Ҳужжат кучини йўқотган " " 24.12.2002
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТИҚБОЛНИ БЕЛГИЛАШ ВА СТАТИСТИКА ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИ МАҚРОИҚТИСОДИЁТ ВА СТАТИСТИКА ВАЗИРЛИГИГА ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 27 декабрдаги ПФ-3183-сонли «Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигини қайта ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни бошқаришнинг бозор услубларини жорий этиш, республикани ривожлантиришнинг мақбул макроиқтисодий пропорцияларини ва барқарор суръатларини таъминлаш, статистиканинг халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқ самарали ишлашини ташкил қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига ўзгартирилсин.
2. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш юклансин:
иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг аниқ йўналишларини, йўллари ва услубларини белгилаш, республика иқтисодиётини бошқаришнинг бозор механизмларини таъминлаш;
макроиқтисодий ва моддий балансларни, миллий ҳисоблар тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тахминларини ва тахминий вариант ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш;
Молия вазирлиги билан бирга тўлов, молия ва ташқи савдо балансларини шакллантириш ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;
иқтисодиётнинг реал соҳасида энг мақбул суръатлар ва пропорцияларни таъминловчи инвестиция дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни амалга оширишни мувофиқлаштириш, минерал ва хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва жаҳон хўжалик алоқаларига интеграциялаш;
ҳисобга олишнинг замонавий индикатив, таҳлилий ва статистика усуллари ҳамда воситаларини ривожлантириш ва чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиёт, маданиятнинг ривожланишини, халқ турмуш даражаси ва фаровонлиги юксалишини назорат қилиш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари истиқболни белгилаш ва статистика бўйича ишлаб турган бўлинмалар негизида:
Қорақалпоғистон Республикасида ‎ — Иқтисодиёт ва статистика вазирлигини; ‎
республика вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ‎ — Иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаларини; ‎
республика шаҳарлари ва туманларида ‎ — Иқтисодиёт ва статистика бўлимларини
ташкил қилсинлар.
Мазкур органлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига қарашлидир.
4. Белгилаб қўйилсинки:
вилоятлар ва Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаларининг раҳбарлари, шунингдек уларнинг таркибига кирувчи статистика бошқармаларининг раҳбарлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан тайинланадилар;
Иқтисодиёт ва статистика бош бошқармасининг бошлиғи лавозимига кўра, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳисобланади.
5. Шу нарса белгилаб қўйилсинки, туман ва шаҳар иқтисодиёт ва статистика бўлимларининг раҳбарлари тегишли равишда туман ва шаҳар ҳокимларининг тақдимномаси бўйича вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва статистика бош бошқармалари томонидан тайинланадилар.
6. Иқтисодиёт ва статистика ҳудудий органлари зиммасига:
минтақаларда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ҳудудий балансларни, минтақаларни комплекс ривожлантиришни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларни тайёрлаш;
аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, истеъмол бозорини товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш асосида аҳоли турмуш даражасини оширишнинг йўналишлари ва аниқ йўлларини белгилаш;
халқаро нормалар ва андозаларга мос келадиган статистика ахборотини йиғиш ва ишлов бериш усулларини жорий этиш, минтақанинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида содир бўлаётган жараёнларни статистик ҳисобга олиш ва таҳлил этиш тўлиқ ҳамда тезкор бўлишини таъминлаш вазифаси юклансин.
7. «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида» 1992 йил 5 августдаги 449-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 15 май,
ПФ-1780-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 161-модда)