|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 04.06.2001
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИ («ЎЗАВТОТРАНС») ДАВЛАТ АКЦИОНЕРЛИК КОРПОРАЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 июндаги ПФ-2871-сон «Автомобиль транспорти соҳасида монополиядан чиқариш ва бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Бозор муносабатларига ўтиш шароитида республика автомобиль транспорти бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мустақиллигини кенгайтириш ва автотранспорт корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль транспорти вазирлиги тугатилсин.
Республиканинг умумий фойдалинишдаги автомобиль транспорти тизими бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотлари меҳнат жамоаларининг ихтиёрий асосда Ўзбекистон автомобиль транспорти («Ўзавтотранс») давлат акционерлик корпорациясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзавтотранс» корпорацияси:
юклар ва йўловчиларни автомобилларда ташишни таъминловчи давлат, акционерлик, жамоа, ижара ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотларни акционерлик принциплари асосида бирлаштирувчи юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъектдир;
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, корпорациялари Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг розилиги билан таъсисчилар йиғилиши тасдиқланган Низоми асосида амалга оширади;
бошқарув, ишлаб чиқариш —хўжалик, молиявий ва ижтимоий фаолият масалаларини вакил қилинган таъсисчиларининг ҳуқуқларини ҳисобга олиб ўз-ўзини бошқарув ва тўла хўжалик ҳисоби принциплари асосида мустақил ҳал этади;
корпорация таркибига кирувчи давлат корхоналари ва ташкилотларини бошқаради, уларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда иқтисодий мақсадга мувофиқликни ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ҳисобга олиб белгиланган тартибда иштирок этади.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон автомобиль транспорти давлат акционерлик корпорацияси фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
республика халқ хўжалигининг ва аҳолисининг юк ҳамда йўловчилар ташишга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ таъминлаш учун умумий фойдаланишдаги автомобиль транспортини бутун чоралар билан ривожлантириш;
барча мулкчилик шаклидаги умумий фойдаланишда бўлган автомобиль транспорти бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотларининг шаҳарларда, шаҳарлараро ва халқаро юк ҳамда йўловчилар ташишни амалга оширишда, республика аҳолисига, корхоналари ва ташкилотларига транспорт-экспедиция хизмати кўрсатишда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль транспорти тизимида замонавий автотранспорт техникасини ва юк ташиш техналогиясини жорий этишни, автомобиллар ва корхоналардан самарали фойдаланишни, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш даражасини оширишни таъминлайдиган ягона илмий-техникавий ва инвестиция сиёсатини ўтказиш;
корпорацияга кирувчи корхоналар ва ташкилотларга бозор муносабатларига ўтишда, уларни акционерлик, жамоа, ижара ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўтказишда кўмаклашиш, уларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш, малакали кадрлар тайёрлашда ёрдам бериш;
ташқи иқтисодий муносабатларнинг янги илғор шаклларини ривожлантириш, корпорация корхоналари ва ташкилотлари билан бошқа мамлакатлардаги шериклар ўртасида бевосита ишлаб чиқариш ҳамда илмий-техникавий алоқалар ўрнатишга фаол кўмаклашиш, улар билан бирга қўшма корхоналар ва халқаро бирлашмалар ташкил этиш.
4. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон автомобиль транспорти («Ўзавтотранс») давлат акционерлик корпорациясини ташкил этиш масалалари ва унинг фаолиятига доир қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 8 январь,
ПФ-538-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 2-сон, 85-модда)