30.12.2010 йилдаги 144-II-сон
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори, 30.12.2010 йилдаги 144-II-сон
Дата вступления в силу
30.12.2010
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда маъқуллансин (илова қилинади).
Давлат раҳбари томонидан парламент олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Сенат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2010 йилга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолияти режасини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2010 йилга мўлжалланган тадбирлар режасини, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисларида кўриб чиқиш учун тавсия этилаётган масалаларни, шунингдек «Баркамол авлод йили» Давлат дастурида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 январдаги 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган асосий қоидаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг назорат фаолияти ва тадбирлар режасини тасдиқлади.
Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ҳал этишда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларига уларнинг ваколатларини амалга оширишда амалий ва услубий ёрдам бериш, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раҳбарларининг, улар доимий комиссияларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишдаги масъулиятини ошириш заруратини эътиборга олган ҳолда, Сенат Кенгашининг 2010 йил 31 март ва 20 майдаги қарорлари билан Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 — 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 — 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича 2010 йил учун иш режаси тасдиқланди.
Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида (2010 йил 3-4 декабрь) сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг асосий қоидалари ва хулосаларини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қабул қилиб, давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш Сенатдан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан, ҳар бир сенатордан ва барча даражалардаги депутатлардан юксак ташаббускорлик ва масъулиятни, қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлиги ва парламент назоратининг таъсирчанлигини оширишни, ўз фаолиятларида умумдавлат ва минтақалар манфаатларининг уйғунлигини таъминлашни талаб қилишини таъкидладилар.
Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонунлар, чунончи озиқ-овқат маҳсулотини инсон организми учун ҳаётий муҳим бўлган унсурлар – микронутриентлар билан бойитиш бўйича ишларни амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Ушбу Қонун «Баркамол авлод йили» Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, аҳолининг микронутриент етишмаслиги энг кўп ривожланган қатламлари орасида тегишли профилактика ишларини ўтказиш, шунингдек тўғри овқатланиш масалалари юзасидан маърифий ишларни амалга оширишни назарда тутади.
Бундан ташқари, «Баркамол авлод йили» Давлат дастури доирасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Унга мувофиқ вояга етмаганлар томонидан ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгил очар (дам олиш) жойларида тунги вақтда вояга етмаган шахснинг ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз ҳозир бўлишига йўл қўйганлиги учун мазкур муассасалар раҳбарлари ёки бошқа масъул шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланди.
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини эътиборга олган ҳолда, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида «Баркамол авлод йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг, шунингдек ота-оналарнинг, васийлик ва ҳомийлик органларининг вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун масъулиятини оширишга, ота-онаси ёки боқувчиларидан маҳрум бўлган вояга етмаганларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлашга, вояга етмаганларни ишга жойлаштиришга қаратилган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 8-моддасига мувофиқ Сенатнинг ялпи мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилги ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2009 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини тасдиқлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига С.Рашидова номзодини маъқуллаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг чегарасини тасдиқлаш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларини бирлаштириш ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай туманлари ва Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани ҳудудларини қисман ўзгартириш тўғрисидаги, Фарғона вилояти Охунбобоев туманининг номини ўзгартириш тўғрисидаги, Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туманининг номини ўзгартириш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Янгийўл шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Андижон вилоятининг Асака шаҳри ва Асака тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Асака шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Оҳангарон шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманини тугатиб, унинг ҳудудини Қизириқ туманига бирлаштириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш асносида мазкур қўмитанинг экологик вазиятни соғломлаштиришга ва мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш соҳасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Мазкур ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга оширадиган махсус мутасадди давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида ўз ваколатларидан тўла фойдаланмаётганлиги, табиатдан фойдаланишни бошқаришнинг иқтисодий механизмини янада такомиллаштириш бўйича етарли даражада самарали чоралар кўрмаётганлиги, Ангрен, Фарғона, Тошкент, Навоий, Нукус, Чирчиқ, Бухоро