LexUZ шарҳи
Мазкур шартнома Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 29 декабрдаги 1010-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги Қарори билан ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш истагидан келиб чиқиб,
ўз муносабатларини ишонч асосида ва умуминсоний қадриятлар, озодлик, демократия ва адолат принципларига риоя қилиб қуришга қатъий ишониб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсадлари ва принципларига асосланиб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгашининг Хельсинки якунловчи Акти ва янги Европа учун Париж хартияси юзасидан қабул қилган мажбуриятларни тасдиқлаб,
ўзбек-француз ҳамкорлигининг янада ривожланиши Европа ва Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини англаган ҳолда,
Европа иттифоқини тузиш истиқболини ва унинг якдил ва тинч Европа қурилишида ҳиссасини инобатга олган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўз муносабатларини бир-бирларини суверен ва тенг давлатлар сифатида кўриб, уларни дўстлик, ўзаро ишонч ва барча соҳаларда яқин ҳамкорлик руҳида қурадилар.
Иккала томон, ушбу Шартнома қоидаларини амалга ошириш учун зарур ҳолларда бошқа битимлар тузиш ҳақида келишдилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси икки томонлама ҳамда кўп томонлама асосларда сиёсий ҳамкорликни амалга оширадилар.
Умуминсоний озодлик ва демократия қадриятларини тан олиб, асосий эркинликлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, хусусан, халқаро ваколатли ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қиладилар.
Халқаро хавфсизликни ўрнатиш, низоларнинг олдини олиш, давлатлараро муносабатларда халқаро ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш учун ҳаракат қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси икки томонлама муносабатлар бўйича фикрлар алмашиш учун, шунингдек, иккала томонни қизиқтирувчи халқаро муаммолар, хусусан, Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари юзасидан тегишли даражада мунтазам маслаҳатлар ўтказиб турадилар.
Томонлар бу масалаларда мумкин қадар ёндошишларини яқинлаштиришга ва агар лозим топсалар, биргаликда ёки мувофиқлаштирилган ҳаракат қиладилар.
Шу мақсадларда томонларнинг розилиги билан олий даражадаги учрашувлар ташкил қилинади, Ташқи ишлар вазирлари эса йилига камида бир мартадан учрашиб турадилар.
Иккала давлатнинг ҳукумати вакиллари ўзаро қизиқтирувчи масалаларни муҳокама қилиш учун заруратга қараб учрашиб турадилар.
Агар томонлардан бирининг фикрига кўра, тинчликка таҳдид солувчи, тинчликни бузувчи ёки хавфсизликнинг олий манфаатларига хавф етказувчи ҳолатлар пайдо бўлса, бир Томон бошқа Томонга ушбу масала юзасидан улар ўртасида зудлик билан маслаҳатлар ўтказишни талаб қилиб, мурожаат қилиши мумкин. Томонлар ушбу вазиятни ечишга зарур воситаларни аниқлаш юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқувчи чоралар кўрадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси улар аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасида, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида, лозим топсалар, ўз ёндашувларини мувофиқлаштириб туриш ва шу ташкилотда белгиланган ҳаракатларни самарали амалга ошириш мақсадида маслаҳатлашиб турадилар.
Франция Республикаси Ўзбекистон Республикаси ва Европа Ҳамжамиятлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни рағбатлантириш мажбуриятини олади.
Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама тузилган битимлар доирасида олган мажбуриятлари Европа Ҳамжамиятининг битимларини ва уларни амалга ошириш борасида қабул қилинган ҳужжатларини ҳурмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши доирасида ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар барқарорликни, хавфсизлик ва Европа қитъасида ҳуқуқий давлатни таъминлаш борасида ўз институтларини мустаҳкамлаш учун, хусусан, ҳуқуқий соҳада, биргаликда ҳаракат қиладилар.
Улар, хусусан, низоларнинг олдини олишга ёрдамлашувчи муҳим принципларни амалга оширишни рағбатлантирадилар.
Франция Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси умумий хавфсизлик ва ягона ташқи сиёсатни амалга оширишни кўзда тутувчи, Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берувчи ва қитъада ҳамда бутун дунёда барқарорлик ишига ҳисса қўшувчи Европа иттифоқи тузилишининг муҳимлигини таъкидлашади.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси қуролсизланиш бўйича битимларнинг Европада ва бутун дунёда барқарорликни таъминлашда катта ҳиссасини таъкидлаб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши доирасида қуролсизланиш жараёнини, ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва низоларнинг олдини олишни хавфсизлик бўйича анжуманлар доирасида қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар оммавий қириш қуролларини тарқатишнинг олдини олиш юзасидан ўз чораларига алоҳида аҳамият бериб, шу мақсадларда халқаро инстанцияларда келишилган ҳолда йўл тутадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ҳарбий соҳада алоқаларни ривожлантирадилар ва чуқурлаштирадилар. Шу мақсадда Томонлар мунтазам равишда ўз ҳарбий концепциялари бўйича фикр алмашиб турадилар.
