Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.09.1994
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗОЗИҚОВҚАТСАНОАТ» КОНЦЕРНИНИ ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК КОНЦЕРНИГА АЙЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 26 сентябрдаги ПФ-945-сон «Озиқ-овқат саноатининг «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концернини қайта ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Бозор муносабатларига ўтиш шароитида озиқ-овқат саноати корхоналарининг иқтисодий мустақиллигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришда уларнинг ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш, шунингдек республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги озиқ-овқат саноати «Ўзозиқовқатсаноат» концерни таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг концерни Ўзбекистон озиқ-овқат саноати «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концернига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концерни:
тармоқни ишлаб чиқариш жиҳатидан ва илмий-техникавий ривожлантириш соҳасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, корхоналар ҳамда таркибий бўлинмаларнинг молиявий, инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолияти, жумладан вазирликлар ва идоралар билан ўзаро муносабатлар, давлат эҳтиёжлари учун топшириқларни бажариш, марказлаштирилган тартибда ажратиладиган моддий-техника ресурслари ва капитал маблағларни тақсимлаш масалалари мувофиқлаштирилишини таъминлайди;
барча мулкчилик шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни, шунингдек тармоқни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа юридик шахсларни акциядорлик принциплари асосида бирлаштиради;
юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолиятини амалдаги қонунлар ҳамда концерннинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Устави асосида ташкил қилади;
ўзининг амалий ишида Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади, тармоқни ривожлантиришга оид истиқболдаги вазифалар масалалари хусусида эса ўз фаолиятини вазирлик билан мувофиқлаштиради.
3. «Ўзозиқовқатсаноат» давлат-акционерлик концерни фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат қилиб белгилансин:
тармоқни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқбол режаларини, аниқ мақсадга қаратилган илмий-техникавий дастурларини ишлаб чиқиш, сармоялар соҳасида ягона стратегияни амалга ошириш;
озиқ-овқат тармоғи иншоотлари кенгайтирилишини, қайта қурилиши ва техника билан қайта қуроллантирилишини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг меъёрий ва технологик тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш;
концернга кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг бозор муносабатларига ўтишида, уларни ижара, жамоа, акционерлик ҳамда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга айлантиришда ёрдам бериш;
озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг конъюнктурасини ўрганиш, фирма савдосини ривожлантириш, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш.
4. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси 20 кун муддат ичида Ўзбекистон озиқ-овқат саноати «Ўзозиқовқатсаноат»давлат-акционерлик концернини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига оид масалалар юзасидан қарор қабул қилиб, тузилмаси ва Уставини тасдиқласин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 майдаги 245-сон «Ўзбекистон озиқ-овқат саноати («Ўзозиқовқатсаноат») давлат-акционерлик концернини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари» қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 30 августдаги 435-сонли «Ўзбекистон озиқ-овқат саноати давлат-акционерлик концерни («Ўзозиқовқатсаноат»)нинг Уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 5 май,
ПФ-602-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 4-сон, 182-модда)