1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.02.00 Вазирликлар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.02.00.00 Молия ва иқтисод соҳасидаги бошқарув;
3.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.01.00 Умумий қоидалар;
4.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.08.00.00 Ғазначилик]
[ТСЗ:
1.Молия / Бюджет. Бюджетдан ташқари жамғармалар]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат бюджетининг ғазна ижросини татбиқ этиш ҳисобига бюджет тизимини янада ислоҳ қилиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни кучайтириш, барча даражалардаги бюджет даромадлари ва харажатларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Молия вазирлиги Давлат бюджетининг ғазна ижросини татбиқ этиш ва услубиёти бошқармаси ҳамда маҳаллий молия органларининг ғазначилик бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигини ва унинг ҳудудий бўлинмаларини молия органлари бўйича белгиланган бошқарув ходимлари сони доирасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ғазначилик зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилсин:
Давлат бюджетининг касса ижроси, жумладан, тушадиган даромадларни турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг харажатлар сметалари ижроси ва Давлат бюджети ижроси тўғрисида ҳисобот тузиш;
Давлат бюджети маблағларини ягона ғазначилик ҳисоб рақами, шунингдек, тегишли бюджетлар даромадлари ва харажатлари ўртасидаги касса узилишларининг олдини олишни таъминлайдиган ҳудудий ғазначилик ҳисоб рақамларини жорий этиш орқали бошқариш;
бюджет ташкилотларининг товар (иш, хизмат)лар етказиб берувчилар билан шартномаларини, шунингдек, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қурилиш бўйича буюртмачиларнинг шартномалари харажатлар сметасида кўрсатилган суммалар ва мақсадларга қатъий мувофиқ равишда тузилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатиш асосида мазкур шартномаларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш орқали бюджет ташкилотларининг мақсадга номувофиқ, асоссиз харажатларининг олдини олиш;
бюджет ташкилотларини, шу жумладан мудофаа ва хавфсизлик тузилмаларини молиялашга йўналтириладиган бюджет маблағларидан фойдаланишни мақбуллаштириш устидан мониторингни амалга ошириш, бунда улар томонидан тузилаётган шартномаларнинг сифати таъминланишини, уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва нарх-наво ечимини назарда тутиш ҳамда воситачилик хизматларидан воз кечиш;
давлат харидлари бўйича ахборот базасини яратиш ва муттасил янгилаб бориш, давлат харидларини амалга оширишда нарх белгилаш жараёнини назорат қилиш;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сонли қарорига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 561-модда)
кичик бизнес субъектлари кенг иштирок этишини назарда тутадиган давлат харидларини амалга оширишда танлов ва тендер тартиботларини такомиллаштириш ва қўллашни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сонли қарорига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 561-модда)
харажатлар сметаси ва рўйхатга олинган шартномаларда назарда тутилган қатъий суммалар доирасида товар (иш, хизмат)лар етказиб берувчиларнинг бевосита ҳисоб рақамларига бюджет маблағлари олувчилар номидан ва уларнинг топшириғи бўйича тўловларни амалга ошириш орқали тўлов интизомига сўзсиз риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш;
Давлат бюджети ғазна ижросининг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, Давлат бюджети ижроси ҳақида ахборот йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат ички ва ташқи қарзларига хизмат кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси кафолатларини ижро этиш;
Ўзбекистон Республикасига келаётган барча турдаги, шу жумладан номоддий шаклдаги мурувват ёрдами ва техникавий кўмаклашиш воситаларининг тўлиқ ҳамда тизимли ҳисоб-китобини юритиш.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 10 февралдаги ПҚ-1055-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 7-сон, 68-модда)
Ғазначилик давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссиясининг ишчи органи функциясини амалга оширади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сонли қарорига асосан ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 561-модда)
Ўзбекистон Республикаси молия вазирига, зарур ҳолларда, ғазначиликнинг марказий аппарати ва унинг бўлинмалари тузилмасига ғазначилик ходимларининг чекланган умумий сони ва молия органлари бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
(3-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 29 декабрдаги ПҚ-1024-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 515-модда)
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилик бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан, Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тақдимномасига асосан лавозимга тайинланади ва озод этилади;
ўн кун муддатда — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ҳафта муддатда — молия органлари, шунингдек, бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизими фаолият юритиши шароитларида ишлашга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўқув марказини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин;
икки ҳафта муддатда — ғазначилик ва унинг ҳудудий бўлинмаларини зарур бинолар, компьютерлар, ташкилий техника ва бошқа анжомлар билан таъминлаш, шунингдек, уларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режасини ишлаб чиқсин;
икки ой муддатда — Давлат бюджети ғазна ижроси тизимининг жорий этилиши муносабати билан муайян вазирликлар, идоралар ва ташкилотларни молиявий таъминлаш хусусиятига қараб бюджет ташкилотларининг молия-иқтисод хизматлари ходимлари сонини мақбуллаштириш ва 25 фоизгача қисқартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг қарз маблағларини жалб этган ҳолда Давлат бюджетининг барча даромадларини ягона ғазна ҳисоб рақамига жамлаш ва ундан харажатлар тўловини амалга ошириш имконини берувчи Давлат бюджети ғазна ижросининг ягона интеграциялашган ахборот тизимини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини қабул қилсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, бюджет ташкилотларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек буюртмачиларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид шартномалари мажбурий тартибда Ғазначиликда рўйхатга олиниши шарт ва фақат у амалга оширилгандан кейин кучга киради;
ташкилотлар номидан ва уларнинг топшириғига кўра ғазначилик томонидан тўловларни амалга оширишда хизмат кўрсатувчи банкларга воситачилик ҳақларини ҳисоб-китобнинг аккредитив шаклидан фойдаланган ҳолда тўлаш уларнинг харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 29 декабрдаги ПҚ-1024-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 515-модда)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Молия вазирлигининг таклифлари бўйича бюджетдан маблағ олувчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишда 15 фоиздан ортиқ миқдорда олдиндан ҳақ тўлашни амалга ошириши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг турлари рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 52-сон, 513-модда)
7. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда белгиланган тартибда республиканинг барча шаҳар ва туманларини қамраб олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизимининг маълумотлар тармоғини ташкил этиш учун ер усти рақамли алоқа каналларини бериш чораларини кўрсин.
8. Бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметасини бажариш функциялари ғазначиликка берилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига бюджет маблағлари олувчиларга хизмат кўрсатиш билан банд бўлган банк ходимлари сонини мақбуллаштириш ва қисқартириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилиги Тошкент шаҳар, Х. Сулаймонова кўчаси, 29-уй манзилидаги бинога жойлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сон қарорига 3-ИЛОВА
Тошкент шаҳар Ғазначилик бошқармаси
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарма бошлиғи
Бошқарма бошлиғининг ўринбосари
Амалиёт бўлими
33 нафар
Юрисконсульт
1 нафар
Молиявий ресурсларни тартибга солиш ва йиғма таҳлил бўлими
4 нафар
Юридик мажбуриятларни рўйхатга олиш ва нархларни мониторинг қилиш гуруҳи
12 нафар
Умумий бўлим
(кадрлар бўйича мутахассис, иш юритувчи-инспектор, бухгалтер)
3 нафар
Ғазна операцияларини назорат қилиш гуруҳи
2 нафар
Молиявий мажбуриятлар ва тўловларни рўйхатга олиш гуруҳи
20 нафар
Бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи гуруҳи
3 нафар
* Умумий чекланган штат бирлиги — 48 нафар,
* шундан бошқарув ходимлари — 13 нафар.
* Изоҳ: Тошкент шаҳар Ғазначилик бошқармаси, шунингдек, Бектемир, Учтепа ва Сергели туманларидан ташқари туман маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчиларга ҳам хизмат кўрсатади.