[
ОКОЗ:
1.
09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.12.00.00 Қурилиш / 09.12.12.00 Бошқа объектлар қурилиши;
2.
17.00.00.00 Одил судлов / 17.01.00.00 Судга оид умумий масалалар ва суд тузилиши. Суд ислоҳоти]
[
ТСЗ:
1.
Иқтисодиёт / Архитектура ва қурилиш;
2.
Одил судлов. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Адлия / Суд тузилиши]
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармойиши
«Одил судлов саройи» комплексини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Одил судловнинг очиқлик, шаффофлик ва оммабоплик принципларини амалга оширишни таъминлаш, ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатида суднинг нуфузини янада ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, судлар фаолиятида ахборот-коммуникция технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчиликнинг «Одил судлов саройи» комплексини (кейинги ўринларда — комплекс) қуриш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин ва унда қуйидагилар жойлаштирилсин:
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва Ўзбекистон судьялар ассоциацияси;
ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси бинолари.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда комплекс жойлаштириладиган манзилни аниқласин ва унинг қурилиши учун зарур бўлган ер участкасининг белгиланган тартибда тақдим этилишини таъминласин.
3. Комплексни қуриш бўйича:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи;
«Ташгипрогор АЖ» — бош лойиҳа ташкилоти;
«12-Трест МЧЖ» — бош пудратчи ташкилот этиб белгилансин.
4. Комплекс қурилишида:
марказлаштирилган капитал маблағлар — лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва комплексни жиҳозлаш;
тегишли фойдаланувчи ташкилотлар маблағлари — ташқи муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари қурилиши;
Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари — туташ ҳудудларни ободонлаштириш соҳаларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
Олдинги
таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг капитал маблағлари лимитини қайта тақсимлаш орқали, асосланган ҳисоб-китоблар асосида жорий йилда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларнинг белгиланган тартибда ажратилишини назарда тутсин;
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун капитал маблағларнинг тегишли лимитларини назарда тутсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПФ-5370-сонли
Фармони
таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.03.2018 й., 06/20/5370/0975-сон)
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмачи ва бош лойиҳа ташкилоти билан биргаликда оптимал техник ва архитектура ечимларини қўллаб, жойлашадиган ташкилотларни оқилона жойлаштириш, шу жумладан кутиш жойлари, очиқ суд мажлисларини кузатиш учун махсус зал, автотураргоҳлар, қамоққа олинган шахсларни хавфсиз сақлаб туриш учун хоналар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси тингловчилари яшаши учун меҳмонхонани назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан келишилган техник топшириқ асосида комплексни қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
7. Комплексни қуриш доирасида истисно тариқасида:
маҳаллий, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган қурилиш материаллари, ускуналар, мебель, инвентарь, компьютер ва сервер техникаси, техник воситалар, дастурий маҳсулотлар ва моддий-техник ресурсларни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаш асосида, тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан, импорт қилинадиган товарларни ортишдан олдин мажбурий назоратдан ўтказган ҳолда сотиб олишни амалга оширишга;
импорт қилиб олиб кириладиган қурилиш материаллари, ускуналар, мебель, инвентарь, компьютер ва сервер техникаси, техник воситалар, дастурий маҳсулотлар ва моддий-техник ресурсларни фойдаланилгунига қадар божхона режими остида бош пудратчи ташкилот омборхоналарида жойлаштиришга рухсат берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий суди билан биргаликда комплексда фуқароларнинг республика бўйича очиқ суд мажлисларида эркин қатнашиши ва реал вақт режимида кузатишини таъминлаш учун замонавий жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган махсус зал ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон Республикаси Олий суд билан биргаликда бир ой муддатда комплекс ҳудудида ўрнатиш учун буюк давлат арбоби Амир Темур ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилсин ва белгиланган тартибда ўтказсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра буюк давлат арбоби Амир Темур ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танловни ташкил этиш, шунингдек, уни комплекс ҳудудида ўрнатиш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағ ажратсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли тижорат банки билан биргаликда комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун импорт қилинадиган қурилиш материаллари, ускуналар, мебель, инвентарь, компьютер ва сервер техникаси, техник воситалар, дастурий маҳсулотлар ва моддий-техник ресурсларни сотиб олишга маблағларнинг конвертациясини белгиланган тартибда таъминлаши тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, бош пудратчи ташкилот ва унинг субпудрат ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича комплексни қуриш ва жиҳозлаш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари, ускуналар, мебель, инвентарь, компьютер ва сервер техникаси, техник воситалар, дастурий маҳсулотлар ва моддий-техник ресурслар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ва «Ўзметкомбинат» АЖ бош лойиҳа ташкилотининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра комплексни қуриш доирасида бош пудратчи ташкилотга цемент ва металл прокатини тартибга солинадиган нархлар бўйича ажратилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси комплекс лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси ва қурилиш-монтаж ишлари бажарилишининг сифати устидан тегишли давлат архитектура-қурилиш назорати ўтказилишини таъминласин.
15. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 июль,
Ф-4997-сон