Ҳужжат 07.11.2002 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида» 2002 йил 30 майдаги ПФ-3080-сон Фармонини ва Вазирлар Маҳкамасининг «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 6 июндаги 200-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент ахборот технологиялари университети республиканинг алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича базавий олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Тошкент ахборот технологиялари университетининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ишларини ташкил этиш, таълим муассасалари фаолиятини ўқув-методик таъминлашга ҳамда республика таълим тизими учун ягона ахборот-коммуникация маконини яратишга кўмаклашиш;
олий ва олий таълимдан кейинги таълим дастурлари ва стандартларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда, ўқув адабиётларини тайёрлашда қатнашиш, алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида ўқув-методик қўлланмалар электрон кутубхонаси тизимини ривожлантириш;
хорижий мамлакатлар ўқув муассасалари ва илмий марказлари билан алоқа ва ахборот технологиялари, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, хизматлар ва технологияларнинг янги турларини жорий этиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш.
3. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2003/2004 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ахборот технологиялари университетида профессор-ўқитувчилар таркибининг амалдаги сони доирасида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари учун бакалавриат дастури бўйича педагоглар тайёрлаш учун махсус сиртқи бўлим очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. Тошкент ахборот технологиялари университетига юкланган асосий вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ректорати Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда 2002 йил охиригача Университетнинг янги тузилмасини ва штатлар рўйхатини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув-лаборатория биноларини қуриш ва реконструкция қилишни, уларни замонавий асбоб-ускуналар ва техника билан жиҳозлашни 2003 йилдан бошлаб республика инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритсинлар.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув-лаборатория ва спорт-соғломлаштириш биноларини қуришнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари 2002 йил охиригача тайёрланишини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Тошкент ахборот технологиялари университети моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2003 йилдан бошлаб давлат бюджети, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига зарур маблағ ажратишни назарда тутсинлар.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» 2001 йил 17 августдаги 344-сон қарорига илованинг 8-бандидаги «ва информатика» сўзлари «информатика, ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 7 ноябрь,
385-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 21-сон, 169-модда; 2003 й., 4-сон, 42-модда; 2017 й., 23-сон, 474-модда)