LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги 229-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Жамият тараққиётида, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим эканлигини ҳисобга олиб, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш муаммоларини илмий ўрганишни ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам беришни мувофиқлаштириш мақсадида, 1998 йилнинг Республика Президенти томонидан «Оила йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Республика «Оила» илмий-амалий маркази ташкил этилсин.
Республика «Оила» илмий-амалий маркази Тошкент давлат университети ва Тошкент давлат педагогика институтидаги оила муаммоларини ўрганиш лабораториялари негизида ташкил қилиниши белгилаб қўйилсин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги кўрсатиб ўтилган лабораторияларнинг штатлари ва иш ҳақи фондини «Оила» илмий-амалий марказига берсинлар, жиҳозларини балансдан балансга ўтказсинлар.
2. Республика «Оила» илмий-амалий марказининг Низоми ва тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. Марказ директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва техника давлат қўмитаси, «Соғлом авлод учун» жамғармаси, «Маҳалла» жамғармаси, «Камолот» жамғармаси, «Экосан» жамғармаси, Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази, Республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Республика «Оила» илмий-амалий маркази фаолиятида иштирок этиши ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
4. Қуйидагилар Республика «Оила» илмий-амалий маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш;
миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш;
оиланинг педагогик, психологик, ижтимоий-психологик, этно-педагогик, этно-психологик муаммоларини ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;
оила, аёл ва болаларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини акс эттирувчи статистик ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш;
оилани режалаштиришни, унинг саломатлигининг тиббий-биологик асосларини илмий-амалий тадқиқ этиш, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш;
ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашни яхшилаш мақсадида никоҳ уйлари ва саломатлик марказлари ҳузурида махсус ўқув-тарбиявий курсларни ташкил этиш;
оилада боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши, соғлом ўсиши, мактабга тайёрланишида ота-оналарнинг фаолиятларини такомиллаштириш ҳамда масъулиятларини ошириш юзасидан ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул усулларини излаш ва ишлаб чиқиш;
оила ва жамият муаммоларига ва уларнинг ечимига оид ўқув-услубий қўлланма, илмий-оммабоп рисолалар яратиш;
1998 йилнинг «Оила йили» деб эълон қилиниши муносабати билан белгиланган тадбирлар дастурининг бажарилиши мониторингини олиб бориш;
5. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Марказга оила муаммоларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда ҳамда ўз фаолияти учун зарур ахборотларни олишда кўмаклашсинлар;
6. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси 1998 йилда ва кейинги йилларда «Оила» илмий-амалий марказининг илмий изланишлари мавзуларини Давлат илмий-техникавий дастурлари таркибида режалаштирсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Ўзбекистон хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши:
«Оила» илмий-амалий марказининг оила ва жамият муаммолари соҳасида фаолият кўрсатаётган хорижий ва халқаро ташкилотлар билан амалий алоқалар ўрнатишига кўмаклашсинлар;
«Оила» илмий-амалий марказини халқаро ташкилотлар ва чет давлатлардаги оила муаммоларига оид ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ахборотлар билан доимий равишда таъминласинлар.
8. «Оила» илмий-амалий маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинадиган қонунлар ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ҳамда идораларнинг меъёрий ва йўриқнома ҳужжатлари мажбурий тартибда тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
9. «Оила» илмий-амалий маркази ходимларига республика илмий-тадқиқот институтлари ва уларга тенглаштирилгач ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун ўрнатилган ягона тариф сеткаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича белгиланган разрядлар жорий этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим этилган ҳисоб-китобларга биноан Марказ фаолиятини ташкил этиш, керакли жиҳозлар ва компьютер техникаси харид қилиш учун зарур маблағ ажратсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Почта ва телекоммуникациялар агентлиги Марказни зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
12. «Тошшаҳарйўловчитранс» уюшмаси Марказга хизмат кўрсатиш учун енгил автомобиль, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги унинг харажатлари учун зарур бўлган лимит ажратсинлар.
13. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари Марказ фаолиятини мунтазам ёритиб борсинлар, оила ва жамиятнинг долзарб масалаларига бағишланган эшиттириш ва кўрсатувлар дастурларини ушбу қарорга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқсинлар.
14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда «Оила» илмий-амалий марказига Фурқат кўчасидаги 1-уйдан жой ажратсин ва уни таъмирлаш масалаларини ҳал қилсин.
15. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д. Ғуломова зиммасига юклансин.
1.1. «Оила» илмий-амалий маркази (бундан кейин матнда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги ўз-ўзини бошқарадиган мустақил ташкилот бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинадиган қонунлар ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда мазкур Низом асосида олиб боради.
1.2. Марказ йилнинг ҳар чорагида ва охирида якуний, шунингдек, сўралган вақтларда Ўзбекистонда оилаларнинг ҳолати, долзарб муаммолари, уларнинг ечимлари ва оила истиқболи ҳақида Ҳукуматга расмий маълумотлар бериб туради.
1.3. Марказ юридик шахс ҳисобланади, банк муассасасида миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб рақамига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бошқа рамзий ашёларга эга бўлади.
2.1. Марказнинг мақсади оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш муаммоларини илмий ўрганишни ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам беришни мувофиқлаштиришдан иборат.
оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш;
миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш;
оиланинг педагогик, психологик, ижтимоий-психологик, этно-педагогик, этно-психологик муаммоларини ўрганиш ҳамда ривожлантириш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;
оила, аёл ва болаларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини акс эттирувчи статистик ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш;
оилани режалаштиришни, унинг саломатлигининг тиббий-биологик асосларини илмий-амалий тадқиқ этишга оид услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш;
Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурда белгиланган оила томонидан мактабгача таълим талабларини таъминлашда ота-оналарга, оила аъзоларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;
ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашни яхшилаш мақсадида никоҳ уйлари ва саломатлик марказлари ҳузурида махсус ўқув-тарбиявий курсларни ташкил этиш;
оилада боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши, соғлом ўсиши, мактабга тайёрланишида ота-оналарнинг фаолиятларини такомиллаштириш ҳамда масъулиятларини ошириш юзасидан ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул усулларини излаш ва ишлаб чиқиш;
оила ва жамият муаммоларига ва уларнинг ечимига оид ўқув-услубий қўлланмалар, илмий-оммабоп рисолалар яратиш;
оила фаровонлиги ва камолоти йўлида қабул қилинган Ҳукумат қарорларида белгиланган чора-тадбирларнинг республика миқёсида ҳамда жойларда бажарилишига кўмаклашиш.
3.2. Иштирокчилар Кенгаши Марказнинг ҳайъат органи бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Республика Хотин-қизлар қўмитасининг раиси унинг раиси этиб тайинланади.
Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Кенгашга оила муаммолари ва масалалари юзасидан фаолият кўрсатаётган вазирликлар, жамғармалар, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари аъзо этиб тайинланадилар.
Республика «Оила» илмий-амалий маркази фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
Марказга оила манфаатларига оид илмий-амалий ҳамда услубий-ўқув-тарбиявий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан буюртмалар бериш;
Марказга ҳомий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш, молиявий маблағлар, ўқув-услубий ва илмий ишлар учун грантлар олиш ҳамда чет эл инвестицияларини Марказ фаолиятига жалб қилишда кўмаклашиш;
Марказ директори томонидан тақдим қилинган Марказ фаолиятининг ва Марказ ҳузуридаги илмий-услубий Кенгашнинг йиллик иш режаларини тасдиқлаш;
Марказ директори ва илмий-услубий Кенгашнинг йил чораги бўйича ва йиллик ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;
Марказга юкланган вазифаларни бажариш учун тузиладиган мақсадли дастурларнинг жойлардаги ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилишини таъминлаш.
3.4. Марказга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган фан доктори илмий даражасига эга бўлган директор раҳбарлик қилади.
