|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИ ВА АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИКЛАРГА АКЦИЗ МАРКАЛАРИ ҚЎЛЛАНИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари олиб келиш ҳамда сотишни тартибга солиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:
1. 1997 йилнинг 1 июлидан бошлаб акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни:
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига (халқаро транзитдан ташқари);
«вақтинча олиб кириш» режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига;
жисмоний шахслар томонидан (қайтадан жўнатиш ҳам шу жумлага киради) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқлансин. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган нормалар доирасида акцизсиз олиб кириш бундан мустасно.
Белгилаб қўйилсинки, 1997 йилнинг 1 июлидан бошлаб импортёрлар томонидан акциз маркаларини республикадан ташқарига олиб чиқиб кетиш юк бўйича ўрнатилган тартибда тўлдирилган божхона декларацияси мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 25-моддаси биринчи қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасига, акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш чоғида, шунингдек Давлат солиқ қўмитасига — уларни сақлаш, сотиш ҳамда яширинча ишлаб чиқариш чоғида шундай маҳсулотлар ва ичимликларни мусодара этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 16 апрелдаги ПФ-1988-сонли Фармони таҳририда)
Кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари белгилаб қўйилсин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1861-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат даромадига ўтказиладиган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни ҳисобга олиш, баҳолаш ва сотиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 15 октябрдаги ПФ-3335-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 19-сон, 177-модда)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 5 февралдаги ПФ-3963-сонли Фармони билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 6-7-сон, 25-модда)
4. Давлат солиқ қўмитаси йигирма кун муддатда:
Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни мусодара қилиш ҳамда сотиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан бирга халқаро транзит тартибида Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали ташиб ўтиладиган акциз солиғига тортиладиган товарлардан олинадиган бож ҳақи ва акциз солиғини божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказиб, ушбу суммани товар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилгандан кейин қайтариб бериш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар киритилсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 12 июнь,
ПФ-1789-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 7-сон, 177-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 19-сон, 177-модда; 2008 й., 6-7-сон, 25-модда)