[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.09.00.00 Халқаро иқтисодий ҳамкорлик / 19.09.12.00 Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги халқаро ҳамкорлик. Ўсимликлар карантини. Ветеринария]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Халқаро шартномалар (битмлар)]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
2019 йил 1 август, Бишкек
(Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 1 августдан кучга кирган)
Узбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
ўсимликлар карантини соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ва Томонлар давлатлари ҳудудини карантиндаги зарарли организмлар кириб келиши ва тарқалишидан ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар кўришга бўлган ўзаро истакни инобатга олиб,
ўсимликлар карантини соҳасида халқаро нормалар ва қоидаларга, давлат карантин фитосанитария тадбирлари ва Томонлар давлатлари ўртасидаги савдога кўмаклашишни мувофиқлаштиришга таяниб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз қонунчилигига мувофиқ, ўз давлатларининг ҳудудига карантиндаги зарарли организмлар кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш учун ўз давлатларининг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Мазкур Битим қоидалари барча карантин ости маҳсулотлари, шу жумладан тупроқ, тупроқли ўсимликлар ва ҳар қандай бошқа организмлар, карантиндаги зарарли организмларга бошпана бўлиб хизмат қиладиган ёки уларнинг тарқалишига ёрдам берадиган объектлар ёки материаллар, шунингдек, совга сифатида ёки илмий мақсадлар учун келиб тушадиган ҳамда Томонлар давлатларининг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига мўлжалланган карантин ости маҳсулотга тадбиқ этилади.
2-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун қуйидаги атамалар қўлланилади:
карантиндаги зарарли организм — карантиндаги зарарли организмларнинг расмий Рўйхатларига киритилган ҳамда Томонлар давлатларнинг ҳудудида мавжуд бўлмаган ёки чекланган тарзда тарқалган ўсимликлар зараркунандалари, ўсимликлар касалликларини қўзгатувчилар ва бегона ўсимликлар;
карантин остидаги маҳсулот (карантин остидаги юклар, карантин остидаги материаллар, карантин остидаги товарлар) — карантиндаги объектларни ташувчилар бўлиши мумкин бўлган ва (ёки) уларнинг тарқалишига кўмаклашиши мумкин бўлган ва карантин фитосанитария чоралари кўрилишини талаб қиладиган, карантиндаги маҳсулотларнинг миллий рўйхатларга киритилган, карантин фитосанитария текширувидан (назоратидан) ўтказилиши лозим бўлган ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари, юклар, тупроқ, организмлар, материаллар, контейнер, қадоқлар.
3-модда
Мазкур Битимни амалга оширувчи ваколатли органлар:
Узбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Усимликлар карантини бўйича давлат инспекцияси;
Қирғизистон Республикаси Ҳукумати номидан — Қиргизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлигининг Усимликлар карантини департаменти ҳисобланади.
4-модда
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:
янги карантиндаги зарарли организмларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши, шунингдек, уларга қарши курашиш чоралари ва Томонлар давлатларининг ҳудудида уларнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар тўгрисида маълумот алмашиш;
карантин остидаги маҳсулотларнинг олиб кирилиши, олиб чиқилиши ва транзитини тартибга солувчи, шунингдек, уларга киритилган барча ўзгаришлар тўгрисида бир-бирларини хабардор қилувчи Томонларнинг давлатлари ҳудудидаги амалдаги расмий ҳужжатлар алмашинуви;
илмий тадқиқотлар ўтказиш, карантин фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бир-бирларига илмий, услубий ва техник ёрдам кўрсатиш;
ўсимликлар карантини соҳасида Томонлар мутахассислари ва экспертларининг малакаларини ошириш;
техник жиҳатдан ошкоралик, камситмаслик ва яширин чеклашларга йўл қўймаслик принципларига асосланган ва қурилган фитосанитария чораларини кўриш;
Томонларнинг карантиндаги зарарли организмлар расмий рўйхатларига киритилган барча ўзгаришлар тўғрисида маълумот алмашиш.
5-модда
Бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ташиладиган ёки бир Томон давлати ҳудуди орқали бошқа Томон давлати ҳудудига транзит тарзда олиб ўтиладиган карантин остидаги маҳсулотларнинг ҳар бир туркуми тегишли Томон ваколатли органи тақдим этадиган, импорт қилаётган давлат томонидан ўрнатилган карантин фитосанитария талабларига риоя қилган ҳолда бериладиган фитосанитария сертификати билан таъминланиши лозим, халқаро намунадаги махсус ёрлиқ белгиси мавжуд ёғочдан бўлган қадоқлаш ва маҳкамлаш материаллари бундан мустасно.
