Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 63 йиллиги муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:
1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 80 000 (саксон минг) сўм миқдорда бир марталик пул мукофоти белгилансин.
2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашув ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсин.
5. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 24 апрель,
ПФ-3991-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 4-сон, 220-модда)