Ҳужжат 26.08.2002 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЕР ОСТИ ЧУЧУК СУВЛАРИ ҲОСИЛ БЎЛАДИГАН ЗОНАЛАРГА РЕСПУБЛИКА АҲАМИЯТИГА ЭГА БЎЛГАН АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ТАБИИЙ ҲУДУДЛАР МАҚОМИНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1999 — 2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тўғрисида» 1999 йил 20 октябрдаги 469-сон ва «Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш тўғрисида» 2001 йил 4 октябрдаги 401-сон қарорини бажариш юзасидан, Самарқанд, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида ишлаб турган ва потенциал ичимлик сув манбаларини муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган қуйидаги зоналарга алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақоми берилсин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича 46467,2 гектар майдондаги «Ҳозирги Зарафшон дарёси водийси» зонаси (Юқори Зарафшон, Чўпонота, Қундуз, Қорадарё, Дамхўжа участкалари);
*1-илова рус тилидаги матнда берилган.
2-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича 25303 гектар майдондаги Ўш-Аравон зонаси (Мундуз, Пахтакор, Охчин участкалари);
*2-илова рус тилидаги матнда берилган.
3-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича 5685 гектар майдондаги Норин зонаси (Жийдакапа участкаси);
*3-илова рус тилидаги матнда берилган.
4-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича 17036 гектар майдондаги Китоб-Шаҳрисабз зонаси (Китоб, Яккабоғ участкалари).
*4-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2002 йил 1 декабргача муҳофаза этиладиган зоналар чегараларида жойлашган потенциал экологик хавфли объектларни аниқласин.
3. Самарқанд, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари давлат қўмитаси билан биргаликда, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда, 2003 йил 1 январгача аниқланган потенциал экологик хавфли объектларда ер ости чучук сувлари ифлосланиши ва саёзланишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар, зарурат бўлганда, уларни муҳофаза этиладиган зона чегарасидан ташқарига чиқарсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Самарқанд, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 1 — 4-иловаларда кўрсатилган юридик шахсларнинг мулкчилик шакллари, идоравий мансублиги ўзгарган, шунингдек улар қайта ташкил этилган тақдирда, қишлоқ хўжалиги, саноат корхоналари ва бошқа объектлар рўйхатига тегишли аниқликлар киритсин, шунингдек бир ой муддатда ер ости чучук сувлари ресурслари назорат қилиниши ва улардан оқилона фойдаланилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органларини бундан хабардор қилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар — Ўш-Аравон, Норин, Китоб-Шаҳрисабз ер ости чучук сувлари ҳосил бўлиш зоналари ва «Ҳозирги Зарафшон дарёси водийси» доирасида ер ости чучук сувлари ресурсларидан оқилона фойдаланилиши ва уларнинг ифлосланишдан муҳофаза қилиниши устидан доимий назоратни амалга оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Юсупов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 26 август,
302-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 15-16-сон, 124-модда; 2005 й., 14-сон, 103-модда)