Фитосанитария сертификатининг мавжудлиги Томонлар ваколатли органларининг ўз давлатлари карантин фитосанитария талабларига мувофиқ карантин остидаги материалларни фитосанитария назоратидан ўтказиш ҳуқуқини чекламайди.
Томонлар мазкур Битим тузилган кундан бошлаб ўн кун ичида фитосанитария сертификати намунаси нусхаларини алмашадилар. Томонлардан бирининг фитосанитария сертификатига ўзгартиришлар ва/ёки қўшимчалар киритилган тақдирда, мазкур Томон улар тасдиқланганидан сўнг ўн кун ичида фитосанитария сертификатининг янгиланган намунасини бошқа Томонга жўнатади.
6-модда
Қонунчиликда белгиланган тартибда кучга кирган Томонлар аъзоси ҳисобланган халқаро шартномаларга асосланган ҳолда, Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ, бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ташиладиган карантин остидаги маҳсулотни ишлаб чикариш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жойларини қўшма текширувдан, шунингдек, карантин фитосанитария назорат тизимини текширувдан ўтказишлари мумкин.
7-модда
Томонларнинг ваколатли органлари карантин остидаги маҳсулотнинг экспорт қилинган туркумининг фитосанитар ҳолати учун у ўз давлати ҳудудидан олиб чиқилгунга қадар жавобгар ҳисобланадилар.
Бир Томон давлатининг ҳудудидан ёки ҳудуди орқали карантин остидаги маҳсулотнинг олиб кирилиши, олиб чиқилиши ёки транзити тегишли Томон давлати қонунчилигига мувофиқ белгиланадиган давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида амалга оширилади.
8-модда
Импорт килаётган Томоннинг ваколатли органи карантин фитосанитар назоратини ўтказганда, карантин остидаги маҳсулот туркумларида тирик карантин зарарли организмлари аниқланган тақдирда, бошқа Томон ваколатли органини қабул қилинган карантин фитосанитар чора-тадбирлари тўғрисида уларнинг сабабини кўрсатган ҳолда бевосита хабардор қилиб, унинг зарарсизлантирилишини амалга ошириш, бундай имконият бўлмаган ҳолларда, зарарланган туркумларни йўқ қилиш ёки экспорт қилувчига бир кун ичида қайтариш ҳуқуқига эга.
9-модда
Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилишда карантиндаги зарарли организмлардан ҳоли қадоқ ишлатилиши лозим.
Қадоқ ва қадоқлаш материаллари тупроқдан ҳоли бўлиши лозим. Пичан, похол, сомон, қипиқ, барглар ва бошқа ўсимликлар материалларини ўрам сифатида ишлатиш мумкин эмас.
Карантин остидаги маҳсулотни ташишда ишлатиладиган транспорт маҳсулотлари тўлиқ тозаланган бўлиши, зарур ҳолларда, зарарсизлантирилган бўлиши лозим.
10-модда
Томонлар давлати ҳудудидан ёки унинг ҳудуди орқали карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ёки транзит қилиш уларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
11-модда
Томонларнинг ваколатли органлари мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ амалий масалаларни ҳал қилиш учун, шунингдек, ўсимликлар карантини соҳасида ўзаро илмий ва амалий қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ишчи учрашувлар, семинарлар ва стажировкалар ўтказиш учун бир-бирлари билан бевосита ҳамкорлик қилишлари мумкин.
Ҳамкорликнинг аниқ тадбирлари ва уларни амалга ошириш муддатларини аниқлаш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари алоҳида Чора-тадбирлар дастурини тузишлари мумкин.
Томонларнинг ваколатли органлари йилда камида бир марта қўшма мажлислар ўтказадилар ёки делегациялар билан алмашадилар.
Мутахассисларнинг йўл ва бўлиб туришлари бўйича харажатларини юборувчи Томон қоплайди.
Мажлиснинг ўтказилиш жойи, вақти ва дастури Томонлар ваколатли органларининг келишувига кўра белгиланади.
12-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалардан келиб чиқадиган, шунингдек, уларнинг ўсимликлар ҳимояси ва карантини бўйича халқаро ташкилотларда аъзолигидан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги асосида унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва имзоланган санадан кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ барча низолар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
14-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш (5) йил давомида амал қилади. Башарти ҳеч қайси Томон мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Мазкур Битим Томонлардан бирининг унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини бошқа Томон дипломатик каналлар орқали олган санадан олти (6) ой ўтгач тугатилади.
Бишкек шаҳрида 2019 йил 1 августда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга таянадилар.
(имзолар)