Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
Ҳужжат 02.03.2001 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТЕМИР ЙЎЛ ТрАНСПОРТИНИ МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА АКЦИЯЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Темир йўл транспортининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, тармоқни монополиядан чиқариш ҳамда унинг корхоналари ва ташкилотларини акциялаштириш жараёнларини чуқурлаштириш асосида транспорт коммуникацияларини ривожлантиришни, ҳаракатдаги составни техника билан қайта жиҳозлашни таъминлаш, республика аҳолисига, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига темир йўл транспорти хизмати кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар темир йўл транспорти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳисоблансин:
мононолиядан чиқариш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш ва темир йўл транспорти хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантириш;
йўловчилар ташиш, ҳаракатдаги составни, рефрижератор ва контейнер хўжалигини таъмирлаш корхоналарини босқичма-босқич акциялаштириш;
ижтимоий инфратузилма, юк ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш объектларини, таъмирлаш-қурилиш, савдо ва таъминот ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, улар негизида мулкчиликнинг нодавлат шаклларидаги корхоналар шу жумладан хусусий корхоналар ташкил этиш;
бошқарув тизимига ва ташиш жараёни қатнашчилари ўртасидаги хўжалик алоқаларига бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш;
темир йўл комплексини реконструкция қилиш, янгилаш ва замонавийлаштиришга чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш;
мамлакат иқтисодиётининг самарали ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашда темир йўл транспортининг аҳамиятини кучайтириш, темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш.
2 Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 октябрдаги 401-сон қарори билан тузилган Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларини монополиядан ва давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда акциялаштириш масалалари бўйича махсус комиссиянинг:
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясини очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш;
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг юк ва йўловчилар ташиш бўйича ҳудудий дирекциялари ҳамда Оролбўйи бўлими негизида функционал таркибий бўлинмалар ва корхоналар ташкил этиш;
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш, йўловчилар ва юк ташиш вагонлари, рефрижератор ва контейнер хўжалигини таъмирлаш корхоналарини босқичма-босқич очиқ акциядорлик жамиятларига айлантириш;
юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш ва амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлмаган ижтимоий объектларни, ёрдамчи ва хизмат кўрсатиш корхоналарини давлат тасарруфидан ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси тизимидан чиқариш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
3 Белгилаб қўйилсинки, юк ва йўловчилар ташувчи, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи, шунингдек юк жўнатувчилар ва йўловчиларга транспорт-экспедиторлик ва сервис хизматлари кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотлар:
давлат тасарруфидан чиқарилади ва хусусийлаштирилади, шу жумладан хусусий мулк сифатида сотилади, шунингдек турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилиши мумкин;
кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва қийматини пасайтириш мақсадида ўз фаолиятини рақобат асосида амалга оширади.
4. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
темир йўл транспортининг барқарор ва самарали ишлашини, юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатиладиган транспорт хизматлари сифатини ошириш;
вокзалларда ва поездларда йўловчиларга сервис хизмати кўрсатиш, бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича мулкчиликнинг нодавлат шаклларидаги корхоналар, шу жумладан хусусий корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш;
темир йўлларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг тармоқларини янада ривожлантириш ва уларнинг поездлар ўтказиш қобилиятини ошириш, ягона техника сиёсати асосида илғор технологияларни, менежментнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш;
чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш ва темир йўл транспорти ҳамда халқаро юк ва йўловчилар ташиш соҳасида халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш.
5. Поездлар ҳаракати хавфсизлиги бўйича бош тафтишчи аппарати «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси таркибидан чиқарилсин ва унинг негизида мустақил Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси («Ўздавтемирйўлназорат») ташкил этилсин.
Белгилансинки, «Ўздавтемирйўлназорат» инспекцияси ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
темир йўллардан техник фойдаланиш, юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигига, шунингдек юк ва йўловчилар ташишда кўрсатиладиган хизматларга доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
юк ва йўловчиларни темир йўлларда хавфсизлигига қаратилган профилактика чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;
темир йўл транспорт соҳасидаги фаолиятини сертификатлаштириш, стандартлаштириш ва лицензиялашни ташкил этиш;
лойиҳаларни экспертиза қилишда ҳамда темир пул транспортининг янгидан қурилган ёки реконструкция қилинган объектларини фойдаланишга қабул қилиб олиш ишларида ушбу объектларда поездларнинг хавфсиз ҳаракат қилишини таъминлаш юзасидан қатнашиш;
темир йўлларда юк ва йўловчиларни хавфсиз ташиш бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компаниясини тузиш тўғрисида» 1994 йил 7 ноябрдаги ПФ-982-сон Фармонининг 2- ва 4-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан ўн кун муддатда қарор қабул қилсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 3 мартдаги 108-сонли ««Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 2 март,
ПФ-2815-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 2001 й., 3-cон, 54-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.03.2020 й., 06/20/5971/0348-сон)