Ҳужжат 26.09.2018 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун зарур, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида ҳамда Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали кадрлар билан таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;
давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;
хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;
ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура ҳамда малака ошириш ва стажировка дастурлари бўйича таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларидаги истиқболли мутахассислар, шу жумладан педагоглар ва илмий кадрларни танлаб олиш ва таълим олишини ташкил этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқишини мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш;
мамлакатимиздаги ҳамда хорижий экспертларнинг, шу жумладан ватанадошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ;
Хорижда таълим олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш учун номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Белгилансинки:
Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Жамғарма директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;
Жамғарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги тегишли лавозимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шароитлари татбиқ этилади;
Жамғарма ходимларига улар ишининг ҳажми ва самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда директор қарорига асосан лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ойлик устама белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Жамғарма директорига:
Жамғарма тузилмасига, зарур ҳолларда, ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш;
Жамғармага юклатилган вазифаларни бажаришга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг малакали ишчи ва мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Жамғарманинг молиявий кўмагида хорижда магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган стипендиатлар зиммасига стипендиат билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида олий таълим муассасаси ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;
стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилганда, малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиши тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, олий таълим еки илмий муассасада, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда, Жамғарма томонидан стипендиатни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази хорижда таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этишда Жамғармага ҳар томонлама услубий ёрдам кўрсатсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Жамғарма орқали хорижий мамлакатларда таълим олган стипендиатларнинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини, шу жумладан фан доктори илмий даражасини, махсус синовларсиз нострификациядан ўтказишни (эквивалентлигини белгилашни) таъминласин.
10. Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
а) стипендиатларни хорижий таълим ва илмий муассасаларида ўқитишни, малакасини оширишни ва стажировкани ўташини ташкил этиш, хорижий мутахассисларни, шу жумладан ватандошларимизни республикада меҳнат фаолиятини амалга оширишга жалб этиш бўйича:
Кейинги таҳрирга қаранг.
2018 йилда — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасидан олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун кўзда тутилган ҳажмнинг 10 фоизигача миқдорида Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ажратиладиган маблағлар;
2019 йилдан бошлаб — кейинчалик тегишли йилдаги истеъмол нархларининг прогноз индексига тенг коэффициентни қўллаган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 45 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тегишли йилда Жамғармага ажратиладиган бюджет маблағлари умумий суммасининг 5 фоизи миқдорида республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) Жамғарманинг жорий таъминоти, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш бўйича:
2018 йилда — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланадиган миқдорда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар;
2019 йилдан бошлаб — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Республика олий таълим муассасалари рўйхати ва бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағлардан Жамғармага ажратмалар суммаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Жамғарма 2022 йил 1 январга қадар давлат мақсадли жамғармаларига солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Жамғармага тўртта енгил автотранспорт воситаси, шу жумладан учта шахсий ва битта навбатчи автомобиль сақлаш учун лимит ажратилсин.
13. «Ўзавтосаноат» АЖ ва Жамғарманинг Жамғармани «Ўзавтосаноат» АЖнинг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй (3-қават) манзилида жойлашган биносида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уй манзилида жойлашган Хорижда стипендиантларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармасининг бўшаётган бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига лойиҳа-тадқиқот ишларини амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, берилаётган бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни амалга ошириш учун Туризми ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармасининг маблағларидан фойдаланишга рухсат берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Жамғармага:
ватандошлар ва хорижий мутахассислар билан алоқаларни йўлга қўйишда;
стипендиатлар хорижий мамлакатларга виза олишида, консуллик ҳисобига қўйилишида, нотариал ва бошқа хизматлар кўрсатилишида, борган давлатида стипендиатларнинг ўқиши, малака ошириши ва стажировка ўташини мониторинг қилишда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
чет элдан ишга таклиф этилаётган хорижий мутахассисларнинг виза олишида;
хориждаги ватандошларнинг ташкилотлари, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари тўғрисидаги ахборотларни тўплашда, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда:
Жамғармани керакли алоқа, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан, унинг интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали кириш билан таъминласин;
ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш, шунингдек, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда видеоконференциялар, интернет-форумлар ва телекўприклар ўтказишда зарур техник ёрдам кўрсатсин.
16. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва «Дунё» ахборот агентлиги Жамғарма фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
17. Жамғарма икки ҳафта муддатда хориждаги ватандошлар билан ишлашни ташкил этиш ҳамда хорижий мутахассислар, шу жумладан ватандошларимизни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш тартибини ишлаб чиқсин ва Жамғарманинг Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5121-сон Фармони, унинг 3-банди олтинчи хатбошиси ва 5-иловасини истисно этган ҳолда, ўз кучини йўқотган деб топилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувохитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 25 сентябрь,
ПФ-5545-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг умумий сони — 38 нафар (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларни ҳисобга олмаганда).
Хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларнинг сони давлат бошқарув органларининг амалдаги нормативлари бўйича белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) мақсадлари, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарлик ва назорат қилиш, Жамғарма моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимлар малакасини оширишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
