Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
КОРЕЯ МИЛЛИЙ НЕФТЬ КОМПАНИЯСИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФАРҒОНА МИНТАҚАСИ ҲУДУДИДАГИ НАМАНГАН-ТЕРГАЧИ ВА ЧУСТ-ПОП ИНВЕСТИЦИЯ БЛОКЛАРИДА ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ЎТКАЗИШ БИТИМИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Замонавий усуллар, технологиялар ва ускуналарни қўллаш орқали геология-қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш, Корея Миллий нефть корпорациясининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қидириб топилган углеводород хом ашёси захиралари ҳажмининг ўсишини таъминлаш мақсадида:
1. «Ўзбекнефтгаз» МХК билан Корея Миллий нефть корпорацияси ўртасида қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Фарғона минтақаси ҳудудидаги Наманган-Тергачи ва Чуст-Поп инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини ўтказиш тўғрисида битим имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
хорижий инвестор (Корея Миллий нефть корпорацияси)нинг Битим кучга кирган санадан бошлаб 5 йил мобайнида ўз ҳисобидан ва таваккалчиликни зиммасига олган ҳолда, Фарғона минтақаси ҳудудидаги Наманган-Тергачи ва Чуст-Поп инвестиция блокларида 60,95 млн АҚШ доллари миқдоридаги, шу жумладан биринчи уч йил мобайнида ишларнинг минимал дастурига кўра 21,2 млн АҚШ доллари миқдоридаги геология-қидирув ишларини ўтказиш ҳуқуқи;
хорижий инвестор томонидан Битим кучга кирган санадан бошлаб 3 йил мобайнида ишлар минимал дастурда назарда тутилган ҳажмларда бажарилмаганда — участкаларнинг ҳар бирига нисбатан минимал молиявий мажбуриятларнинг фойдаланилмаган қолдиғи хорижий инвестори томонидан «Ўзбекнефтгаз» МХКга тўлаб берилиши;
хорижий инвестор томонидан Битимга мувофиқ ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда ўзининг ихтисослаштирилган «KNOC «Fergana Ltd» компаниясига ўтказиш ҳуқуқи;
Битимга кўра ишларни ташкиллаштириш мақсадида бошқарув қўмитасини тузиш, шунингдек, ўз фаолиятини даромадсиз/зарарсиз асосда амалга оширадиган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «KNOC Fergana Operating. Соmраnу» операторини ташкил этиш;
хорижий инвесторнинг геология-қидирув ишларини ўтказишни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда молиялаштириши учун жавобгарлиги, шу жумладан оператор ҳаракатларига ўз ҳаракатлари каби жавобгарлиги;
хорижий инвестор ва операторнинг геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун жалб қилинган ишчилар сонидан келиб чиқиб, улар умумий сонининг 60 — 80 фоизидан кам бўлмаган қисмини республика фуқароларидан, уларга стажировкадан ўтиш ва малакасини ошириш имконини тақдим этган ҳолда ёллаш мажбурияти;
геология-қидирув ишларини бажариш давомида товарлар (ишлар ва хизматлар)ни етказиб беришда Ўзбекистон етказиб берувчиларининг (пудратчилари) бошқа тенг шарт-шароитларда устунлик ҳуқуқи;
Хорижий инвестор томонидан Битимга кўра барча қабул қилинган мажбуриятлар бажарилганидан кейин ҳамда саноат конлари очилган тақдирда — Битим қоидаларига мувофиқ маҳсулот тақсимоти тўғрисида белгиланган тартибда битим имзолаш мақсадида музокаралар олиб борилиши.
2. Белгилансинки, ушбу Битимни амалга ошириш доирасида:
оператор — «KNOC Fergana Operating Company» МЧЖга материалларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси корхоналари ва резидент-ташкилотлари материаллар, ишлар ва хизматларнинг тегишли ҳажмлари бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 апрелдаги «Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-2598-сон Фармонининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, операторга нисбатан, шунингдек, у томонидан углеводород конларини аниқлаш ва разведка қилиш ишларига жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади.
3. «Ўзбекнефтгаз» МХК Битимни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси номидан масъул ваколатли орган этиб белгилансин.
«Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси:
хорижий инвестор томонидан қабул қилинган, Битимда назарда тутилган мажбуриятларнинг ўз вақтида амалга оширилиши устидан қонунчиликда белгиланган тартибда тизимли назоратни таъминласин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда унинг бориши тўғрисида маълумот тақдим этсин;
Оператор билан биргаликда тижорат конлари топилган ҳолларда, Битим бўйича ишлар якунига етиши билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссиясига янги аниқланган конлар бўйича саноат захираларини тасдиқлаш учун углеводород захиралари ҳисоб-китоб қилинган ҳисоботни тақдим этиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси ихтисослаштирилган «KNOC Fergana Ltd» компаниясига Фарғона минтақаси ҳудудидаги Наманган-Тергачи ва Чуст-Поп инвестиция блокларини геологик ўрганишга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берсин.
5. Наманган вилоят ҳокимлиги оператор — «KNOC Fergana Operating Company»га ушбу Битимни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкасини белгиланган тартибда ажратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки операторга фақат ушбу Битимни амалга ошириш доирасида геология қидирув ишларини ўтказиш билан боғлиқ мақсадларда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида хорижий валютада банк ҳисоб рақамларини очишга қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат берсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги операторга Битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун зарур рухсатномалар белгиланган тартибда берилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги оператор, пудратчи ва ёрдамчи пудратчиларга ушбу Битимни амалга ошириш доирасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга белгиланган тартибда рухсат берсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий инвестор ва операторнинг «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан тасдиқланадиган талабномаларига кўра ушбу Битимни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш, шу жумладан кўп мартали визалар белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хорижий инвестор ва операторнинг «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан тасдиқланадиган талабномаларига кўра ушбу Битимни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кўп мартали визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши ва муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
Норасмий таржима. 10-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги ПФ-109-сонли Фармони таҳририда. Расмий матн учун рус тилига қаранг.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Р. Шоисматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 31 март,
ПҚ-1085-сон