|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 19.05.2020
|
Ҳужжат 24.06.2003 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 февралдаги ЎРҚ-604-сонли «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунига асосан 2020 йил 19 майдан ўз кучини йўқотади.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Эркин иқтисодий зона тушунчаси
Эркин иқтисодий зона — минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган ҳудуддир.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сон қарорибилан тасдиқланган «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида низом» 2-бандининг иккинчи хатбошиси.
Эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар) хўжалик, молиявий ва бошқа фаолиятнинг исталган турлари билан шуғулланишига йўл қўйилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилган фаолият турлари бундан мустасно.
2-модда. Эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Эркин иқтисодий зоналар тузиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун, эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги Низомлар ва бошқа қонунлар билан белгиланади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Эркин иқтисодий зонани тузиш
Эркин иқтисодий зона Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига биноан Олий Мажлис қарори билан тузилади.
Эркин иқтисодий зонанинг мақоми ва чегаралари, шунингдек унинг қанча муддатга тузилиши ҳар бир иқтисодий зона бўйича Олий Мажлис тасдиқлайдиган Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) билан белгиланади.
Эркин иқтисодий зонанинг фаолият муддати белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Вазирлар Маҳкамаси киритадиган тақдимномага биноан Олий Мажлис қарори билан узайтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Эркин иқтисодий зона мақомини тугатиш
Эркин иқтисодий зонанинг мақоми:
Низомда белгиланган муддат тугаганда;
Низомда назарда тутилган вазифалар ва мақсадлар бажарилмаган тақдирда тугатилади.
Эркин иқтисодий зонанинг мақомини тугатиш тўғрисидаги қарор белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Вазирлар Маҳкамаси киритадиган тақдимномага биноан Олий Мажлис томонидан қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Эркин иқтисодий зоналарнинг турлари
Эркин иқтисодий зоналар:
эркин савдо зоналари;
эркин ишлаб чиқариш зоналари;
эркин илмий-техникавий ва бошқа зоналар тарзида тузилиши мумкин.
6-модда. Эркин савдо зоналари
Эркин савдо зоналари консигнация омборларини, эркин божхона зоналарини, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраш-жойлаш, саралаш, сақлаш зоналарини ўз ичига олади.
Эркин савдо зоналари чегарага туташ пунктларда, аэропортларда, темир йўл узелларида ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудининг бошқа жойларида тузилади.
7-модда. Эркин ишлаб чиқариш зоналари
Эркин ишлаб чиқариш зоналари — тадбиркорликни рағбатлантириш, иқтисодиётнинг устун тармоқларига чет эл инвестицияларини жалб этиш, истиқболли технологияларни жорий этиш мақсадида хўжалик-молиявий фаолиятнинг алоҳида тартиботи жорий этиладиган ҳудудлардир.
Эркин ишлаб чиқариш зоналари экспортга мўлжалланган ишлаб чиқариш зоналарини, агрополисларни, тадбиркорлик зоналарини ва бошқа эркин зоналарни ўз ичига олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-модда. Эркин илмий-техникавий зоналар
Эркин илмий-техникавий зоналар алоҳида ажратилган ҳудудлардан иборат бўлиб, у ерда илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув марказлари жамланади ҳамда улар учун илмий ва ишлаб чиқариш имкониятини ривожлантиришга қаратилган махсус ҳуқуқий тартибот ўрнатилади.
Эркин илмий-техникавий зоналар юксак технологиялар амал қиладиган зоналар, технопарклар, минтақавий инновация марказлари—технополислар шаклида ташкил этилади.
9-модда. Фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда манфаатларининг кафолатлари
Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият юритаётган фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.
Эркин иқтисодий зоналарда инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳамма кафолатлари ва имтиёзларига риоя этилиши таъминланади. Низомда қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар назарда тутилиши мумкин.
Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд мансабдор шахсларнинг юридик шахслар ҳамда фуқаролар (жисмоний шахслар) фаолиятига асоссиз аралашуви натижасида уларга етказилган зарар, шунингдек бой берилган фойда ва етказилган маънавий зиён суд тартибида қопланиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури
Эркин иқтисодий зона Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган дастурга мувофиқ ривожлантирилади.
Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури ишлаб чиқариш ва бозор инфраструктурасини яратишни, алоҳида ҳуқуқий тартиботни таъминлашни, юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар)нинг фаолиятини иқтисодий рағбатлантириш чораларини ўз ичига олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини молиявий таъминлаш зонанинг ўз ресурслари ҳамда хусусий ва бошқа манбалардан маблағлар жалб этиш, шу жумладан халқаро дастурлар ҳисобига, шунингдек мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан ва маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 декабрдаги 418-сонли қарори билан тасдиқланган «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури»га илова сифатида тасдиқланган «Эркин иқтисодий зоналарнинг ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфраструктурасини ривожлантириш чора-тадбирлари».
II. ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБОТИ
11-модда. Ҳуқуқий тартиботнинг ўзига хос жиҳатлари
Эркин иқтисодий зоналарда алоҳида божхона, валюта, солиқ тартиботи, шунингдек фуқаролар кириши, чиқиши ва бу ерда бўлишининг, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятининг алоҳида тартиботи ҳамда инвестицияларни жалб этишга, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга ва зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бошқача тартибот ўрнатилиши мумкин.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорига 3-илова сифатида тасдиқланга «Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низом».
Кейинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Алоҳида божхона тартиботи
Алоҳида божхона тартиботи:
товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун божхона божларини бекор қилиш ёки камайтиришни;
экспорт ёки импорт учун тарифдан ташқари чеклашларни бекор қилиш ёки енгиллаштиришни;
товарларни белгиланган тартибда албатта баённомага киритган ҳолда эркин иқтисодий зонанинг божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутиши мумкин.
Эркин иқтисодий зона ҳудудида алоҳида божхона тартиботини Ўзбекистон Республикасининг божхона хизмати таъминлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Алоҳида божхона тартиботи эркин иқтисодий зона ҳудуди орқали товарларни транзит олиб ўтишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорига 3-илова сифатида тасдиқланга «Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низом»нинг 3-боби.
13-модда. Алоҳида валюта тартиботи
Алоҳида валюта тартиботи миллий ва чет эл валюталарининг эркин муомалада бўлиши ҳамда айирбошланишини назарда тутади.
Алоҳида валюта тартиботининг амал қилиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
14-модда. Солиқ имтиёзлари
Эркин иқтисодий зоналар хўжалик фаолиятининг қатнашчилари (юридик ва жисмоний шахслар) Низомда ички ва ташқи инвесторлар учун тенг шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Меҳнат ресурслари
Эркин иқтисодий зонадаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаш учун энг аввало маҳаллий меҳнат ресурслари жалб этилади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларида яшовчи шахслар ва чет эл фуқаролари ҳам жалб этилиши мумкин. Эркин иқтисодий зоналарга ишчи кучини жалб этиш тегишли ҳудуднинг ишга жойлаштириш хизмати томонидан тартибга солиб турилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Эркин иқтисодий зоналарда меҳнат муносабатларини тартибга солиш
Эркин иқтисодий зоналарда меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари (келишувлари) ва якка тартибдаги меҳнат шартномалари (контрактлари) билан тартибга солинади.
Жамоа шартномалари ва якка тартибдаги меҳнат шартномалари мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг аҳволини қонун ҳужжатларида, шунингдек Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси ҳам қатнашчиси бўлган конвенцияларида назарда тутилган шартларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас.
17-модда. Эркин иқтисодий зонанинг бюджети
Эркин иқтисодий зона мустақил бюджетга эга бўлади.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сон қарорига 1-илова сифатида тасдиқланга «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида низом»нинг 11, 13-бандлари.
Эркин иқтисодий зонани шакллантириш босқичида кредитлар бериш ёки ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктура объектларини тўғридан-тўғри инвестициялаш тарзида республика бюджети ва маҳаллий бюджетдан маблағлар жалб этилиши мумкин.
Эркин иқтисодий зонанинг бюджети зона маъмуриятининг тасарруфидаги ер, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан, турли хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлардан ва Низомда белгиланган бошқа тушумлардан ташкил топади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Эркин иқтисодий зонага кириш, иқтисодий зонадан чиқиш ва унинг ҳудудида бўлиш тартиби
Эркин иқтисодий зонага чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, иқтисодий зонадан чиқиши ва шу ҳудудда бўлишининг Низомда белгилаб қўйиладиган соддалаштирилган тартиботи жорий этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Суғурта
Эркин иқтисодий зона қатнашчиларининг инвестициялари ва таваккалчилигини суғурта қилиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Суғурта ҳимояси Ўзбекистон Республикасининг тегишли суғурта органлари ва чет эл суғурта компаниялари томонидан таъминланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАНИ БОШҚАРИШ
20-модда. Эркин иқтисодий зонанинг бошқарув органлари
Эркин иқтисодий зонанинг фаолиятини зона Маъмурий кенгаши мувофиқлаштириб туради.