Улар Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари, шунингдек иккала давлатнинг қуролли кучлари бош штаблари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантирадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси қишлоқ хўжалик, энергетика, минерал ресурслар, саноат, транспорт ва телекоммуникация соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга биринчи даражада аҳамият берадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ижтимоий, иқтисодий соҳада кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Ҳар қайси Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг корхонаси фаолиятининг шароитини яхшилаш учун, хусусан, тўғри сармоялар ва қўйилган маблағларни ҳимоялаш соҳасида ҳаракат қиладилар.
Томонлар иқтисодий ахборотни кенг алмашишни рағбатлантирадилар ва иккала давлатнинг ишбилармон кишилари ва фан вакиллари учун ушбу ахборотга йўл очилишини таъминлайдилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси халқаро иқтисодий ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида ўзаро манфаатларини ҳимоя қилган ва бошқа давлатлар билан келишилган ҳолда ҳамкорлик қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси икки давлат парламентлари ўртасида ҳамкорликка кенг йўл очиб берадилар.
Томонлар иккала давлатнинг шаҳарлар ва минтақалари ўртасидаги тўғри алоқаларни, хусусан, ушбу Шартноманинг қоидаларига мувофиқ ҳолда шаҳарларнинг биродарлашувини ҳам рағбатлантирадилар.
Томонлар икки мамлакатнинг сиёсий, жамоат, касаба ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни осонлаштирадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси таълим, маданият, фан, техника ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
Маданий, илмий-техникавий ҳамкорликнинг принциплари Томонлар ўртасидаги алоҳида Битимда ифодаланади.
Ҳар бир Томон ўз халқларини бошқа Томоннинг илмий-техникавий, маданий ютуқлари билан таништиришга ҳаракат қилади, шу мақсадларда, хусусан, бошқа Томоннинг китоблари ва босма нашрларини тарқатишни осонлаштиради.
Томонлар барча қизиққан шахсларга бошқа Томоннинг тил, маданият, адабиёт ва тарихини ўрганиш имкониятларини яратиб беришга ҳаракат қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси билан Франция Республикаси халқлари ўртасида ўзаро тушунишни янада яхшилашни таъминлаш мақсадида Томонлар оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Томонлар иккала мамлакат фуқаролари, хусусан, ўзбек ва француз ёшлари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантирадилар.
Томонлар ҳамкорликнинг ва маданият, фан ва техника соҳаларида ўзаро алмашишнинг йўналишларини белгилаган ва уларни рўёбга чиқаришнинг амалий тадбирларини ваколатли вакиллари иштирокида аниқлаган умумий лойиҳаларни мунтазам равишда ишлаб чиқишга киришадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси атроф муҳитни ҳимоялашнинг муҳимлигини англаган ҳолда, бу соҳада яқиндан ҳамкорлик қиладилар ва Европа ҳамда халқаро миқёсда биргаликдаги ҳаракатларини ривожлантиришга интилиш мажбуриятини оладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси консуллик ишлари соҳасида ўз ҳамкорлигини бошлайдилар ва ривожлантирадилар. Томонлар ўз фуқароларининг икки давлат ўртасида бориш-келишларини яхшилаш учун тегишли шарт-шароитлар яратиб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси иккала мамлакатнинг ҳуқуқий муҳофаза қилувчи идоралари ўртасидаги, хусусан, фуқаролик ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
Томонлар, миллий хавфсизлик идоралари, хусусан, Интерпол доирасида, уюшган жиноятчиликка, наркотикларни ноқонуний тарқатишга ва контрабандага, шунингдек, санъат асарларини норасмий олиб ўтишга қарши курашда ҳамкорликни уюштирадилар. Улар халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида тегишли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қиладилар.
Ушбу Шартноманинг қоидалари Томонларнинг учинчи мамлакатлар олдида олган мажбуриятларига дахл қилмайди ва уларга қарши қаратилмаган.
Ушбу Шартнома ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари билан алмашган кундан 30 кун ўтгандан кейин кучга киради.
Мазкур Шартнома 10 йил муддатга тузилди ва кейинги ҳар беш йиллик муддатга автоматик равишда узаяди. Томонлардан ҳар бири ушбу Шартномани истаган вақтда бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма тарзда хабардор қилиб, бекор қилиши мумкин.