Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
англашув Меморандуми
Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашини ташкил этиш тўғрисида
Бишкек, 6 сентябрь 2017 йил
(Ўзбекистон Республикаси учун 2017 йил 6 сентябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 24 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартномага амал қилган ҳолда,
икки давлат чегараолди вилоятлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришдилар:
1. Икки томонлама ҳамкорликнинг устувор масалаларини самарали ҳал қилиш ҳамда икки давлат ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси бош вазирлари бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашини (кейинги ўринларда «Кенгаш» деб юритилади) ташкил этадилар.
2. Кенгаш таркибига Ўзбекистон томонидан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимлари, Қирғизистон томонидан Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг Баткен, Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги ваколатли вакиллари киради.
Кенгаш таркибига, шунингдек Томонлар давлатларининг манфаатдор идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам киради.
3. Кенгаш мажлисларида таклиф қилинган шахслар (келишув асосида) иштирок этишлари мумкин.
4. Кенгаш заруриятга кўра доимий ёки вақтинчалик асосда ишчи гуруҳлар тузиши мумкин.
5. Кенгаш мажлислари бир йилда камида икки маротаба ва навбат билан Томонлар давлатлари ҳудудида ўтказилади.
Кенгаш доирасида кўриб чиқиш таклиф этилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва материаллар мажлисдан камида бир ой аввал юборилиши лозим.
Вилоятлар раҳбарлари Кенгаш мажлисида бевосита уларнинг вакиллари ҳисобланадилар.
6. Мажлис фаолиятига ҳудудида Кенгашнинг навбатдаги учрашуви ўтказилаётган давлатнинг Бош вазири раислик қилади, башарти Кенгаш бошқача тарзда қарор қабул қилмаса.
7. Ортга қолдириб бўлмайдиган масалаларни кўриб чиқиш учун Томонлардан бирининг ташаббусига мувофиқ навбатдан ташқари Кенгаш мажлислари чақирилиши мумкин.
Кенгашнинг навбатдан ташқари мажлислари ташаббус кўрсатган давлат ҳудудида ёки Томонлар келишувига мувофиқ ўтказилади.
8. Кенгаш қуйидаги функцияларни амалга оширади:
мунтазам равишда уч йиллик муддатга қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси чегараолди вилоятлари ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича Қўшма тадбирлар режасининг амалга оширилишини мониторинг қилиш;
чегараолди вилоятлар ўртасида барча соҳалардаги икки томонлама муносабатлар ҳолатини доимий мониторинг ва таҳлил қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзаро муносабатларни яхшилашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
чегараолди вилоятларнинг ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш юзасидан тавсиялар тайёрлаш;
савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш;
инновация, фан, маданият, таълим соҳаларида, шу жумладан тилни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм ва бошқа ўзаро манфаатли бўлган соҳаларда қўшма лойиҳалар ҳамда минтақалараро дастурларни амалга оширишга кўмак кўрсатиш;
минтақа бошқаруви ва ҳудудларни стратегик ривожлантириш соҳаларида мутахассислар билан алмашинув;
юзага келаётган масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш.
9. Кенгаш қарорлари консенсус асосида қабул қилинади ва икки нусхада тузиладиган Баённома шаклида расмийлаштирилади.
Кенгашнинг қабул қилинган қарорларини бажариш мақсадида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан уларнинг ижроси юзасидан режалар ва дастурлар қабул қилинади.
10. Қабул қилувчи давлат Кенгаш мажлисини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплайди, Кенгаш мажлисининг ўтказилиши учун зарур ахборот, моддий-техник, транспорт ва бошқа ташкилий шароитларни яратади.
Юборувчи Томон, башарти Томонлар ўртасида бошқа аҳдлашув бўлмаса, Кенгаш мажлисида иштирок этиш учун Кенгашнинг миллий аъзолари қисмини юбориш бўйича харажатларни қоплайди.
11. Мажлис давомидаги ва улар оралиғидаги даврда Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазирликлари томонидан амалга оширилади.
12. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси иштирокчи ҳисобланган ва ўрнатилган тартибда кучга кирган халқаро шартномалар ҳамда мазкур Меморандумга амал қилади.
13. Кенгашнинг ишчи тили рус тили ҳисобланади.
14. Томонларнинг ўзаро розилиги асосида мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
15. Мазкур Меморандум номуайян муддатга тузилади ва имзоланган санадан кучга киради.
Бишкек шаҳрида 2017 йил 6 сентябрда икки асл нусхада ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Меморандумни талқин қилишда рус тилидаги матн қўлланилади.
(имзолар)