тегишли ҳукуматлараро дастурларда иштирок этиш учун жалб қилиш, рағбатлантириш ва ташкилий кўмаклашиш;
миллий қўмиталарнинг ЮНЕСКО томонидан талаб этилган ҳисоботларининг ўз муддатида тақдим этилишини таъминлаш;
миллий қўмиталар томонидан ЮНЕСКОнинг тегишли рўйхатларига киритиш учун номзоднома ҳужжатларини тайёрлаш ва тақдим этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
биосфера резерватларини ЮНЕСКО тармоғига киритиш бўйича номинация ҳужжатларини тайёрлаш ва даврий ҳисоботларни тақдим этишни ташкил этиш;
«Инсон ва биосфера» дастури доирасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимларни муҳофаза қилиш ва барқарор фойдаланиш бўйича илмий-тадқиқот ва мониторинг ишларини қўллаб-қувватлаш;
ЮНЕСКОнинг Биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғи доирасида ўтказиладиган халқаро форумлар, конференциялар ва тадбирларда Ўзбекистоннинг иштирокини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
е) ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш соҳасида:
ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғига янги шаҳарларнинг аъзо бўлиши учун ЮНЕСКОга номзодномалар тавсия этиш, тармоқ аъзоси бўлган шаҳарларнинг илғор тажриба алмашиш учун миллий ва халқаро даражадаги ҳамкорлигига кўмаклашиш;
Ижодкор шаҳарлар тармоғи мақсадларига мувофиқ келувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий аҳоли томонидан ўтказилаётган тадбирларни рағбатлантириш ва кўмаклашиш;
ж) ЮНЕСКОнинг Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш соҳасида:
янги шаҳарлар номзоднома ҳужжатларини ЮНЕСКОга тавсия этиш;
белгиланган тартибда ЮНЕСКОнинг халқаро тадбирларида иштирок этиш ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоғи доирасида бажарилган ишлар бўйича миллий ҳисоботни ЮНЕСКОга тақдим этиш;
з) ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғи фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини мувофиқлаштириш соҳасида:
геопарклар бўйича номзодлик ҳужжатларини тайёрлаш ва ЮНЕСКОга тақдим этиш ишларини ташкил этиш;
геологик меросни муҳофаза қилиш ва геотуризмни ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;
ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғи доирасида илмий-тадқиқот, таълим ва тарғибот ишларини қўллаб-қувватлаш;
ўтказиладиган халқаро форумлар, конференциялар ва тадбирларда Ўзбекистоннинг иштирокини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Комиссия Бош котиби ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 92-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон)
24. Комиссия котибияти ходимлари Комиссия Бош котиби томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадилар ва лавозимидан озод этиладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
241. Котибият ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ходимларни қисқартириш ҳисобидан қўлланиладиган устамалар, умумий иш стажи учун қўлланиладиган устамалар, Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан ташқари) татбиқ этилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Котибият бошқарув ходимларига нисбатан Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,8 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.
(241-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссия котибияти ходимларининг ҳар ойлик лавозим маошларига 40% миқдорида устама ҳақ (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) тўланади.
(241-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
Котибият ходимларининг эришган натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар ойлик лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) нисбатан 100 фоизгача устамалар белгиланади, уларнинг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, 50 фоизгача устамалар эса — ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан қопланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссия котибияти ходимлари ҳар ойлик лавозим маошига котибиятда хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача — 25 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача — 50 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача — 75 фоиз, 20 йилдан ортиқ — 100 фоиз ойлик устамалар қўлланади.
(241-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
242. Комиссия Бош котиби котибиятда фаолият кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш бўйича таклифларни, уларга давлат мукофотлари бериш юзасидан тақдимномаларни Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади.
(242-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
25. Комиссия котибияти давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти томонидан мувофиқлаштирилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
7-боб. Комиссия фаолиятини молиялаштириш
27. Комиссия фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси котибиятининг маблағлари;
Комиссия котибиятини таъминлашга ажратиладиган бюджет маблағлари;
ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишдан тушган маблағлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссиянинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.
(27-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
28. Комиссиянинг йиллик харажатлар сметаси Комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Комиссия пул маблағлари харажатлар сметасига мувофиқ Комиссия Бош котиби томонидан тасарруф этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг
ТУЗИЛМАСИ

Комиссия,

Раис

Комиссия аъзолари — 15 нафар, жамоатчилик асосида

Котибият,

Бош котиб

1

Бош котиб ўринбосари

1

Таълим ва илм-фан масалалари бўлими

3

Коммуникация ва ахборот масалалари бўлими

2

Юрисконсульт, кадрлар бўйича мутахассиси

1

Маданият масалалари бўлими

3

Халқаро маслаҳат қўмитаси координатори

1

Бош бухгалтер

1

Изоҳ. Комиссия раисига, заруратга кўра, Комиссия котибияти тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Бошқарув ходимларининг чекланган сони 13 штат бирлигидан иборат. Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони белгиланган нормаларга мувофиқ белгиланади.
(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига
3-ИЛОВА
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг
ТАРКИБИ

1.

Г.О. Умерова

—

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси, Миллий комиссия раиси

2.

Б.О. Саидов

—

ташқи ишлар вазири, Миллий комиссия раисининг ўринбосари

3.

О.Б. Йўлдошев

—

таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари, Миллий комиссия раисининг ўринбосари

4.

О.А. Назарбеков

—

маданият вазири

5.

А.И. Икрамов

—

спорт вазири

6.

Ш.Х. Шерматов

—

рақамли технологиялар вазири

7.

А.Я. Хайдаров

—

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

8.

Б.Г. Абдикаримов

—

Маданий мерос агентлиги директори

9.

Ш.А. Аюпов

—

Фанлар академияси президенти

10.

А.В. Нуридинов

—

Бадиий академия раиси

11.

А.К. Кўчимов

—

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

12.

А.А. Джурабаев

—

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

13.

О.Ю. Гаипов

—

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг Бош котиби

Изоҳ. Миллий комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларини бажариш юкланган шахслар киритилади.
(3-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотаётган айрим қарорлари рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» 1994 йил 29 декабрдаги 629-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) билан ҳамкорлик тўғрисида» 2017 йил 12 октябрдаги 821-сон қарорининг 3-банди ва унга илова.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 январдаги 26-ф-сон фармойиши.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.11.2018 й., 09/18/957/2228-сон, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон; 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон, 27.06.2020 й., 09/20/411/1000-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон; 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)