Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида
Англашув Меморандуми
ТУРИЗМ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
2005 йил 3 октябрь, Путражайя
(2005 йил 3 октябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати (бундан кейин алоҳида «Томон» ва биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар),
туризмни тенглик ва ўзаро фойдали асосда ривожлантириш истагида,
икки мамлакат ўртасида туризмни ривожлантиришга ва бу соҳада ҳамкорликка йўналтирилган 1988 йил 5 декабрь куни Куала-Лумпурда имзоланган Англашув Меморандуми ва 1992 йил 20 июнь куни имзоланган маданий ва илмий ҳамкорлик тўғрисида Битимдан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик мақсадлари
Ҳамкорлик мақсадлари
Томонлар ушбу Англашув Меморандуми қоидалари ва ҳар икки мамлакат қонун ҳужжатларига ҳамда миллий сиёсатига амал қилиб, туризм соҳасида ҳамкорликни ўзаро манфаатдорлик ва тенглик асосида қуйидагилар орқали мустаҳкамлайдилар, жадаллаштирадилар ва ривожлантирадилар:
(а) икки мамлакатга жаҳоннинг бошқа мамлакатларидан Ўзбекистон Республикаси орқали ва/ёки Малайзия орқали туристик сафарларни кўпайтириш;
(б) икки мамлакатнинг турли туристик объектлари ва диққатга сазовор жойларига туристик сафарларни янада кенгроқ ёйишни рағбатлантириш;
(в) икки мамлакат фуқароларининг ўзаро ташрифларини рағбатлантириш;
(г) иккала мамлакатда туризм индустриясининг соғлом ривожланишини рағбатлантириш.
2-модда
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар ўз давлатларининг тегишли қонун ҳужжатлари доирасида туризм фаолиятини ривожлантириш ва унга ҳамжиҳатлик қилиш йўлида қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик.
Томонлар туризм соҳасига, айниқса қурилиш, жиҳозлаш ва меҳмонхона бошқарувига алоқадор ташкилот ва фирмалар ўртасидаги яқин ҳамкорликни рағбатлантирадилар. Томонлар ўз молиявий имкониятларини инобатга олган ҳолда шундай муносабатга тегишли ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
б) реклама материаллари.
Томонлар телевидение ва кино орқали ёритилиши мумкин бўлган туристик реклама маҳсулотлари, жумладан телевизион фильмлар ва аудио-видео материаллар билан алмашишга кўмаклашадилар.
в) маълумотлар билан алмашиш.
Томонлар туризм соҳасига оид маълумотлар билан бирга ўзаро мутахассислар алмашуви соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
г) туризм инвестициялари.
Томонлар туризм секторига инвестицияларни жалб қилишнинг қўшма ҳамкорлик имкониятларини ўрганадилар ва шу мақсадда тажриба алмашадилар, шунингдек, ўз миллий қонунчиликлари томонидан белгиланган инвестициялаш шартлари, жумладан иккала давлатда инвестициялар учун мавжуд бўлган имкониятлар бўйича бир-бирларини хабардор этиб турадилар. Томонлар иккала мамлакатнинг туризм соҳасидаги тегишли ва ваколатли ташкилотларига ҳамжиҳатлик қиладилар, қўшма корхоналар ташкил этадилар ёки бошқа сармоявий лойиҳаларни амалга оширадилар.
д) халқаро ҳамкорлик.
Томонлар халқаро туризм, жумладан халқаро туристик тадбирларда иштирок этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашиб турадилар.
е) таълим ва ўқитиш.
Томонлар ўз ваколатли идоралари ва тегишли ташкилотлари орқали туризм соҳасида кадрларни, айниқса туризм индустриясида банд бўлган ходимларни тайёрлашда ўзларининг техникавий ҳамкорликларини кенгайтирадилар.
3-модда
Меморандумни қўллаш
Меморандумни қўллаш
1. Томонлар маслаҳатлашувлар ўтказиш ва иккала мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ўзаро манфаатли ва фойдали масалалар бўйича ҳамкорликни енгиллаштириш учун ҳар бир Томоннинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда Қўшма комиссия (бундан буён «Комиссия» деб аталади) ташкил этадилар.