Марказ директори мақомига кўра илмий-тадқиқот институтларининг директорларига тенглаштирилади. Марказ директори ўз фаолияти бўйича Иштирокчилар Кенгаши раҳбарига бўйсунади.
Марказ ходимларининг ишларини ташкил қилади ва бошқаради, Марказ номидан фаолият кўрсатади, шу жумладан, унинг молиявий-хўжалик ишларини амалга оширади, Марказ номидан битимлар тузади, Марказнинг жорий, фаолияти билан боғлиқ бўлган барча вазифаларни амалга оширишга раҳбарлик қилади;
директор ўринбосари ва илмий котиб лавозимларига номзодлар, Илмий-услубий Кенгаш таркиби бўйича таклифларни тасдиқлаш учун Иштирокчилар Кенгашига киритади;
ўз ваколатлари доирасида Марказнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, амалдаги қонунларга мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади. Марказнинг Низом доирасидаги барча фаолияти учун жавоб беради.
3.6. Марказда илмий-услубий фаолият билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун директор раҳбарлигида Илмий Кенгаш тузилади. Илмий Кенгаш ўз Низоми асосида ишлайди.
4.1. Вилоятларда ўз ҳудудий бўлимларини ва оила муаммолари бўйича аҳолига амалий ёрдам берувчи хўжалик ҳисобидаги гуруҳлар ташкил этиш.
4.2. Низом мақсадлари доирасида республика ҳудудида ва унинг ташқарисида илмий-амалий, илмий-назарий анжуманлар ва бошқа тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва ўтказиш.
4.4. Оила муаммоларини ўрганиш юзасидан тайёрланган ўқув-услубий ва бажарилган илмий-тадқиқот ишлари, дастурларини таҳлил қилиш ва баҳолаш учун эксперт гуруҳлари тузиш.
4.5. Марказнинг ўз фаолияти доирасида ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот дастурларини амалга ошириши мақсадида вақтинчалик ижодий меҳнат гуруҳларини тузиш. Низомдаги вазифалари доирасида «Таълим тўғрисида»ги Қонун асосида таълим хизматларини амалга ошириш.
4.6. Низом мақсадларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ташқи фаолият билан шуғулланиш. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, хорижий мамлакатларда ўз ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар, бошқа юридик ҳужжатлар тузиш.
4.7. Илмий ходимларнинг малакасини ошириш, чет элларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ташқи фаолиятни амалга ошириш мақсадида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.
5.1. Марказ фаолиятининг молиявий асосини унга давлат томонидан мақсадли ажратиладиган маблағлар, доимий фойдаланишга берилган асосий воситалар (фондлар), Низом мақсадлари доирасида пуллик хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришдан олинган даромадлар, мамлакатимиз ва хориждаги турли ташкилот, жамғарма грантлари ва фуқароларнинг ҳомийлик маблағлари ташкил этади.
5.2. Илмий тадқиқотларни рағбатлантириш учун турли давлат, жамоатчилик ва хусусий жамғармалардан ажратилган ёки турли шартнома, контракт, битимлар асосида олинган маблағлар Марказ мулки ҳисобланиб, улардан Марказ ихтиёрий равишда фойдаланади.
5.3. Марказнинг илмий ва бошқа ходимларига ягона тариф сеткасига мувофиқ давлат бюджети ҳисобидан ҳақ тўланади. Марказ ўз имкониятлари доирасида мустақил равишда ўз ходимларини турли рағбатлантириш шаклларидан фойдаланиши мумкин.
5.4. Марказ унга ўз мулки сифатида ёки вақтинча фойдаланиш учун берилган давлат фондлари, бошқа мол-мулклардан давлат топшириқлари асосида ва амалдаги қонунлар доирасида фойдаланади.
5.5. Марказнинг мустақил хўжалик ҳисобидаги бўлинмалари ўз хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятларини ушбу фаолиятлардан олинган даромад (фойда)лар ҳисобига амалга оширади.