01.08.2017 йилдаги Ф-5006-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши, 01.08.2017 йилдаги Ф-5006-сон
Дата вступления в силу
02.08.2017
 LexUZ шарҳи

1.

Абдуллаев И.Б.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Комиссия раиси

2.

Шадманов А.К.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

3.

Ходжаев Б.А.

Ўзбекистон Республикаси молия вазири

4.

Саидова Г.К.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири

5.

Абдухакимов А.А.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

6.

Камилов А.Х.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

7.

Иноятов У.И.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

8.

Маджидов И.У.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

9.

Муратов М.М.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

10.

Икрамов М.М.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

11.

Шерматов Ш.Х.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи

12.

Ахмедхаджаев А.И

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси

13.

Абдуллаев А.Х.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

14.

Мухаммадиев У.Н.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)

15.

Саидов А.Х.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори

16.

Каримов А.М.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси (келишувга асосан)

17.

Абдуллаев К.К.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти бошқаруви раиси (келишувга асосан)

18.

Мусаев А.М.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори, Комиссия масъул котиби

Мамлакатимизда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш тизими яратилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Шу билан бирга туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаяпти.

Жумладан, жорий йил 1 январь ҳолатига 650 284 нафар шахс ногирон деб топилган, уларнинг 84 908 нафарини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Уларга ҳар йили Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм миқдорида пенсия ва нафақалар тўланади.

Ўрганишлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан ҳомиладор аёлларнинг 60 фоиздан ортиғи скрининг текширишлари билан қамраб олинмаганлигини кўрсатди. Касалликлар ўз вақтида аниқланмаганлиги оқибатида 3 568 нафар бола туғма нуқсонлар билан туғилган.

Республикада чақалоқларга нисбатан ўтказилаётган перинатал скрининг тадқиқотлар фақат икки турдаги тадқиқотларни ўз ичига олади (қалқонсимон без гармони етишмовчилиги, ақлий қолоқликка олиб келадиган нуқсонлар) ҳамда бу туғма нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш ва ногиронликнинг кейинчалик олдини олиш учун етарли бўлмаяпти.

Ёш болаларни ялпи комплекс скрининг тадқиқ этишни ташкил қилиш ва ўтказишдаги камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ҳамда болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Ногиронлик гуруҳини аниқлаш ҳамда протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлашда тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятида бюрократик тартиб-таомиллар бартараф этилмаган. 2016 йилда ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «ишонч телефони»га 5 521 та мурожаат келиб тушганлиги ҳам бундан далолат беради.

Ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими, ногиронларга имтиёзли шартларда бериладиган дори воситалари ва ортопедия буюмларининг ягона электрон ҳисоботи ҳамда ушбу соҳада шаффофликнинг мавжуд эмаслиги ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини бермайди, алоҳида ҳолларда коррупция, талон-торож ва бошқа суиистеъмолчиликларни келтириб чиқаради.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган ногиронларнинг кириши учун мослаштирилмаган ҳолда аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуришга, транспорт воситаларини ишлаб чиқаришга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма амалиётда тўлиқ рўёбга чиқарилмаяпти. Ногиронларнинг спорт, маданият, таълим ва бўш вақтини мазмунли ўтказадиган бошқа ижтимоий объектлардан эркин фойдаланиши лозим даражада таъминланмаган. Имконияти чекланган болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказадиган махсус жойларни ташкил этиш бўйича ташаббус мавжуд эмас.

Шунингдек, ногиронлар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш бўйича корхоналарни модернизация қилиш талаб этилади.

Республикада ногиронлар учун протез маҳсулотлари ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш бўйича 7 та корхона фаолият юритади, уларнинг атиги 2 таси замонавий талабларга жавоб беради. Бошқа корхоналарда фойдаланилаётган асбоб-ускуналар маънан ва жисмонан эскирган бўлиб, бу тайёрланадиган буюмларнинг, биринчи навбатда, протез-ортопедия буюмларининг сифати ва қулайлигига таъсир кўрсатади.

Ваколатли давлат органларининг ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолияти ёрдамга муҳтож шахсларни қидириш ва ҳисобга қўйишга хоҳиш йўқлиги сабабли, қоида тариқасида, айнан ногиронларнинг аризалари асосида ташкил этилади.

Ногиронларга таълим беришнинг амалдаги тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, уларни меҳнат фаолиятига жалб этиш даражаси ўта паст ҳисобланади, бу масъул идораларнинг ушбу йўналишда етарли иш олиб бормаётганлигидан далолат беради.

Шу сабабли, давлат раҳбарининг жорий йил 1 августда қабул қилинган фармойиши билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида фармойишга мувофиқ Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди.

Комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ва коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилиш;

ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганиш;

ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ўрганиш;

тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тартиб-таомилларни ўтказишни соддалаштириш ва уларнинг муддатларини қисқартириш мақсадида қайта кўриб чиқиш;

ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволини таҳлил қилиш;

ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш;

ногиронларнинг жамоат транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш;

ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда олдини олиш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғлом турмуш тарзини, шу жумладан, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ишларини тарғиб қилишни тубдан кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, Комиссияга ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва муддатида бажаришни таъминлаш учун ишчи гуруҳлари ташкил этиш, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ўрганиш, ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлаш, шунингдек, жорий йил 15 сентябрга қадар муддатда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифларни киритиш топширилди.

Фармойишда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштиришга, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашишга, коррупциявий кўринишлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга, пировард натижада ногиронлар тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.