4. Жамғарма давлат ташкилоти шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ҳисобварақлари, банк ҳисобварақлари (шу жумладан, хорижий валютада), Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири ва давлат тилидаги ўз номи туширилган муҳр, штамп ва бошқа белгиларига эга.
Жамғарманинг почта манзили (жойлашган ўрни): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй.
5. Жамғарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси;
б) рус тилида:
Фонд «Эл-юрт умиди» по подготовке специалистов за рубежом и диалогу с соотечественниками при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
в) инглиз тилида:
«El-yurt umidi» Foundation for training specialists abroad and the dialogue with compatriots under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.
2-боб. Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари
6. Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;
давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;
хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;
ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура ҳамда малака ошириш ва стажировка дастурлари бўйича таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларидаги истиқболли мутахассислар, шу жумладан педагоглар ва илмий кадрларни танлаб олиш ва тайёрлашни ташкил этиш;
нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқишини мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш;
мамлакатимиздаги ҳамда хорижий экспертларнинг, шу жумладан ватанадошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.
3-боб. Жамғарманинг ҳуқуқлари
7. Жамғарма ўз вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан хорижда кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар ҳолати, хорижий мутахассисларга талаб ва уларни, шу жумладан ватандошларни жалб этиш, шунингдек, жалб этилган мутахассислар фаолиятининг самарадорлигига доир тегишли ахборотни сўраш;
хорижий мутахассислар, шу жумладан ватандошларни вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва республиканинг бошқа ташкилотларига жалб этиш;
хорижда таълим олган, малака оширган ва стажировка ўтаган маҳаллий мутахассисларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
республикага илғор хорижий ўқитувчилар, олим ва мутахассисларни олий таълим муассасалари ва педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш марказларининг таълим жараёнида иштирок этиш учун белгиланган тартибда таклиф этиш;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ҳудудида ўз номидан ва ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар ва бошқа ҳужжатларни тузиш ва имзолаш;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатларда турли кўргазмалар, танловлар, конференциялар, бошқа илмий ва таълим тадбирларини ташкил этиш;
Жамғарма фаолиятига вазирликлар, идоралар, таълим, илмий ва бошқа муассасалар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;
республика ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган халқаро таълим ва илмий ташкилотлар, турли нодавлат нотижорат ташкилотларининг белгиланган тартибда таъсисчиси ва ҳаммуассиси бўлиш;
шартнома асосида турли илмий ва таълим хизматларини кўрсатиш.
Фонд қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш
8. Жамғарма бошқарувининг олий органи Васийлик кенгаши ҳисобланади.
Жамғарма Васийлик кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Жамғарма Васийлик кенгашининг мажлислари раис ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.
Жамғарма Васийлик кенгашининг мажлислари заруриятга қараб, лекин бир йилда камида бир марта ўтказилади. Жамғарма Васийлик кенгашининг қарори баённома билан расмийлаштирилади.
9. Қуйидагилар Жамғарма Васийлик кенгашининг вазифалари ҳисобланади:
Жамғармага умумий раҳбарликни амалга ошириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш;
Жамғарманинг даромад ва харажатлари йиллик параметрлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни, шунингдек, Жамғармага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;
етакчи хорижий таълим ва илмий муассасаларда магистратура ва докторантура дастурлари, малака ошириш ва стажировка ўташ бўйича асосий йўналишлар ва йиллик мақсадли ўқув дастурларини (стипендиатларнинг сонини) тасдиқлаш;
хорижий, шу жумладан ватандошлар орасидан олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасига жалб этиш билан боғлиқ харажатларни тасдиқлаш;
хорижда Ўзбекистон тўғрисидаги ижобий ахборот муҳитини шакллантиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни тасдиқлаш, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантириш;
Жамғарма томонидан хорижий таълим ва илмий муассасаларда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш, стажировка ўташ учун номзодларни танлаб олиш бўйича ўтказиладиган танлов натижаларини тасдиқлаш;
хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олган маҳаллий мутахассисларни ишга жойлаштириш ва касбий ўсиши масалаларини мувофиқлаштириш;
хорижда таълим олган, малака оширган ва стажировка ўтаган педагоглар, илмий кадрлар ва мутахассисларнинг билимлари, қобилияти, малакавий имкониятларининг тўлақонли рўёбга чиқишини таъминлаш;
Жамғарма фаолиятига алоқадор бошқа масалаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш.
Жамғарма Васийлик кенгаши аъзолари Жамғармани бошқариш бўйича мажбуриятларини жамоатчилик асосида олиб борадилар.
10. Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор томонидан таъминланади.
11. Жамғарма директори:
Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва унга юклатилган вазифаларнинг бажарилишига доир чоралар кўради;
Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгиланган йўналишларга мувофиқ Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;
Жамғарма Васийлик кенгаши қарорларининг бажарилишини таъминлайди;
Жамғарма ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, шу жумладан хорижий давлатларда, халқаро ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди;
Жамғарманинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини Васийлик кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этади;
Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;
белгиланган тартибда Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича чоралар кўради;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
шартномалар тузади ва Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбур бўлган буйруқлар чиқаради.
5-боб. Жамғарманинг мулки, молиявий маблағлари, ҳисоб ва ҳисобот
12. Жамғарманинг мулки асосий воситалар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, айланма маблағлар ва маблағларни шакллантиришнинг барча манбалари ҳисобидан харид қилинган бошқа моддий қимматликлар, шунингдек, Жамғарманинг молиявий ресурсларидан иборат.
13. Жамғарма мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.
14. Қуйидагилар Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар;
хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молиявий институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Республика олий таълим муассасалари рўйхати ва бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағлардан Жамғармага ажратмалар суммаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
15. Жамғарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги тегишли лавозимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шароитлари татбиқ этилади.
16. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ унга тегишли барча мулк билан жавобгар бўлади.
17. Жамғарма белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, молиявий ва статистик ҳисоботни юритади.
6-боб. Якуний қоида
18. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Васийлик кенгашининг
ТАРКИБИ

