|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.01.1998
|
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА БОШҚА ЎЗИЮРАР МАШИНА ВА МЕХАНИЗМЛАР ЭГАЛАРИДАН ОЛИНаДИГАН СОЛИҚ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 24 апрелдаги 397-I-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги Қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
1-модда. Солиқ тўловчилар
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва ҳаво тўлдирилган резина ғилдирак транспорт воситаларига ҳамда бошқа ўзиюрар машиналар ва механизмларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар (шу жумладан ажнабий шахслар) транспорт воситалари ҳамда бошқа ўзи юрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқни тўловчилар ҳисобланади.
2-модда. Солиқ тўлаш тартиби ва муддатлари
1. Транспорт воситалари ҳамда бошқа ўзи юрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқ ҳар йили тўланади. Солиқ транспорт воситалари рўйхатдан, қайта рўйхатдан ёки техник кўрикдан ўтказилгунга қадар тўланади.
Транспорт воситалари эгаларидан олинадиган солиқ тўловлари суммаси тўловчилар — корхоналар ва ташкилотлар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, бажарилган ишлар ҳамда хизматларга доир харажатлар таркибига киритилади.
2. Солиқни тўлаш муддатлари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва шаҳарлардаги туман ҳокимлари томонидан, лекин 1 июлдан кечиктирмасдан белгиланади.
3-модда. Солиқни ҳисобга ўтказиш ва ундан фойдаланиш тартиби
Транспорт воситалари ва бошқа ўзиюрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқ пули тегишли маҳаллий бюджетларга ўтказилади ва йўлларни таъмирлаш, қуриш ҳамда ободонлаштириш учун ишлатилади.
4-модда. Солиқ ставкалари
Транспорт воситалари ҳамда бошқа ўзиюрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқ миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
5-модда. Солиқ бўйича имтиёзлар
1. Транспорт воситалари ҳамда бошқа ўзиюрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқдан қуйидагилар озод этиладилар:
давлат бюджети ҳисобида турадиган муассаса ва ташкилотлар;
пахта териш, дон йиғиш комбайнлари ҳамда бошқа махсус комбайнлар эгалари;
шаҳарларда (таксидан ташқари) ва шаҳар атрофига қатнаб йўловчилар ташувчи умумфойдаланишдаги автотранспорт корхоналари;
Улуғ Ватан урушининг қатнашчилари, Ватанни ҳимоя қилиш бўйича бошқа жанговар операцияларда, ҳарбий қисмларда, штабларда ва ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи муассасаларда хизматини ўтаган ҳарбий хизматчилар, шунингдек собиқ партизанлар, байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш шахслар;
қўл билан бошқариладиган мотоколяскаси ва автомобили бор ногиронлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларида туристик фаолият билан шуғулланувчи янги ташкил этилган юридик шахслар, ташкил этилган пайтдан бошлаб дастлабки фойда олгунга қадар бўлган даврда, аммо давлат рўйхатидан ўтган пайтидан эътиборан узоғи билан уч йил муддатга.
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августдаги 118-I-сон Қонунига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 9-сон, 193-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ҳамда Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш фонди улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан беш йил давомида.
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 24 апрелдаги 231-I-сон Қонунига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 69-модда)
2. Солиқ:
а) йўлларни таъмирлаш ва қарамоғида сақлаш ишларида банд бўлган йўл хўжалиги корхоналари ҳамда ташкилотларининг транспорт воситалари ва механизмлари учун;
б) давлат дастурлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари учун кадрлар тайёрлашда фойдаланиладиган транспорт воситалари ва механизмлари учун ундирилмайди.
6-модда. Солиқ тўловчиларнинг жавобгарлиги
Транспорт воситалари хамда бошқа ўзиюрар машина ва механизмлар эгаларидан олинадиган солиқни ўз вақтида тўламаган солиқ тўловчилар муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (шу жумладан тўлов тўланган кунни қўшган ҳолда) қарз суммасининг 0,5 фоизи миқдоридаги пеня билан тўлайдилар.
Нотўғри солинган солиқни бутун ўтган давр учун қайта кўриб чиқилишига йўл қўйилади.
7-модда. Ушбу Қонунни қўлланишга доир йўриқнома
Ушбу Қонунни қўлланишга доир йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси томонидан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 9 декабрь,
744-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 9-сон, 193-модда; 1996 й., 5-6-сон, 69-модда)