ва Сариосиё сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича ифлосланиш даражаси санитария-гигиена нормаларига қадар пасайтирилишига зарур эътибор қаратмаётганлиги, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган технологиялар, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини жорий этиш бўйича ишларнинг самарадорлик даражасини оширмаганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақидаги ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда уларнинг ижро этилиши устидан давлат назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, 2009 йилда умумий жиноятчилик ўсганлиги, баданга қасддан оғир шикаст етказиш, тамагирлик, безорилик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сонининг кўпайганлиги жиноятчиликка қарши курашни амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги ишларни такомиллаштиришга қаратилган қатъий чоралар кўришни талаб қилаётганлиги кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича прокуратура органларига 2009 йилда умумий жиноятчилик ва айрим турдаги жиноятларнинг ўсишига олиб келган сабаблар ҳамда шароитларни чуқур таҳлил қилиш, жиноятчиликка қарши курашни амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ишларни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чоралар кўриш, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури, унда назарда тутилган ижтимоий-иқтисодий соҳани оғишмай ривожлантиришни ва мамлакатда барқарорликни таъминлашга доир барча комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланган 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тармоқлар ва мамлакат ҳудуди бўйича ижроси устидан тизимли назорат амалга оширилишини ташкил этиш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама қилиниб, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан муайян ишлар қилинганлиги қайд этилди. Давлат органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларига амал қилиш борасидаги ишларнинг аҳволи мунтазам таҳлил қилиб борилаётганлиги, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини таъминлаш бўйича иш олиб борилаётганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқни қўллаш амалиётининг мониторинги жараёнида давлат органлари фаолиятидаги айрим камчилик ва нуқсонлар аниқланган. Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги сабабли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг 23 та ноқонуний ҳужжати бекор қилинган ва ижродан чақириб олинган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг фаолияти мониторинг қилинганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича йиллик режа-жадвалларини шакллантириш амалиёти тегишли даражада йўлга қўйилмаганлиги, солиқ текширувларига оид материалларни кўриб чиқишда ягона ёндашув ва амалиёт шакллантирилмаганлиги, тадбиркорлик субъектларига молиявий санкциялар қўллаш амалиёти қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермаётганлиги, бунда уларни суд тартибида қўллаш бузилаётганлиги, айрим минтақаларда қисқа муддатли текширувлар сони кескин кўпайганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ учинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида»ги Сенат қарорлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 4 декабрдаги «2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги 694-I-сонли Қарорини бажаришнинг бориши ҳақида»ги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги 624-I-сонли Қарорининг ижро этилиши ҳақида»ги 709-I-сонли Қарори ижро этилишининг бориши тўғрисидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси — Япония парламенти» парламентлараро гуруҳини тузиш тўғрисидаги, «Ўзбекистон — ЕИ» парламент ҳамкорлиги қўмитасидаги Ўзбекистон делегацияси ва Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси гуруҳининг таркиби тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2011 йилга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолияти режаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2011 йилга мўлжалланган тадбирлар режаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг 2011 йилга мўлжалланган иш режаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисларида 2011 йилда кўриб чиқиш учун тавсия этилаётган масалалар тасдиқланди. Шунингдек, Сенат Ҳаракат дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқаролик жамияти институтлари, жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш юзасидан Сенатнинг 2011 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Комплекс ҳаракат дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритиладиган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Сенат Кенгаши қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) қарорларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш ёки уларни лавозимидан озод қилиш масалаларини кўриб чиқиш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг йиллик ҳисоботини ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиш тартиби, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
2010 йил 6 августда Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши билан биргаликда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қашқадарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган қўшма мажлиси ўтказилди, унда тадбир иштирокчилари, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги устидан назоратни амалга оширувчи йўл-патрул хизматларининг моддий-техник воситалар билан таъминлашнинг аҳволи ҳозирги талабларга жавоб бермаслигини, автомобил йўллари йўл-ҳаракатини бошқариш воситалари, йўл белгилари, ажратиш чизиқлари билан етарли даражада жиҳозланмаганлиги, транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш талабга жавоб бермаслиги ва шу кабиларни кўрсатиб ўтдилар.
