LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 11 сентябрдаги 391-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолияти учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қатнашувчиси бўлган халқаро ҳужжатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи Асосий қоидалар тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаолиятига тааллуқли янги актлар қабул қилингунга қадар, шунингдек, республика томонидан тегишли халқаро ҳужжатлар имзолангунга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Асосий қоидаларга зарур қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш ҳақида таклифлар тақдим этсин.
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ахборотнинг ҳамма шаклларини эркин ва кенг тарқатиш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган мамлакатлар ва хорижий давлатлар, шунингдек, бошқа идоралар ва ташкилотлар йўли билан келувчи оммавий ахборот воситалари мухбирларининг (журналистларнинг) бу соҳада ҳамкорлик қилишига рағбатлантириш манфаатдорлигини кўзлаб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги доимий ва вақтинча аккредитация қилиш асосида рухсат этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган мухбирларнинг ҳуқуқий мавқеи ва касб фаолияти «Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, мазкур Асосий қоидалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қатнашувчиси бўлган халқаро шартномалар қоидалари билан тартибга солинади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 7 августдаги 392-сонли қарори таҳририда)
3. Хорижий оммавий ахборот воситаларининг мухбирлик пунктини очиш ва унинг журналистларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация қилиш хусусидаги мурожаат манфаатдор оммавий ахборот воситалари раҳбарияти томонидан ёзма шаклда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади ёки республиканинг тегишли мамлакатлардан дипломатик, консуллик вакилларига берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг мухбирлик пунктини очиш ҳақидаги қарор тегишли мурожаатнома олинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади.
5. Янги тайинланган мухбирларга жўнаб кетиш визалари ўзаро келишув асосида Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги консуллик муассасалари ва ваколатхоналари томонидан аккредитация қилишга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг розилиги одатда бир ойдан ошмайдиган муддатга берилади.
6. Доимий ёки вақтинча аккредитация қилинган хорижий журналистлар вақтинча алмаштирилган ҳолларда (отпускага чиққан, касалланган, бошқа мамлакатларга хизмат сафарига чиққан давр ва бошқалар учун) алмаштириш учун келаётган журналистларга йўлга чиқиш рухсатномалари ўзаро келишилган шартларда, қоидага кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилинган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошиб кетмайдиган муддатда берилади.
7. Тегишли икки томонлама битимга эга бўлган мамлакатларнинг доимий ёки вақтинча аккредитация қилинган хорижий журналистларига, агар бошқа хил икки томонлама шартлашув бўлмаса, бир йил муддатга келиш ва кетиш визалари берилади. Кўп марталик рухсатномалар чет элларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмасига биноан республиканинг хориждаги консуллик муассасалари ва ваколатхоналари томонидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эса аккредитация қилувчи ташкилотнинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилади.
8. Хорижий журналистларга, уларнинг фуқаролиги ва доимий турар жойидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари жойлашган мамлакат билан келишувга кўра келиш ва кетишга оид кўп марталик рухсатномалар берилиши мумкин (кўп марталик рухсатномалар тўғрисидаги қарорлар икки ойдан ошмайдиган муддатга қабул қилинади).
9. Ўзбекистон Республикасига тегишли оммавий ахборот воситалари раҳбарияти томонидан белгиланган муддатга ишга келган хорижий журналистлар ва уларнинг оила аъзолари ўзларининг миллий паспортларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг визалар бериш ва хорижий фуқароларни рўйхатга олиш бошқармасида (бўлимда, бўлинмада) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишга мажбурдирлар. Рўйхатдан ўтказиш аккредитация қилинган муддатга амалга оширилади, бу муддат миллий паспортнинг амалда бўлиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.
10. Хорижий мухбирни доимий аккредитация қилиш ҳақидаги қарор, унинг доимий яшаш жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кўпи билан бир ой муддатда қабул қилинади. Аккредитация қилинган журналист Ўзбекистон Республикасига келиши билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида икки йил муддатгача амалда бўладиган доимий аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома олади.
11. Хорижий мухбирни вақтинча аккредитация қилиш ҳам Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасига келиши билан унга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида олти ойгача муддатда амал қиладиган вақтинчалик аккредитация гувоҳномаси берилади. Ўзбекистон Республикасига ўз редакцияларининг мақсадли топширишлари билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа идоралар ва ташкилотлар йўли билан келган оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари, шунингдек, асосий мухбирларнинг таътилга чиққанлиги, касаллиги, бошқа мамлакатларга хизмат сафарига кетганлиги сабабли уларнинг ўрнига келган журналистлар Ўзбекистон Республикасида вақтинча аккредитация қилинишлари мумкин.
12. Доимий ва вақтинча аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг оила аъзолари тегишли оммавий ахборот воситасининг раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилган тақдирда журналистлар каби аккредитация қилинишлари мумкин.
13. Хорижий журналист аккредитация гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугашидан кечи билан 10 кун олдин Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига гувоҳноманинг амал қилиши ҳамда миллий паспортини рўйхатдан ўтказиш муддатларини узайтириш тўғрисида мурожаат қилишга мажбурдир.
14. Аккредитация гувоҳномаси йўқолган тақдирда журналист бу ҳакда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар қилишга мажбурдир. Дубликатни бериш тўғрисидаги масала икки ҳафта мобайнида кўриб чиқилади.
15. Ўзбекистон Республикасидаги ўз фаолиятини тугатгач, доимий ёки вақтинча аккредитация қилинган журналистлар аккредитация гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига топширишга ва жўнаб кетиш рухсатномасини расмийлаштиришга мажбурдирлар.
16. Хорижий журналистни аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилиши ёки аккредитация Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунларида фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда кўзда тутилган асослар бўйича тўхтатилиши мумкин.
17. Ёритиб бориш учун хорижий журналистларни таклиф этган ҳолда Ўзбекистон Республикасида халқаро ва ички тадбирлар (конгресслар, съездлар, форумлар, семинарлар ва бошқалар) ўтказилган тақдирда хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикасининг тегишли мамлакатдаги дипломатик ёки консуллик вакиллари орқали таклиф бўйича келишни расмийлаштирадилар ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказадиган идоралар ва ташкилотлар ҳузурида аккредитация қилинадилар.
Ушбу идоралар ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикасига келишган хорижий журналистларни мазкур Асосий қоидаларнинг уларнинг ҳуқуқ ва бурчларига доир қисми мазмунидан хабардор қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида доимий ва вақтинча аккредитация қилинган хорижий журналистлар қайд этилган идоралар ва ташкилотлар ҳузурида тадбирлар ўтказиладиган вақт учун ҳам аккредитация қилинишлари мумкин.
18. МДҲ қатнашчилари бўлган мамлакатларнинг пойтахтларида аккредитация қилинган хорижий мухбирлар Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг рухсати билан келадилар. Келиш масаласи бўйича мурожаатлар унинг бошланишидан 10 кун олдин Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ёки республиканинг МДҲ қатнашчилари бўлган тегишли мамлакатлардан дипломатик ёки консуллик вакилларига берилади.
19. Хорижий фуқароликка эга бўлган хорижий мухбирлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси қонунларида ва мазкур қоидаларда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Хорижий журналистларнинг Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси бўлган тегишли халқаро ҳужжатларга мувофиқ манфаатдор давлатлар билан икки томонлама тартибда ўзаро кўрсатилган ёки келишилган асосда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари эътироф этилади.
20. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тошкент дипломатия корпусига хизмат кўрсатиш бошқармаси («Тошдипхорижхизмат») кўрсатадиган хизматлардан ўзлари фуқароси бўлган мамлакатнинг дипломатлари билан тенг шартларда фойдаланадилар.
«Тошдипхорижхизмат» аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг илтимосига кўра уларнинг ишини енгиллаштириш билан боғлиқ солиқлар ва уй-жой бўйича амалий масалаларга доир маълумотларни, Ўзбекистон Республикаси Божхонаси эса Божхона қоидалари, шу жумладан, буюмлар олиб келиш қоидалари тўғрисидаги маълумотларни берадилар.
21. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона имтиёзларидан фойдаланувчи ташкилотларга ва шахсларга тегишли буюмлар устидан давлат божхона назорати қоидаларига мувофиқ турмуш шароитини таъминлаш ва касб фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган буюмларни олиб келишлари мумкин.
22. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар ўз касб фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган матбаачилик материалларини ва қўлёзма материалларини олиб келишлари ва олиб кетишлари мумкин. Бунда улар амалдаги божхона қоидаларига амал қиладилар.
23. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган хорижий мамлакатлар билан алоқа каналлари орқали ўзлари мансуб бўлган ахборот воситаларига оғзаки, ёзма ёки аудиокўринишли мазмундаги маълумотларни бериш ҳуқуқига эгадирлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар ва уларнинг оила аъзолари касб фаолиятларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида ўзларига берилган ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ҳурмат қилишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва бошқа меъёрий ҳужжатларига риоя этишлари ҳамда зарур ҳолларда давлат ёки жамоат хавфсизлигини, жамоат тартиби, аҳолининг сиҳат-саломатлигини ва маънавиятини муҳофаза қилиш манфаатларини ҳимоя қилишлари керак. Республика Ташқи ишлар вазирлиги хорижий журналист томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари бузилганда уни огоҳлантириши ёки аккредитацияни ёхуд сафарга бориш рухсатномасини бекор қилиши, шунингдек, республикадан чиқариб юборишгача таъсир кўрсатиш чораларини кўриши мумкин.
(25-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 7 августдаги 392-сонли қарори таҳририда)
Аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг урушни ҳар қандай усулда тарғиб қилиши, миллий, ирқий ёки диний нафратни қўзғаш фойдасига таҳқирлаш, душманлик ёки зўравонликка гиж-гижловчи ахборотлар билан чиқишлари тақиқланади. Хорижий журналистлар ва уларнинг оила аъзолари йўл қўйилган қоида бузишлар учун Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Хорижий журналист аккредитация қилишдан маҳрум этилганда ёки унинг келишига рухсатнома бериш бекор қилинганда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида уни хабардор қилади, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг хорижий фуқароларга виза бериш ва уларни рўйхатга олиш бошқармаси (бўлими, бўлинмаси) унга жўнаб кетиш визасини расмийлаштиради. Хорижий журналист Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасида унинг аккредитация қилишини тўхтатиш ҳақидаги қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 7 августдаги 392-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Аккредитация қилинган хорижий мухбирлар Ўзбекистон Республикаси журналистлари билан тенг равишда ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 7 августдаги 392-сонли қарори таҳририда)
28. Хорижий журналистларнинг, улар аккредитация қилинганларидан кейин, тақозо қилинадиган жойларда расмий матбуот конференцияларига ва мақсадга мувофиқ ҳолларда бошқа расмий тадбирларга кириши таъминланади.
29. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация қилинган хорижий мухбирлар тегишли мамлакатлар дипломатия ваколатхоналарининг ходимлари учун белгиланган тартибда ҳаракат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
30. Сафарга бориш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг эътирози йўқлиги сафарга боришга розиликни билдиради.
31. Аккредитация қилинган хорижий мухбирлар «Тошдипхорижхизмат» орқали Ўзбекистон Республикаси фуқароларини техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сифатида ишга ёллашлари мумкин.
Мазкур Асосий қоидаларда «мухбир» ва «журналист» атамалари, МДҲ ва Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси бўлган халқаро ҳужжатларнинг қоидаларини ҳисобга олган холда, бир хил маънога эгадир.
Аккредитация қилинган хорижий мухбирлар деганда МДҲ қатнашчилари бўлган мамлакатларнинг ва бошқа давлатларнинг фуқаролари — хорижий давлатларнинг барча оммавий ахборот воситалари: мазкур Асосий қоидаларда назарда тутилган таомилга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган агентликлар, газеталар, журналлар, бошқа даврий нашрлар, радио, телевидение, кино вакиллари тушунилади.