Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.01.2013
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР ТОМОНИДАН ЎЗ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ОЛИБ КИРИЛАДИГАН МОЛ-МУЛККА НИСБАТАН БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ-1887-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўз эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналар, уларга бутловчи буюмлар, шунингдек хом ашё ва материаллар олиб кираётган хорижий инвесторлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Бож тарифи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33-моддаси биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошига ва «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикасига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкка божхона божи солинмаслиги;
хорижий инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз ишлаб чиқариш фаолиятини, қоидага кўра, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш йўли билан амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Хорижий инвесторлар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулк божхона божи солишдан озод этилиши бўйича имтиёзлар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга ҳам жорий этилганлиги назарда тутилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, хорижий инвесторлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулкни божхона божи солишдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2008 йил 1 январдан бошлаб устав сармоясида хорижий инвесторнинг улуши камида 33 фоиз бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга нисбатан амал қилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 6 декабрь,
249-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 48-49-сон, 486-модда; 2012 й., 52-сон, 587-модда)