Сенат Ҳаракат дастурининг 2.2.2-кичик бандига мувофиқ Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Андижон ва Хоразм вилоят Кенгашлари томонидан Сенатнинг 2009 йил 4 декабрдаги «2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги Қарорининг, қишлоқда уй-жой қурилиши ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишининг бориши масалаларини ўрганиш ва муҳокама қилиш бўйича мажлислари 2010 йил 9 сентябрда Андижон вилоятида ва 14 сентябрда Хоразм вилоятида ўтказилиб, уларда халқ депутатлари Булоқбоши, Избоскан, Пахтаобод, Қўрғонтепа ва Бўз туман Кенгашлари, халқ депутатлари Боғот ва Хазорасп туман Кенгашлари, шунингдек вилоят ва туманларнинг ушбу масалалар бўйича белгиланган чоралар бажарилиши учун жавобгар бўлган тегишли бўлинмалари фаолияти етарли бўлмаганлиги ва сустлиги учун танқид остига олинди. Депутатлар ўз минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал қилишда ташаббус кўрсатмаганлар, ушбу масала бўйича мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланмаган, назорат қилишнинг депутат сўровини юбориш каби шаклидан амалда фойдаланилмаган.
2010 йил 20 ноябрда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталарининг Фарғона ва Навоий вилоятларида жойлардаги энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда, демократик янгиланишларни чуқурлаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш масаласини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган парламент эшитуви ўтказилди. Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини ва аҳамиятини оширишга ҳамда фуқароларнинг долзарб социал-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинган. Сенаторлар Фарғона ва Навоий вилоятларида айрим давлат ҳокимияти органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликдаги фаолиятини мустаҳкамлаш масалаларига етарли эътибор берилмаётганлигини, баъзи нодавлат нотижорат ташкилотларнинг моддий-техник базаси паст даражада эканлигини, фуқаролик жамияти институти тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг ҳуқуқий билимларини ошириш борасидаги ишлар суст олиб борилаётганлигини кўрсатиб ўтдилар.
2010 йил 20 ноябрда Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган қўшма мажлиси ўтказилиб, унда сенаторлар томонидан айрим фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишлари етарли даражада амалга оширилмаётганлиги, ўз ваколатларидан четга чиқиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги қайд этилди. Мазкур тадбир қатнашчилари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ҳамда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш механизмини янада такомиллаштириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлик қилиш самарадорлигини ошириш, маҳаллани манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимида маҳалланинг вазифаларини кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар.
2010 йил 3 августда Бўстонлиқ туманида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши билан биргаликда «Аҳоли бандлигини таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг роли» мавзуида семинар ўтказилди, унда тадбир иштирокчилари аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари бажарилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни кучайтириш учун жойлардаги депутатлар корпусининг барча имкониятларидан фойдаланиш, айниқса аҳолининг ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган муҳтож қатламлари вакиллари, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ёшлар учун иш ўринлари ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар ажратиш бўйича тижорат банкларнинг фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўтказилган тадбирлар натижалари бўйича қўмиталарнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва давлат дастурларининг тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳамда уларни ижро этишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, қонунлар нормалари ва давлат дастурларининг сўзсиз бажарилишига, минтақаларда ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек турли соҳаларда қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарорлари ва тавсиялари қабул қилинди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларини Сенат қўмиталари томонидан ўтказилаётган тадбирларга жалб этиш ишлари йўлга қўйилган.
