|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 17.06.2009
|
Ҳужжат 28.08.2002 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЛИЗИНГ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ЯНАДА РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Лизинг тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда иқтисодиёт тармоқларини, хусусан кичик ва ўрта бизнесни замонавий технология ускуналари билан жиҳозлашда, шунингдек мамлакатимизнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан тайёрлаб чиқарилган асбоб-ускуна ва техникани сотишда лизинг фаолияти ролини ошириш мақсадида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. 2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:
лизинг тўловлари — қўшилган қиймат солиғидан:
лизингга бериш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган технология ускуналари — вакил банкнинг тегишли тасдиғи мавжуд бўлган тақдирда, божхона тўловидан ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:
лизинг оладиган хўжалик юритувчи субъектлар лизингга берилган мулкка солиқ тўлашдан лизинг шартномаси амал қиладиган муддатгача озод қилинадилар;
лизинг берувчини солиққа тортиш чоғида у лизингга бериш учун мулк харид қилишга олган кредитлар фоизи ҳамда белгиланган бошқа тўловларнинг суммаси унинг жами даромадидан чегириб ташланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан бирга амалдаги қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда агар лизинг олувчи лизинг шартномаси бўйича мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда лизинг берувчининг лизинг олувчидан лизинг объектини олиб қўйиш тартибига оид таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси бир ҳафта муддатда тегишли норматив ҳужжатларга мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни белгиланган тартибда киритсинлар.
5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
6. Ушбу Фармон матбуотда эълон қилинсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 28 август,
ПФ-3122-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 8-сон, 145-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 9-модда; 2007 й., 23-сон, 232-модда)