Корея Республикаси компаниялари билан эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Корея Республикаси компаниялари билан ўзаро фойдали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида:
а) 2018 йил 18 — 22 июнь кунлари Сеул шаҳрида (Корея Республикаси) Корея фонд бозори иштирокчилари уюшмаси (KOSDAQ), Корея халқаро савдо уюшмаси (KITA), Миллий агромаданий кооперативлар федерацияси (Nonghyup), Кореянинг блокчейн-тадбиркорлар уюшмаси ва Кореянинг йирик компаниялари билан музокаралар ўтказилди;
2018 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида Корея фонд бозори иштирокчилари уюшмаси (KOSDAQ) билан ҳамкорликда бизнес-форум ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея халқаро савдо уюшмаси (KITA) ўртасида Стратегик шериклик тўғрисида битим имзолаш;
Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда кўмаклашиш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун Миллий агромаданий кооперативлар федерацияси (Nonghyup) раҳбариятининг ташрифи;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг айрим объектларини ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, Тошкент вилоятида болалар кўнгилочар боғини, Тошкент шаҳрида тижорат ва турар жой кўчмас мулк объектларини қуриш лойиҳаларини, энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ва улар учун концентраторлар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ташкил этиш бўйича тажриба лойиҳаларини Корея компаниялари билан рўёбга чиқариш;
в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Кореянинг блокчейн-тадбиркорлар уюшмаси ўртасида Ўзбекистон Республикасида блокчейн технологияларни жорий этишда Корея томонидан техник кўмак берилишини назарда тутадиган Ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ушбу бандда назарда тутилган тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиши белгилаб қўйилсин.
2. Ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 2021 йил 1 июлга қадар муддатга:
бош лойиҳа, пудрат ва субпудрат ташкилотлари — лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилаётган ҳажмлари бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;
буюртмачи, бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, ишлаб чиқарувчилар ва субпудрат ташкилотлари томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар), жумладан хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар — қўшилган қиймат солиғидан;
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича буюртмачи, бош пудрат ва субпудрат ташкилотлари томонидан олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар), жумладан хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар — божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган тадбирларни ўтказиш ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг буюртманомаларига биноан консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган тадбирларни ўтказиш ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги буюртманомаларига биноан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 январдаги ПФ-6146-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.01.2021 й., 06/21/6146/0065-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги буюртманомаларига биноан ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган лойиҳаларни амалга ошириш учун республикага юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш учун рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, жалб этиладиган хорижлик мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини ) таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, заруратга кўра, ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий кредитлар ва қарзлар бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатлари берилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.