2010 йил 28 апрелда Бухоро вилояти ҳокимлигида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши билан биргаликда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг она ва бола соғлиғини сақлашга доир қисмининг Бухоро вилоятида ижро этилишини ўрганиш ҳамда муҳокама қилиш бўйича қўшма мажлиси ўтказилиб, унда даволаш-профилактика муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлиқ таъминлаш, туғиш ёшидаги аёллар орасида касалга чалиниш ҳолларини камайтириш, она ва бола соғлиғини сақлаш учун масъул бўлган тегишли тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, она ва бола соғлиғини сақлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва давлат сиёсатининг мазмуни ҳамда аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
2010 йил 9 сентябрда Жиззах вилояти ҳокимлигида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши билан биргаликда қишлоқда ёш оилаларга уй-жой қуриш ёки сотиб олишда кўмаклашишга доир қонун ҳужжатларининг Жиззах вилоятида ижро этилишини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган қўшма мажлис ўтказилиб, унда халқ депутатлари Арнасой ва Янгиобод туман Кенгашлари ёш оилаларга уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиб бериш масалаларига етарли эътибор бермаётганлиги, ёш оилаларга ер участкалари ажратиб берилишининг аҳволи вилоят ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бошқармаси томонидан етарли даражада мониторинг қилиб борилмаётганлиги, ёш оилаларга ер участкаларини аукцион савдоларда ажратиб бериш бўйича аукцион савдоларини ташкил этиш бугунги кун талабларига жавоб бермаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
2010 йил 5 октябрда Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг Сурхондарё вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси (Вена, 1988 йил 19 декабрь) қоидаларининг ижро этилиши, ёшлар орасида гиёҳвандликка барҳам бериш тўғрисидаги масалани ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган қўшма мажлиси ўтказилиб, унда мамлакатимизда, шу жумладан Сурхондарё вилоятида мазкур халқаро конвенцияни миллий қонунчиликка киритиш борасида анчагина ишлар амалга оширилганлиги, бу эса гиёҳванд воситаларнинг ғайриқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар ўсишини жиловлашнинг, мана шу офатни келтириб чиқарадиган омилларга барҳам беришнинг таъсирчан воситаларини яратиш имконини берганлиги қайд этилди.
2010 йил 19 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ижро этилишини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган мажлиси ўтказилди, унда кўрсатиб ўтилганидек, 2010 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларида мингдан ортиқ молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартибини белгилайдиган «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан қўшимча чоралар кўриши, бюджет буюртмаларини ва норматив стандартларни топшириш муддатларига қатъий риоя этиши, шунингдек бюджет маблағларидан қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланилиши учун таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириши зарурлигини таъкидладилар.
Устувор вазифаларни амалга ошириш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, уларнинг ваколатларини амалга оширишда амалий ва методик ёрдам кўрсатиш мақсадида, Сенат Кенгашининг 2010 йил 31 мартдаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси тузилди (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ва Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 — 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури тасдиқланди, шунингдек Сенат Кенгашининг 2010 йил 20 майдаги Қарори билан Комиссиянинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 — 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича 2010 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
2010 йил 29 июлда Сенатда Комиссиянинг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги 624-I-сонли Қарорини бажаришнинг бориши ҳақида»ги 709-I-сонли Қарорининг ижро этилиши тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 — 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича 2010 йил учун иш режаси бажарилишининг бориши ҳақидаги, Бухоро вилояти ишчи гуруҳининг турли даражадаги вакиллик ҳокимияти органларининг ҳамкорлигини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг 2010 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти ва Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия фаолиятига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар раҳбарларининг иши тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
2010 йил 24 ноябрда Комиссия ҳамда Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси билан биргаликда ўтказилган «Вакиллик ҳокимияти органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, парламент ишида очиқ-ойдинлик ва ошкораликни таъминлаш масалалари» мавзуидаги семинар-тренингда сенаторларнинг, барча даражалардаги депутатлар корпусининг энг муҳим вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасида баён этилган қоида ва хулосаларни кенг жамоатчиликка, мамлакатда яшайдиган ҳар бир инсон эътиборига етказишдан иборат эканлиги қайд этилди.
