Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ҳужжат 20.06.2001 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА МЕБЕЛЬ САНОАТИНИ МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА УНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика мебель саноатини монополиядан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш ва уни бошқаришни такомиллаштириш, мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш бозорида рақобатни ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шу асосда мебель саноати корхоналарининг замонавийлаштирилишини ва техника билан қайта жиҳозланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика мебель саноати корхоналари ва ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг:
«Ўзбекмебель» давлат-акциядорлик бирлашмасини тугатиш;
1-иловага* мувофиқ мебель саноати корхоналари ва ташкилотларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфига бериш;
илгари тугатилаётган «Ўзбекмебель» давлат-акциядорлик бирлашмаси таркибига кирган 2-иловага* мувофиқ корхоналар ва ташкилотлар акцияларининг давлатга тегишли назорат пакетларини «Файз» холдинг компаниясига ишончли бошқарувга бериш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
2. Қуйидагилар «Файз» холдинг компаниясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мебель маҳсулотларининг ички ва ташқи бозори маркетингини ўтказиш, замонавий, юқори сифатли, рақобатбардошли мебель ва ёғочсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, шу асосда республика аҳолиси ва ташкилотларининг маҳаллий мебелга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш;
компания корхоналарида ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш, замонавий юқори унумли техника ва технологияларни жорий этиш соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш, шу мақсадда инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, қўшма ишлаб чиқаришларни барпо этиш;
мебель ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шу жумладан республикада маҳаллий хом ашёдан ёғоч-қипиқли плиталар тайёрлаш бўйича ишлаб чиқаришларни барпо этишга хорижий инвесторларни жалб этиш ҳисобига маҳаллийлаштириш;
тармоқ экспорт салоҳиятини ошириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, чет мамлакатларда савдо уйлари тармоғини кенгайтириш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда фаол иштирок этиш;
компания ходимларининг касб маҳоратини ошириш, муҳандис-техник ва ишчи кадрларни, шу жумладан етакчи хорижий фирмалар ва компанияларда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
3. «Файз» холдинг компаниясининг ташкилий тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 25 нафардан иборат бўлган ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, «Файз» холдинг компанияси бошқарувининг раиси ва бошқарув раисининг ўринбосарлари белгиланган тартибда компаниянинг юқори бошқарув органлари томонидан сайланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Мақоми, маиший таъминот, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартларига кўра холдинг компаниянинг раиси вазирнинг биринчи ўринбосарига, компания раисининг ўринбосарлари вазир ўринбосарларига тенглаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Файз» холдинг компаниясига холдинг компания таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари акцияларининг давлатга тегишли улушлари бўйича олинадиган дивидендларни 5 йил мобайнида қайтариш асосида, махсус ҳисоб рақамларида жамғаришга ҳамда мазкур маблағларни ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш, техника билан қайта жиҳозлаш ва ривожлантиришга мақсадли йўналтирган ҳолда қолдиришга истисно тариқасида рухсат этилсин.
Қўшилган дивидендлар 2005 йилдан бошлаб, икки йил мобайнида тенг миқдорда ярим йиллик улушлар тарзида қайтарилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси «Файз» холдинг компанияси билан биргаликда 2001 йилнинг охирига қадар 2-иловага* мувофиқ корхоналар ва ташкилотлар бўйича акциялар пакетларининг таркибини ўзгартирсин ҳамда улардаги давлатга тегишли ва «Файз» холдинг компаниясига ишончли бошқарувга бериладиган акцияларнинг назорат пакетлари миқдорини аниқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. «Ал-Захира» таъминот-савдо ташкилоти республика мебель корхоналарини илгари тузилган шартномалар бўйича ёғоч хом ашёси ва бошқа ресурслар билан таъминлашга доир шартномаларни бажаришни 2001 йил мобайнида тугаллаши маълумот учун қабул қилинсин.
7. «Файз» холдинг компанияси 2002—2006 йилларда мебель саноати корхоналарини замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш, ўз маблағлари ва кредит ресурслари, шу жумладан хорижий инвестициялар ҳисобига маҳаллийлаштирувчи ишлаб чиқаришларни ривожлантириш дастурини, кейинчалик уни белгиланган тартибда республика инвестиция дастурларига киритган ҳолда, уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. «Ўзбекмебель» давлат-акциядорлик бирлашмасини тугатиш ва «Файз» холдинг компаниясини шакллантириш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш учун 5-иловага* мувофиқ таркибда ишчи комиссия ташкил этилсин.
* 5-илова берилмайди.
9. «Файз» холдинг компаниясининг тегишли хизматлари: Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 18в-уйдаги бино майдонларига жойлаштирилсин.
10. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги «Файз» холдинг компаниясини зарур телефон алоқа тизими билан таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекмебель» Ўзбекистон давлат-акциядорлик бирлашмасини ташкил этиш тўғрисида» 1993 йил 25 январдаги 47-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий саноатни бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 18 августдаги 405-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбоши ва қарорга 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З.Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 20 июнь,
258-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 20 июндаги 258-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Файз» холдинг компаниясининг ташкилий тузилмаси
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 20 июндаги 258-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Файз» холдинг компанияси ижро этувчи аппарати
тузилмаси
Жами — 25 киши.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 12-сон, 77-модда; 2003 й., 7-8-сон, 61-модда; 2004 й., 33-сон, 375-модда)