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Васийлик кенгаши раиси

А.А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

У.С. Исмаилов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси

О.Б. Муродов

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

А.Х. Камилов

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

Б.С. Юлдашев

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти

М.Б. Нурмуратов

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси

И.У. Маджидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Д.Х. Набиев

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири

Ш.К. Кудбиев

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

Ш.Х. Шерматов

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

А.К. Шадманов

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

Ж.А. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири

Р.К. Давлетов

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

Ш.М. Содиқов

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Б.Т. Юсупов

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири

И.Ю. Абдурахмонов

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири

лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

М.Б. Азимов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

Б.Н. Умаров

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

А.А. Абдувалиев

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси

Б.А. Мусаев

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

С.Х. Бекенов

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Р.Д. Курбанов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси

У.М. Мустафаев

«Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси

Ш.Б. Умурзаков

«Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси

А.И. Максудов

«Ўзпахтасаноат» АЖ бошқаруви раиси

А.А. Абдуллаев

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси

И.У. Хайдаров

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси

Б.И. Хакимов

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори в.б.

К.С. Санакулов

«Навоий КМК» ДК бош директори

А.Х. Хурсанов

«Олмалиқ КМК» АЖ бош директори

Ф.Ф. Сагдуллаев

«Ўзбекистон темир йуллари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари

лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вакили

лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори

лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси директорининг ўринбосари, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Хорижда таълим олиш учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) томонидан хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодларни танлов асосида танлаб олишнинг регламенти, тартиби ва механизмларини белгилайди.
2. Магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга юбориш Жамғарма томонидан танлов асосида амалга оширилади.
3. Номзодларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш танлов асосида танлаб олишни ўтказиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда — комиссиялар) томонидан амалга оширилади, уларнинг шахсий таркиби ва иш тартиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан ҳар бир танлов учун алоҳида тасдиқланади.
4. Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга қабул қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳамда қабул ва танлаб олишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.
5. Танловларда қуйидаги шахслар иштирок этиши мумкин эмас:
магистратура дастурлари бўйича — 23 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлган, шунингдек, илгари ўхшаш мутахассислик бўйича хорижда магистратурада таҳсил олганлар;
докторантура дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал PhD ёки фан доктори илмий даражасини олганлар;
малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 50 ёшдан катта бўлган, шунингдек, Жамғарма дастурларидан бири асосида сўнгги уч йил мобайнида хорижда таълим олганлар;
хорижда таълим олиш учун танланган мутахассислик бўйича 2 йилдан кам меҳнат тажрибасига, шу жумладан педагогик стажга эга бўлганлар;
давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органларида фаолият юритаётганлар;
оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.
Фавқулодда ҳолатларда, вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсиясига асосланган ҳолда комиссиялар қарорига кўра магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олишга танлаб олишда тегишли вазирлик ва идораларнинг мос равишда 45 ва 50 ёшгача бўлган ходимлари иштирок этишига рухсат берилади.
6. Хорижда таълим олиш учун танлов давлат ва/ёки рус тилида ўтказилади.
Хорижий тил бўйича тест синовлари таълим олинадиган мамлакат тили ёки инглиз тилида ўтказилади (агар қабул қилаётган хорижий олий таълим ёки илмий муассасада ўқитиш инглиз тилида олиб борилса).
2-боб. Жамғарма стипендиялари
7. Жамғарма стипендиялари белгиланган тартибда Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган дастурларга мувофиқ ажратилади:
хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга — 2 ойгача муддатга;
хорижий илмий, таълим, ижод муассасалари, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташга — 6 ойгача муддатга;
етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда магистратура дастури асосида таълим олишга — 1-2 йил мобайнида, докторантура дастури бўйича — 1 — 4 йил мобайнида.
8. Жамғарма стипендиялари ушбу Низом талаблари асосида танловдан ўтган шахслар (стипендиатлар)га қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:
хорижий таълим ва илмий муассасаларда стипендиатларни ўқитиш қиймати тўлови;
стипендиатлар томонидан виза олиш (шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг республикадаги элчихонаси талабига кўра тиббий кўрикдан ўтиш харажатлари);
стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситалари билан таълим олиш жойига бўлган йўлкира харажатлари (иккала томонга, йилига бир мартагача);
хорижий мамлакатда таълим олиш даврида стипендиатларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари;
зарур ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш, шу жумладан дарсликлар харид қилиш, илмий мақолалар чиқариш, мақолалар ва илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш (таълим олиш дастури бошида бир марталик тўлов);
хорижда таълим олиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш;
Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра хорижда таълим олиш билан боғлиқ стипендиатларнинг бошқа харажатлари.
3-боб. Танловда қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби
9. Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ магистратура, докторантура, малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича ўтказилаётган танлов ҳақидаги эълон ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашига энг камида бир ой қолганда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет нашрлар ва Жамғарманинг веб-сайтига жойлаштирилади.
Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қуйидаги маълумотлардан иборат бўлади:
аризаларни қабул қилиш муддати ва жойи;
зарур ҳужжатлар рўйхати;
танлов қатнашчисига қўйиладиган талаблар (ёши, мутахассислик бўйича зарур иш тажрибаси, хорижий тилни билиш даражаси, илмий мақолалар мавжудлиги ва бошқалар);
танловни ўтказиш муддати ва жойи;
алоқа телефонлари ва электрон манзили.
10. Хорижда барча дастурлар бўйича таълим олишга номзодлар Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:
а) тегишли намунадаги маълумотнома-объективка (анкета);
