Ҳужжат 30.10.2012 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тушумини ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш даражасини оширишга, солиқ тушумларининг қўшимча манбаларини аниқлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек солиқ тўловчилар учун кўрсатилаётган интерактив хизматлар турини кенгайтириш ҳамда сифатини оширишга йўналтирилган давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари деб ҳисоблансин:
бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловларни таҳлил этиш ва прогноз қилиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
солиқ тўловчилар, солиққа тортиш объектлари, ҳисобланган ва тўланган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек улар бўйича имтиёзлар тўғрисидаги ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш;
солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилишини камерал назорат қилиш, шунингдек давлат солиқ хизмати идораларига юклатилган вазифаларнинг ижросини назорат қилиш учун ахборот таъминоти;
солиқ тўловчиларнинг солиқ ва молия ҳисоботлари ҳамда солиқ тўловчилар тўғрисидаги бошқа ахборотларни автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш;
солиқ маъмуриятчилиги жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа вазирликлар ҳамда идоралар ўртасида, жумладан алоқа каналлари орқали электрон ахборот алмашувини ташкил этиш;
солиқ тўловчиларга реал вақт режимида кенг кўламли интерактив хизматлар кўрсатишни ташкил этиш;
ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мавжуд маълумотларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки, солиқ идораларининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасини шакллантириш босқичма-босқич амалга оширилади:
биринчи босқич (2013 йил 1 январгача) — барча ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг ахборот базасини марказий маълумотлар базасига интеграциялаштириш;
иккинчи босқич (2015 йил 1 январгача) — солиқ тўловчилар мажбуриятларининг пайдо бўлиши (тўхтатилиши) бўйича вазирликлар ва идораларнинг маълумотлар базасини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар ягона ахборот базасига интеграциялаштириш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова берилмайди.
давлат солиқ хизмати идораларига солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида маълумот тақдим этадиган идора ва ташкилотларнинг рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
Мазкур қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган идора ва ташкилот раҳбарлари зиммасига солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган маълумот ва бошқа ахборотлар тўлақонли ҳисобга олинишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
бир ой муддатда мазкур қарор билан юкланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг янги Низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ахборот-таҳлил бош бошқармасини зарур моддий-техника базаси билан таъминласин ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;
штат жадвалига ўрнатилган тартибда тегишли ўзгартишлар киритсин.
5. 3-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
идоравий норматив ҳужжатлар ушбу қарорга мувофиқлаштирилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 30 октябрь,
ПҚ-1843-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган қарорлари
рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини киритиш тўғрисида» 2007 йил 28 июндаги ПҚ-661 -сонли қарорининг 2-банди ва унинг иловаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг тузилмасини янада мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 25 февралдаги ПП-1290-сонли қарорининг 2-банди ва унинг иловаси.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 45-сон, 511-модда; 2013 й., 4-сон, 44-модда, 20-сон, 250-модда; 36-сон, 477-модда; 2014 й., 29-сон, 356-модда, 30-сон, 366-модда; 2016 й., 46-сон, 529-модда; 2017 й., 2-сон, 25-модда, 8-сон, 108-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.11.2017 й., 07/17/3376/0211-сон, 31.07.2018 й., 06/18/5483/1594-сон; 11.01.2019 й., 06/19/5620/2501-сон, 11.01.2019 й., 06/19/5624/2471-сон, 09.11.2019 й., 06/19/5870/4010-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.04.2023 й., 06/23/62/0232-сон; 26.11.2025 й., 06/25/231/1091-сон)