Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
дастур
Маданият соҳасида 2005-2007 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик
2005 йил 5 апрель, Деҳли
(2005 йил 5 апрелдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Деҳли шаҳрида 1994 йил 5 январда имзоланган Битимга асосланиб,
2005—2007 йиллар учун маданият соҳасида ҳамкорлик дастурини тузиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
Маданият ва санъат
1-модда
Ўзбекистон Давлат консерваторияси ва Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши ўзбек ҳамда ҳинд мумтоз мусиқасидан таҳсил бериш мақсадида ўқитувчилар ва мутахассислар алмашинувин амалга оширадилар.
2-модда
Ҳинд томони Миллий Бал Бхаван орқали рассомчилик асарлари ва чизмаларини Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этиладиган Камолиддин Беҳзод хотирасига бағишланган халқаро болалар рассомчилик конкурсига юборади.
3-модда
Ўзбек томони рассомчилик асарлари, чизмалари, аннотациялари ва бошқа материалларни Ўзбекистон Бадиий академияси орқали Ҳиндистон болалар рассомчилик қўмитаси томонидан Ҳиндистонда ташкил этиладиган Шанкар халқаро болалар конкурсига юборади.
4-модда
Ўзбекистон Бадиий академиясининг замонавий санъат маркази ва Ҳиндистон замонавий санъат асарлари миллий галереяси биргаликда бошқа давлатда ўзларининг таниқли миллий рассомлари ҳамда санъаткорларининг жамоа кўргазмаларини ташкил қиладилар.
5-модда
Сангит Натак академияси 2005—2007 йилларда Ўзбекистонда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» V ва VI халқаро мусиқа фестивалида ушбу тадбир шартларига мувофиқ равишда қатнашади ҳамда Ўзбекистоннинг мусиқа гуруҳлари ва гастролларини қабул қилади.
6-модда
Томонлар ҳар икки мамлакат кутубхоналарида мавжуд бўлган ноёб қўлёзмаларни номинализация қилиш бўйича мутахассислар алмашинувини амалга оширадилар.
7-модда
Алишер Навоий номидаги ўзбек Миллий кутубхонаси ва Ҳиндистоннинг Колката миллий кутубхонаси ўзаро ҳамкорликни олиб бориш мақсадида китоблар ҳамда бошқа тегишли материаллар алмашинувини амалга оширадилар.
Иккала кутубхона Ўзбекистон ва Ҳиндистонда китоблар ҳамда электрон ахборот материаллар кўргазмасини ташкил этадилар.
8-модда
Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгаши ҳар йили ўзаро келишилган вақтларда 12—16 кишидан иборат амалий санъат гуруҳларини ўзаро ташрифларини ташкил этади.
9-модда
Ўзбекистон Археология институти Ҳиндистон Археологик тадқиқотлар идораси билан биргаликда санъат, археология ва архитектура соҳаларида ҳамда уч ойгача бўлган давр мобайнида мазкур соҳаларнинг икки мутахассисини алмашишда ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Ўзбекистон Давлат санъат музейи Ҳинд Миллий музейи билан биргаликда музей кўргазмаларини асраб-авайлаш бўйича икки мутахассисни алмашишни амалга оширадилар.
Спорт соҳаси
11-модда
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Саҳитя Академияси билан биргаликда маданият, санъат ва спорт соҳаларида нашрлар, адабиёт ҳамда тадқиқот материалларини алмашадилар.
12-модда
Томонлар спорт ташкилотлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, шу жумладан спортчилар, мураббийларни алмашиш ишларини қўллаб-қувватлайдилар.
13-модда
Барча қўшимча таклифлар дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.
14-модда
Томонлар 2006 йил августда Деҳли шаҳрида ўтказиладиган учрашувда ушбу Дастурни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқадилар.
15-модда
Иловада кўрсатиб ўтилган молиявий ва умумий шартлар ушбу Дастурнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
16-модда
Ушбу Дастур имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва 2007 йил декабрга қадар амал қилади.
Деҳли шаҳрида 2005 йил 5 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар аутентикдир. Келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик дастурининг умумий ҳамда молиявий шартлари
I. Умумий шартлар
Индивидуал вакиллар/кўргазмалар/делегациялар алмашинуви.