Эркин иқтисодий зонанинг оператив бошқарув органи зона Бош дирекцияси ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21-модда. Эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши
Эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши Вазирлар Маҳкамаси томонидан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, тармоқ бошқарув органлари, инвесторлар, шу жумладан чет эл инвесторлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан тузилади.
Эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгашига раис бошчилик қилади. Эркин иқтисодий зонанинг чегаралари республика маъмурий-ҳудудий бирлиги (шаҳар, туман, шаҳардаги туман) чегараларига тўғри келган тақдирда Маъмурий кенгаш раисининг вазифаларини ижро этиш тегишли ҳоким зиммасига юкланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Эркин иқтисодий зона Маъмурий кенгашининг ваколатлари
Эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши:
эркин иқтисодий зонанинг ҳуқуқий тартиботига риоя этилишини назорат қилиб боради;
зонани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;
инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча шартлар белгилайди;
зонанинг ҳар йилги бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Эркин иқтисодий зона Маъмурий кенгаши ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар эркин иқтисодий зона хўжалик фаолияти қатнашчилари ижро этиши учун мажбурийдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23-модда. Эркин иқтисодий зонада давлат мулки ҳуқуқининг ўзига хос жиҳатлари
Эркин иқтисодий зона чегаралари ичида жойлашган давлат мулки объектлари (ер, сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар, бинолар, иншоотлар) жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколат доирасидаги қарорига биноан оператив бошқарув ёки тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зона Маъмурий кенгашига топшириб қўйилиши мумкин.
Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари эркин иқтисодий зона Маъмурий кенгашига топшириб қўйилган ер, ер ости бойликлари, атроф муҳит ва бошқа объектлардан оқилона фойдаланилиши ҳамда уларнинг муҳофаза қилиниши устидан назоратни таъминлайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Эркин иқтисодий зона ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини хусусий мулк қилиб сотиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 19 ноябрдаги 425-XII-сонли «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни.
24-модда. Эркин иқтисодий зона Бош дирекцияси
Эркин иқтисодий зона Бош дирекцияси:
алоҳида ҳуқуқий тартиботнинг амал қилишини таъминлайди;
танлов асосида чет эл капиталининг жалб этилишини амалга оширади;
зонани ривожлантириш дастури рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
хўжалик, молиявий ва бошқа фаолият билан шуғулланаётган корхоналар ва ташкилотларни рўйхатга олади;
экологик вазиятнинг яхшиланиши устидан назоратни таъминлайди, шунингдек тарихий-маданий бойликларнинг сақланиши учун жавобгар бўлади;
Низомда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Зона Бош дирекцияси, Низомда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, корхоналар ва ташкилотларнинг оператив хўжалик, молиявий ва бошқа фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
Эркин иқтисодий зонанинг Бош дирекцияси зона Маъмурий кенгаши томонидан тузилади ва унга ана шу кенгашнинг ўзи тайинлайдиган бош директор бошчилик қилади.
Бош директорнинг ваколатлари Низомда белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Эркин иқтисодий зоналарда корхоналарни рўйхатга олиш
Эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият юритаётган юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар) Бош дирекцияда рўйхатдан ўтадилар.
Эркин иқтисодий зона тузилган пайтда унинг ҳудудида ишлаб турган юридик шахслар Бош дирекцияга рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома тақдим этадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бош дирекция рўйхатга олинган юридик шахсга рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома беради ва бу ҳақда маҳаллий ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига хабар қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(25-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)
Бош дирекция рўйхатга олинган жисмоний шахсга рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, Бош дирекция юридик ёки жисмоний шахснинг фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ва уларга берилган гувоҳномани бекор қилишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартиботни бузиш орқали олган даромад Низомга мувофиқ ундириб олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотларни қайта ташкил этиш ва тугатиш
Эркин иқтисодий зонада ишлаб турган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49-моддаси.
Корхона, муассаса ёки ташкилотлар қайта ташкил этилган ва тугатилган пайтда ишдан бўшатилаётган ходимнинг қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатлари сақланиб қолади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Низоларни кўриб чиқиш тартиби
Эркин иқтисодий зона қатнашчилари ва Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ўртасидаги низолар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, судларда кўриб чиқилиши лозим.
Эркин иқтисодий зона қатнашчилари ўртасидаги ёки зона қатнашчилари ва Бош дирекция ўртасидаги, шунингдек эркин иқтисодий зона қатнашчилари ва корхоналар, жамоат бирлашмалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича низолар судда кўриб чиқилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 25 апрель,
220-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 58-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 49-50-сон, 365-модда; 2006 й., 41-сон, 405-модда; 2009 й., 39-сон, 424-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)