2. Комиссия юқорида кўрсатилган мақсадларни амалга ошириш йўллари ва воситаларини ишлаб чиқади, шунингдек ўз қарор ва/ёки тавсияларининг тўғри мувофиқлаштирилишини ва амалга оширилишини таъминлайди.
3. Комиссия таркиби ва процедуралари Томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади.
4. Комиссия ҳар бир Томоннинг хоҳишига биноан қуйидаги масалаларни ҳал қилиш мақсадида Малайзия ёки Ўзбекистон Республикасида навбат билан чақирилади:
а) ушбу Англашув Меморандумининг бажарилиши юзасидан вужудга келган масалаларни муҳокама қилиш;
б) Томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш йўллари ва воситаларини белгилаш;
в) Томонлар ўртасида янги ҳамкорлик соҳаларини ишлаб чиқиш.
5. Комиссия ҳар икки Томонга қулай ва ўзаро келишилган муддатда чақирилади.
6. Комиссиянинг қарорлари учрашув баёнотига киритилади ва ҳар икки Томон ушбу қарорларнинг бажарилиши учун зарур чораларни кўради.
4- модда
Молиявий масалалар
Молиявий масалалар
Ушбу Англашув Меморандуми доирасидаги ҳамкорлик фаолияти харажатларини қоплаш бўйича молиявий масалалар Томонларнинг молиявий имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳолат учун улар ўртасида алоҳида келишилади.
5- модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Ушбу Англашув Меморандуми қоидаларини қўллаш билан боғлиқ барча баҳслар ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш йўли билан учинчи томон ҳамда халқаро судга мурожаат қилмаган ҳолда ҳал этилади.
6-модда
Интеллектуал мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши
Интеллектуал мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши
1. Интеллектуал мулкка доир ҳуқуқларнинг ҳимояси Томонларнинг миллий қонун ҳужжатлари ҳамда Томонлар имзолаган халқаро битимларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Томонлардан бирининг номи, белгиси ёки расмий эмблемасидан нашрда, ҳужжатда ва/ёки бошқа қоғозларда фойдаланиш бошқа Томоннинг ёзма рухсатисиз тақиқланади.
7-модда
Бошқа келишувлар билан муносабат
Бошқа келишувлар билан муносабат
Ушбу Англашув Меморандуми ёки унинг доирасида имзоланган бошқа ҳужжатлар Томонлар иштирок этган бошқа битим ёки халқаро конвенциялардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди,
8-модда
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Хар бир Томон ёзма равишда дипломатик каналлар орқали ушбу Англашув Меморандумининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган ва ўзаро келишилган санадан кучга кирадиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни таклиф қилиши мумкин.
9-модда
Амал қилишни тўхтатиш
Амал қилишни тўхтатиш
Хар бир Томон миллий хавфсизликни ва миллий манфаатларни, жамоат тартиби ва соғлиғини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ушбу Англашув Меморандумига амал қилишини тўла равишда ёки қисман вақтинча муддатга тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эгадир, бундай тўхтатиш бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилинганидан сўнг дарҳол амал қила бошлайди.
10-модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Ушбу Англашув Меморандуми имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш (5) йил муддат давомида амал қилади. Бундан кейин, Томонлардан биронтаси ушбу Англашув Меморандумининг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг муддати тугашидан камида олти (6) ой илгари бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш (5) йиллик муддатга ўз-ўзидан узаяверади.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонни ушбу Англашув Меморандумининг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида, бу ниятини амалга ошириш муддатигача камида олти (6) ой илгари ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилиши билан ушбу Англашув Меморандуми амал қилишини тугатиши мумкин.
3. Ушбу Англашув Меморандумининг ўз кучини йўқотиши, Англашув Меморандуми кучини йўқотиш санасидан аввалроқ Томонлар келишуви асосида бошланган тадбир ва дастурларни амалга оширилишига таъсир қилмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйида имзо чекувчилар ушбу Англашув Меморандумини имзоладилар.
Путражайя шаҳрида 2005 йил 3 октябрда олти (6) нусхада, ҳар иккиси ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)