(a) Ҳар бир Томон делегация/индивидуал вакилларнинг тахмин этилаётган келиш санасидан камида икки ой илгари ҳамда агар ижрочи гуруҳлар ва кўргазмалар бораётган бўлса, келишидан камида тўрт ой илгари ушбу Дастур бўйича ажратиб олинган таржимаи ҳолга доир маълумотларни ва таклиф этилаётган ташриф дастурини бошқа Томон мамлакатига жўнатади.
(b) Қабул қилувчи Томон таклифнома қабул қилингани тўғрисида хабардор қилиши лозим, акс ҳолда таклифнома бир ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
(c) Тасдиқ жавоби олингандан сўнг юборувчи Томон камида уч ҳафта илгари қабул қилувчи Томонни вакил/вакилларнинг келиши тўғрисидаги аниқ усул (транспорт кўриниши)ни ва вақтини хабардор қилиши лозим.
(d) Таклиф қилинадиган вакиллар қабул қилувчи томоннинг тилини ёки инглиз тилини билишлари лозим.
2. Иккала Томон юборувчи Томоннинг делегациялари ва индивидуал вакиллари учун қабул қилувчи Томоннинг маданияти ва ҳаёт тарзи билан танишиш мақсадида шарт-шароитларни яратадилар.
3. Томонлар ўз экспертларига қабул қилувчи Томон давлатида бўлган даври учун соғлиқ ва ҳаётни суғурталаш лозимлиги тўғрисида маслаҳат берадилар.
II. Молиявий шартлар
1. Икки ҳафтага мўлжалланган якка вакиллар ва делегациялар алмашинуви.
Иккала Томон ушбу дастур бўйича қуйидаги шартларга мувофиқ якка вакиллар ва делегацияларни алмашадилар:
(a) Юборувчи Томон:
I) халқаро транспортнинг келиш жойигача ва ундан кейинги харажатларини қоплайди. Ташриф дастури бошланадиган жой келиш жойи ҳисобланади;
II) миллий қонун-қоидаларга биноан яшаш харажатларини қоплайди;
III) керак бўлганда гонорар беради.
(b) Қабул қилувчи томон қуйидагиларни тақдим этади:
I) Бепул яшаш;
II) Бепул овқатланиш;
III) таржима хизматлари;
IV) қабул қилувчи ташкилот рухсати асосида мамлакат ичида ҳаракатланиш ва маҳаллий транспорт воситаларидан фойдаланиш харажатлари ушбу дастурга киритилади.
V) гуруҳлар ижодий намойишлар қилган ҳолларда намойишни ташкил этиш нархи тўланади.
2. Журналлар ва нашрлар алмашуви.
Ушбу Дастурда кўзда тутилган нашрлар, журналлар ва бошқа материаллар алмашинуви билан бўлган барча харажатлар юборувчи давлат ташкилотлари томонидан қопланади.
3. Кўргазмаларни алмашиш.
a) Юборувчи Томон:
I) Юборувчи Томон кўргазма очилган биринчи жойдан якуний жойига қадар транспорт харажатларини қоплайди, ва
II) Кўргазма ўзи тегишли бўлган давлат ҳудудидан ташқарида бўлганда суғурта харажатларини қоплайди.
b) Қабул қилувчи томон:
I) Кўргазмани ташкил қилиш, эълон қилиш, каталоглар ва плакатларни нашр этиш;
II) Агар кўргазма бир неча жойда уюштирилса, ўз ҳудуди ичидаги ҳаракатланишни ташкил этади, ва
III) Кўргазмани керакли ҳимоя остига олади ва хавфсизлигини таъминлайди.
с) Юборувчи томоннинг битта эксперти кўргазмага ҳамроҳлик қилади. Эксперт билан боғлиқ харажатлар ушбу дастурнинг молиявий шартларни тартибга солиш бандига асосан қопланади. Экспертнинг сафар муддати ўзаро келишув асосида белгиланади.
d) Кўргазмага зарар етказилган тақдирда қабул қилувчи томон тегишли суғурта агентлиги орқали зарарни қоплаш ишларини олиб бориш учун юборувчи томонга етказилган зарар билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни юборади.
e) кўргазмага зарар етганда юборувчи томоннинг рухсатисиз таъмирланмайди.
Юқоридаги шартлар ушбу Дастур имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради. Томонлар зарур бўлганда ўзаро маслаҳатлашувлар орқали молиявий харажатлар билан боғлиқ ушбу қоидаларни қайта кўриб чиқадилар.
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2-4-сон)