[
ОКОЗ:
1.
16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.03.00.00 Давлат хавфсизлиги / 16.03.03.00 Фавқулодда ҳолат]
[
ТСЗ:
1.
Мудофаа ва миллий хавфсизлик / Фавқулодда вазиятлар. Оммавий тартибсизликлар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасининг фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 16 январдаги 17-сонли «Ижтимоий-иқтисодий муаммолари кўп бўлган ҳудудларнинг қиёфаси ва инфратузилмасини яхшилаш бўйича ишларнинг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги
қарорига
асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, шахсий таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг:
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси (кейинги ўринларда Махсус бошқарма деб аталади) муддатли ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини аутсорсинг шартларида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва бўлинмалари учун белгиланган тартибда ташкил этиш;
Махсус бошқармага юридик ва жисмоний шахсларга Махсус бошқарманинг мавжуд куч ва воситалари (шу жумладан, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати) билан хизмат кўрсатиш, шунингдек, пудрат ишларини (муҳандислик-қурилиш, транспорт ва фаолият йўналиши бўйича бошқа ишларни) тўлов асосида амалга ошириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Махсус бошқарма бўлинмаларини оғир иқлим шароитларида вақтинча жойлаштиришда барча тоифадаги ҳақиқий ҳарбий хизматчиларга (муддатли ҳарбий хизматчилардан ташқари) пул таъминотини, ишчи ва хизматчиларга иш ҳақини ҳисоблаш тегишли ҳудудий коэффицентларни қўллаган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Махсус бошқарманинг автомобиль, махсус ва муҳандислик техникалари, шунингдек, агрегатлари учун техник-эксплуатацион нормалар ҳамда фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда йўл босиш (моторесурс, мотосоат) лимитларини белгилаш ҳуқуқига эга;
Махсус бошқарма бошлиғи юқори кўрсаткичларга эришган, топширилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарган Махсус бошқарма ҳарбий хизматчиларини (муддатли ҳарбий хизматчилардан ташқари), шунингдек, ишчи ва хизматчиларини бюджетдан ажратилган маблағлар ҳамда жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар доирасида ҳар ойда лавозим маошининг уч баробаригача миқдорда рағбатлантириш ҳуқуқига эга.
4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 январь,
39-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2019 й., 09/19/39/2493-сон)