|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 10.05.2024
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида спортчи лавозимини жорий этиш ҳамда уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли «Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кўчини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрсида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида» 2017 йил 10 августдаги ПҚ-3196-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда юксак маҳоратли спортчилар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2018 йил 1 январдан бошлаб Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари (кейинги ўринларда спорт мактаблари деб аталади) штатлар жадвалига «спортчи» лавозими киритилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
«спортчи» лавозимига Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчилар қабул қилинади;
спорт мактабларида «спортчи» лавозими бўйича штат бирликлари сони спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда икки ой муддатда «спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб спорт мактабларида «спортчи» лавозими бўйича штат бирликларини сақлаш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутсин.
5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Ж. Қурбонов ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 сентябрь,
733-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 38-сон, 1042-модда)