б) таълим олиш шакли ва йўналиши кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги комиссия раиси номига ариза;
в) белгиланган намунадаги иккита фотосурат;
г) олий таълим муассасасини тугатганлигини, шунингдек, илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори.), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси;
д) меҳнат дафтарчаси нусхаси (меҳнат стажи бўлганда);
е) паспорт нусхаси;
ж) белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома;
з) чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.
е) судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
11. Хорижда малака ошириш, стажировка ўташга номзодлар 10-бандда кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидаги ҳужжатларни Жамғарма қабул Комиссиясига тақдим этадилар:
а) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда малака ошириши ва стажировка ўташи зарурлиги асосланган тавсиянома;
б) малака ошириш ёки стажировка дастури;
в) малака ошириш ёки стажировка ўташ дастурини амалга ошириш тўғрисида хорижий муассаса билан дастлабки келишув (агар мавжуд бўлса).
12. Хорижда магистратура дастури бўйича таълим олишга номзодлар 10-бандда санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:
а) дипломнинг иловаси нусхаси;
б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат («Letter of acceptance»), агар мавжуд бўлса;
в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хорижда эълон қилинган мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари (мавжуд бўлса);
г) хорижда таълим олиш мақсади ва таълим олиш тугагандан сўнг олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида эссе (ёзма иш).
13. Хорижда докторантура дастури бўйича таълим олишга номзодлар 10-бандда санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:
а) дипломнинг иловаси нусхаси;
б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат («Letter of acceptance»), агар мавжуд бўлса.
в) ушбу соҳани ривожлантириш ёки Ўзбекистонда натижаларни қўллаш учун номзод тадқиқотининг долзарблиги тўғрисида тегишли илмий ёки олий таълим муассасаси раҳбарининг тавсиявий хати;
г) номзоднинг Ўзбекистонда ва хориждаги илмий журналларда эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари;
д) режалаштирилаётган илмий тадқиқот мақсадлари, усуллари ва натижалари, уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари тўғрисидаги эссе (ёзма иш).
14. Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, тўплаш ва дастлабки кўриб чиқиш Жамғарманинг ходимлари томонидан амалга оширилади. Зарур ҳужжатлардан бирини номзод эълонда кўрсатилган муддатда тақдим қилмаса унинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди.
15. Эълонда кўрсатилган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддати тугагандан сўнг Жамғарма ходимлари ва жалб қилинган мутахассислар томонидан тайёрланган дастлабки таҳлил натижалари илова қилинган ҳолда ҳужжатлар Жамғарманинг тегишли Комиссиясига тақдим этилади.
Номзодлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар танлов тугагандан сўнг қайтарилмайди.
4-боб. Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун танловни ўтказиш
16. Номзодларни саралаш тўрт босқичда амалга оширилади:
1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги, танланган мутахассисликнинг мамлакат ривожланишидаги белгиланган устувор йўналишларга мослиги ва бошқа талаблар).
Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.
2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан хорижий).
3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устувор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат ва ёзма имтиҳон (эссе) ўтказилади (вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида, шу жумладан хорижий мутахассислар).
4-босқичда халқаро сертификатланган аттестация марказлари иштирокида хорижий ҳамкор талабларига мувофиқ олдинги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар орасида чет тили билим даражаларини ва/ёки чет тилидаги таҳлил имкониятларини баҳолаш бўйича тест (IELTS, TOEFL, TestDaf, GMAT, GRE ва бошқа) ўтказилади.
Ҳар бир босқичнинг натижалари тегишли комиссия йиғилиш баённомаси билан тасдиқланади.
17. Ўзбекистонда халқаро стандартлаштирилган тестлардан ўтиш харажатлари Жамғарма томонидан бир марта тўлаб берилади ёки номзодларга қоплаб берилади. Халқаро стандартлаштирилган тестларни такрорий топшириш ёки хорижий олий таълим ёки илмий муассаса томонидан таълим олиш мамлакатида топширилиши талаб қилинадиган кириш имтиҳонлари харажатлари Жамғарма томонидан қопланмайди.
Чет элнинг таълим ва илмий муассасалари талаблари даражасида билимини тасдиқловчи амалдаги халқаро сертификатга эга номзодлар тест синовларидан озод қилинади.
18. Тегишли комиссия танлов якунларини умумлаштиради ва уни тасдиқлаш учун Жамғарманинг Васийлик кенгашига тақдим қилади.
19. Жамғарма Васийлик кенгашининг Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун ўтказилган танлов натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.
Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларга белгиланган шаклдаги стипендиатлик сертификатлари топширилади.
20. Танлов якунлари тасдиқлангандан ва сертификатлар топширилгандан сўнг Жамғарма стипендиатларга хорижий олий таълим ёки илмий муассасасини танлаш ва ҳужжатлар топширишга маслаҳат ёрдамини кўрсатади.