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг жорий йилнинг тўққиз ойида, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажариш борасидаги фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра қайд этиш лозимки, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажариш борасидаги фаолиятини кучайтириш, депутатлар корпусининг маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг тасдиқланган дастурларни рўёбга чиқариш, ижро этувчи ҳокимият органлари устидан назоратни такомиллаштириш учун масъулиятини оширишдаги ролини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилган. Ҳар ой ва ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир ҳисоботларини тинглаш амалиёти жорий этилди.
Сенатнинг ялпи мажлисларида маъқулланган қонунлар ҳамда кўрилган бошқа масалаларнинг мазмуни ва моҳияти тўғрисида, сенаторларнинг минтақаларда сайловчилар билан учрашувлар, уларнинг маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорлиги, қонун ижодкорлигини, назорат-таҳлил фаолиятини яхшилаш йўллари тўғрисида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йил 27 январда парламент иккала палатасининг қўшма мажлисларидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиз» номли ҳамда 2010 йил 12 ноябрдаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширишнинг бориши тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида сенаторлар томонидан (Х. Алимова, А. Алтиев, С. Артикова, С. Баратова, Е. Борисова, А. Бурханов, У. Исмаилов, И. Каратаев, Х. Каримов, П. Маткаримов, И. Мирзаалиев, Г. Мухамедов, М. Раджабова, Х. Раззаков, А. Рамбергенов, Э. Рўзметов, Н. Садритдинов, К. Санакулов, С. Сафоев, Д. Сидиков, Ш. Собиров, М. Тоиров, Ю. Турсунбаев, В. Тян, А. Усмонов, А. Фармонов, С. Хамроев, М. Хужамбердиев, Х. Шодиева ва бошқалар) «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари саҳифаларида «Сўз — қўшма мажлис қатнашчиларига», «Слово – участникам совместного заседания», «Мушоҳада», «Размышление», «Сенатор сўз сўрайди», «Сенатор просит слово», «Сенатор минбари», «Трибуна сенатора», «Сенатор соати», «Час сенатора», «Қонун кучга кирди», «Закон вступил в силу», «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида», «В местных Кенгашах народных депутатов» рукнлари ҳамда «Uzbekistan Today» газетасининг «Парламент» доимий рукни остида мақола ва интервьюлар чоп этдилар, шунингдек республика телевидение ва радио каналларида чиқишлар қилдилар.
Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларни ижро этишнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти, шунингдек «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг Жиззах вилоятида, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг Сурхондарё вилоятида, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг она ва бола соғлиғини сақлашга доир қисмининг Бухоро вилоятида, «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонуннинг Халқ таълими вазирлиги томонидан бажарилиши, «Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши, шунингдек Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциясида (Чикаго, АҚШ, 1944 йил 7 декабрь) белгиланган авиайўловчиларга хизмат кўрсатишнинг халқаро стандартларини жорий этиш борасидаги қисми Ўзбекистон Республикасида бажарилиши ва бошқалар батафсил ёритилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан «Баркамол авлод йили» Давлат дастурининг бажарилиши, Фарғона ва Навоий вилоятларида жойлардаги энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда, демократик янгиланишларни чуқурлаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан вояга етмаганлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши сингари бир қанча масалалар ҳар томонлама ёритилди.
Оммавий ахборот воситаларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ҳокимликларнинг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал этиш борасидаги фаолиятини жонлантириш, шунингдек Сенат аъзоларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалаларини ёритишга алоҳида эътибор қаратилди. Оммавий ахборот воситаларида жорий йилнинг 27 февралидан 13 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини ўқитиш бўйича «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фаоллигини оширишнинг асосий йўналишлари» мавзуида ўтказилган ўқув семинарлари кенг ёритилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳокимият вакиллик органлари ишининг ҳуқуқий асосларини ўрганиш ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги асосий вазифаларни белгилаш масалалари бўйича 2010 йил июнда ташкил этилган минтақавий семинар-тренинглар ҳам ёритилди. «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ва бошқа марказий вақтли нашрларда «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида» рукни ташкил этилиб, унда Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажаришнинг бориши ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш тўғрисидаги материаллар чоп этилмоқда.