|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, «электрон ҳукумат» тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг барча мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги ПФ-5349-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.02.2018 й., 06/18/5349/0792-сон)
3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмаларнинг, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва уларнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари (Chief Digital Officer) ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларнинг ўз вақтида ва тўла-тўкис амалга оширилиши, «электрон ҳукумат» хизматлари ва ахборот тизимлари жорий этилиши учун шахсан жавобгар бўладилар;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон)
иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматлари татбиқ этилиши даражаси, самарадорлиги ва сифатига баҳо бериш натижалари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари (Chief Digital Officer)нинг эгаллаб турган лавозимларига муносиб эканликларини кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон)
4. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги ПҚ-3549-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида» 2012 йил 16 октябрдаги ПФ-4475-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин, 4, 5 ва 8-бандлари бундан мустасно.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 4 февраль,
ПФ-4702-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 5-сон, 52-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.02.2018 й., 06/18/5349/0792-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.08.2022 й., 06/22/194/0766-сон; 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон)