Ҳужжат кучини йўқотган " " 27.02.1992
Ҳужжат 02.11.1991 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДА ИҚТИСОДИЁТНИ
БАРҚАРОРЛАШТИРИШ ВА ПУЛНИНГ КАДРСИЗЛАНИШИГА
ҚАРШИ СИЁСАТ БЎЙИЧА КЕНГАШ ТАШКИЛ ЭТИШ
ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 27 февралдаги 89-сон «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрдаги 279-сон қарорини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Иқтисодиётни барқарорлаштириш, республикадаги ишларнинг аҳволига баҳо бериш билан боғлиқ таклифларни тайёрлаш, хорижий компаниялар ва банклар билан битимларни самарали амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон Республикаси вице-Президенти ўртоқ Ш. Р. Мирсаидов раислигида иқтисодиётни барқарорлаштириш ва пулнинг қадрсизланишига қарши сиёсат бўйича Кенгаш тузилсин. Кенгаш таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* илова берилмайди.
2. «Экопром» давлат консорциумининг «Экопром» экспертлари гуруҳини амалий ёрдам бериш учун республикага юбориш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин ва улар Кенгаш таркибига киритилсин.
3. Эксперт гуруҳи раҳбари, «Экопром» бош директорининг ўринбосари ўртоқ Г. М. Попиашвили Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги иқтисодиётни барқарорлаштириш ва пулнинг қадрсизланишига қарши сиёсат бўйича Кенгашнинг ҳамраиси этиб тайинлансин ҳамда унга кредитлар ажратиш тўғрисида хорижий фирмалар ва банклар билан музокаралар олиб бориш ва мақсадлар ҳақидаги протоколларни имзолаш ваколати берилсин.
4. Кенгаш раиси ўртоқ Ш. Р. Мирсаидов:
республиканинг манфаатдор вазирликлари, идоралари, илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон халқ хўжалиги тармоқларини, биринчи навбатда чет эл капиталидан самарали фойдаланиш асосида енгил ва қайта ишлаш саноатини замонавийлаштириш ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқишни ташкил этсин ва уларни шу йил 15 ноябргача тақдим этсин;
«Экопром» давлат консорциуми билан ўзаро мажбуриятлар, битимларни ишлаб чиқиш, Дастурни амалга оширишда вазифаларни тақсимлаш бўйича шартнома тузсин.
5. Молия вазирлиги (ўртоқ Э. Ж . Боқибоев) Давлат суғуртасини ва бошқа манфаатдор ташкилотларни жалб қилган ҳолда «Экопром» экспертлари билан республикада лотерея ўтказиш шартларини муҳокама қилсин ва 10 кун муддат ичида таклифлар киритсин.
6. Тошкент шаҳар Кенгаши (ўртоқ А. И. Фозилбеков) «Экопром» эксперт гуруҳининг Тошкент шаҳрида ишлаши учун бино ажратсин ва зарур шароитлар яратсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 2 ноябрь,
279-сон