21. Таълим олишнинг харажатлари, муддати ва шарт-шароитларидан келиб чиқиб, хорижий мамлакатни танлаш ва стипендиат томонидан танланган ундаги таълим ёки илмий муассасани тасдиқлаш ҳуқуқи Жамғарма ваколатида қолади.
Стипендиат таълим олиши учун танланадиган олий таълим ёки илмий муассаса, қоида тариқасида, тан олинган халқаро ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатига кирган бўлиши керак.
22. Хорижий олий таълим ёки илмий муассасага ҳужжатларни топшириш бўйича харажатлар («Application fee») Жамғарма томонидан уч мартагача номзодга тўлаб берилади.
Агар стипендиат юқорида кўрсатилган талабларга мувофиқ танланган мутахассислик бўйича магистратура дастури учун бир йил, докторантура дастури учун икки йил мобайнида бирорта хорижий таълим ёки илмий муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатни («Unconditional letter of acceptance») тақдим эта олмаса, унинг стипендияси бекор қилинади.
23. Ҳар бир танлов учун Жамғарманинг Васийлик кенгаши қарори билан танланган мамлакат ва мутахассисликка боғлиқ ҳолда магистратура ва докторантурада битта стипендиатни ўқитишга ажратиладиган барча харажатларнинг энг юқори суммаси белгиланиши мумкин.
5-боб. Хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодлар танловини ўтказиш
24. Номзодларни саралаш уч босқичда ўтказилади:
1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги ва бошқа талаблар).
Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.
2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан хорижий).
3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устивор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат (ва/ёки имтиҳон) ўтказилади (буюртмачи, олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида).
Ҳар бир босқич натижалари тегишли комиссиянинг йиғилиш баённомаси билан тасдиқланади.
25. Тегишли комиссия танлов якунларини умумлаштиради ва уни тасдиқлаш учун Жамғарманинг Васийлик кенгашига тақдим қилади.
26. Жамғарма Васийлик кенгашининг Хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ учун ўтказилган танлов натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.
Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларга белгиланган шаклдаги стипендиатлик сертификатлари топширилади.
27. Малака ошириш ва стажировка ўташнинг бутун муддати давомида стипендиатларнинг иш жойи сақланади.
6-боб. Жамғарманинг Апелляция комиссияси
28. Ушбу Низомга риоя қилиш, шунингдек, суҳбат ва тест синовларини ўтказиш натижалари ҳамда бевосита танловни ўтказилиши билан боғлиқ шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш учун Жамғарма Васийлик кенгашининг қарори билан Апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш регламенти Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.
29. Апелляция комиссиясига аризалар суҳбат ва тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун давомида топширилади.
30. Апелляция комиссияси қабул қилинган аризаларни ўн кун давомида кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши зарур.
31. Жамғарманинг тегишли комиссиялари, шунингдек, суҳбат ва тест синовини олиб боришда иштирок этувчи экспертлар ишда йўл қўйган камчиликлари, нохолислиги учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.
7-боб. Стипендиатларнинг мажбуриятлари
32. Танловнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган ва 6 ойдан ортиқ муддатга хорижга кетаётган номзодлар қуйидагилардан ўтиши керак:
а) Жамғарма томонидан белгиланган ихтисослашган тиббиёт марказида тиббий кўрикдан;
б) Жамғарма базасида қуйидаги йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари (шу жумладан онлайн режимида):
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар мақсади, вазифалари, моҳияти ва мазмуни;
Ўзбекистон тарихи;
Ўзбекистон маданияти, анъаналари ва туристик салоҳияти;
Халқаро этикет ва протокол.
Ушбу низомнинг 32-банди «а» қисмида кўрсатилган тиббий кўрикдан ўтиш бўйича харажатлар Жамғарма томонидан тўланади.
Узрли сабабларсиз ушбу низомнинг 32-банди «б» қисмида кўрсатилган ўқув курсидан ўтмаган номзодлар Жамғарма Васийлик кенгаши қарори билан стипендиатлар сафидан чиқарилиши мумкин.
33. Магистратура ёки докторантура дастури бўйича Хорижда таълим олган стипендиатга, олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида эгаллаган мутахассислиги бўйича 5 (беш) йилдан кам бўлмаган муддатда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Стипендиатни ўқитишга сарфланган барча харажатлар суммаси 75 минг АҚШ долларидан ошган ҳолда, олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти 7 (етти) йилгача этиб белгиланиши мумкин.
34. Хорижда малака ошириб ёки стажировка ўтаб келган стипендиатга олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида 3 (уч) йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
35. Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилганда, малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиши тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, олий таълим ёки илмий муассасада, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда, Жамғарма томонидан стипендиатни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.09.2018 й., 06/18/5545/1968-сон; 12.02.2021 й., 06/21/6168/0111-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон)