|
Ҳужжат 07.07.2004 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, бизнес-муҳитни такомиллаштириш, республика тадбиркорларининг хорижий шериклар билан ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий товарлар ва хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, тайёр рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш учун янги корхоналарни ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни техник қайта жиҳозлаш ва замонавийлаштириш учун республикага чет эл сармоясини кенг жалб этиш мақсадида:
1. Тадбиркорлик тузилмалари, кичик бизнес субъектлари ва хусусий корхоналар вакиллари, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат мулки қўмитасининг Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасини қайта тузиш ва унинг асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
Республикада тадбиркорликнинг, энг аввало кичик ва хусусий бизнеснинг жадал ривожланишига, ҳақиқий мулкдорларнинг кенг қатлами шаклланишига, хусусий секторнинг мамлакатимиз иқтисодий ҳаётидаги роли ва аҳамиятини тубдан оширишга кўмаклашиш;
Республика тадбиркорларига хорижий шериклар ва сармоядорлар билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришда, мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган экспорт маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишда, шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этиш, энг аввало кичик ва хусусий корхоналарни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш учун республикага тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилишда ёрдам бериш;
Бошқа мамлакатлар савдо-саноат палаталари ва тадбиркорларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияларининг амалий ташрифларини ташкил этиш ва республикага хорижий тадбиркорларни таклиф қилиш, республикада ва чет элларда тадбиркорларнинг халқаро бизнес-анжуманлари, ишбилармонлар маҳсулотларининг савдо-саноат кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларига кенг турда хизмат кўрсатиш, жумладан, ахборот таъминоти ва маслаҳат ёрдами бериш, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва инвестиция имкониятлари, шунингдек, бўлажак шериклар ва замонавий технологияларни харид қилиш имкониятларига оид ахборотни ўз ичига олган бизнес-каталоглар нашр этилишини йўлга қўйиш;
тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бизнес юритишга оид халқаро меъёрлар ва амалиётни республикада жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш борасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларни яхшилашга йўналтирилган қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, рўйхатга олиш, маҳсулотини сертификатлаш ва лицензия бериш, шунингдек, ишларини судларда кўриб чиқиш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш;
тадбиркорлик фаолиятига оид таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, тадбиркорларни ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси:
мамлакатимиз тадбиркорлик фаолияти субъектларини, шу жумладан микрофирмалар, кичик ва хусусий корхоналар якка тартибдаги тадбиркорларни ихтиёрий равишда бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган ҳудудий тузилмалари билан биргаликда ягона тизимни ташкил этади;
зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариш учун зарур ҳолларда республика туманлари ва шаҳарларида филиаллар тузиш ҳуқуқига эга;
Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси томонидан имзоланган шартномалар ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига ҳар томонлама, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари мутахассисларини жалб этиш орқали Палатанинг зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда, бошқа мамлакатлар савдо-саноат палаталари, хорижий сармоядорлар ва шериклар билан амалий алоқалар ўрнатишда, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини сотиш учун чет эл бозорларини ўрганиш ва ўзлаштиришда ёрдам берсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда уч ой муддатда Палатанинг қатор хорижий мамлакатларда ваколатхоналарини очиш ва уларнинг раҳбарларига дипломатик ходим мақомини бериш мақсадга мувофиқлиги хусусидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
мамлакатимиз тадбиркорлари — Савдо-саноат палатаси аъзоларини минтақавий экспорт ва транзит товарлар (иш ва хизматлар) савдо оқимида фаол иштирок этишга жалб қилиш борасидаги ҳамкорлик ишларини ташкил этиш.
5. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тадбиркорлик субъектлари — Палата аъзоларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини камситувчи хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан судларга даъво аризаси билан мурожаат этиш ҳуқуқи берилсин. Бунда улар давлат божларини тўлашдан озод этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига «Ўзбекистон Республикасининг Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини ташкил этиш, Палатанинг таъсис съездини ўтказиш, Палата Уставини қабул қилишга оид ташкилий масалаларни ҳал қилишда кўмаклашсин;
бир ой ичида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси иштирокида Ҳукуматнинг Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни таъминлашга доир қарорини ишлаб чиқиб, қабул қилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 12 мартдаги «Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-1407-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгаришлар ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
9. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 7 июль,
ПФ-3453-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 313-модда, 2005 й., 23-24-сон, 165-модда, 37-38-сон, 282-модда; 2017 й., 33-сон, 833-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.03.2018 й., 06/18/5371/0852-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)