Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети параметрлари қабул қилинсин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга, аҳолининг даромадлар даражаси ва турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда инфляция даражасини мақсадли прогноз кўрсаткичлар доирасида сақлашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттирсин;
мамлакатда қабул қилинган, иқтисодий ўсишнинг узоқ муддатли барқарор суръатларига ҳамда иқтисодиётнинг мувозанатли ривожланишига эришишни назарда тутадиган, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури амалга оширилишини таъминласин;
мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида инвестиция ва инновация жараёнларини рағбатлантириш орқали иқтисодиётда унинг етакчи тармоқлари ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштиришга йўналтирилган таркибий ўзгартиришлар ва иқтисодиётни диверсификация қилиш дастурларини бажаришни давом эттирсин;
аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатадиган давлат харажатларининг, шу жумладан таълимни ривожлантиришга, тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қилинадиган харажатларнинг устуворлигини ўрнатсин;
ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек мамлакатни модернизация қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишнинг энг муҳим омили сифатида хизмат кўрсатиш соҳасини ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш чораларини амалга оширишни давом эттирсин;
инвестиция муҳитини яхшилашга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ҳамда янги иш ўринлари яратишни рағбатлантиришга кўмаклашувчи иқтисодиёт зиммасига тушаётган солиқ юкини камайтириш ва солиқ маъмуриятчилиги тизимини янада соддалаштириш, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин;
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган давлат дастурини амалга оширишни давом эттирсин;
маҳаллий бюджетларнинг дотацияга боғлиқлигини камайтириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;
бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар мақсадли ва манзилли ишлатилиши устидан қаттиқ назорат қилиб борилишини таъминлаш, бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берувчи молиялаштиришнинг норматив усулларини жорий этишни кенгайтириш ҳисобига харажатларни мақбуллаштириш мақсадида Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини такомиллаштириш ишларини давом эттирсин;
Давлат бюджети тақчиллигини 2010 йил 1 январь ҳолатига кўра республика бюджетининг зарурий айланма касса нақд маблағлари ҳажмидан ортиқча эркин қолдиқлари ва бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ ва таъсирчан назорат ўрнатсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 4 декабрь,
693-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 12-сон, 478-модда)