Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 октябрдаги 804-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 10 февралдаги ПҚ-2768-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлардан фойдаланишини кенгайтириш йўли билан уларни жадал ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 10 февралдаги ПҚ-2768-сон қарорига мувофиқ акциядорлик жамияти шаклида Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси (кейинги ўринларда Кафолат жамғармаси деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Янги, замонавий технологик ускуналарни харид қилиш ва бошқа мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига таъминот тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Кафолат жамғармаси ижро этувчи аппарати фаолиятини молиялаштириш ва жорий харажатларини қоплаш унинг молия-хўжалик фаолияти тушумлари, шунингдек ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
кичик тадбиркорлик субъектлари улар бўйича Кафолат жамғармаси таъминоти бериладиган лойиҳаларни амалга оширишда 25 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги ўз улуши билан иштирок этади;
Кафолат жамғармаси таъминоти билан бериладиган кредитлар янги, замонавий технологик ускуналар харид қилишга, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтиришга, шунингдек бошқа мақсадларга йўналтирилади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Кафолат жамғармаси кафиллиги тижорат банкларининг кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик ускуналарни харид қилиш, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтириш ҳамда бошқа мақсадлар учун кредитлар беришда гаров билан қопланмаган қисмига тижорат банкининг ёзма сўрови асосида берилади;
Кафолат жамғармаси томонидан кафиллик берилгани учун кичик тадбиркорлик субъектларидан кафиллик суммасининг йиллик уч фоизи миқдорида миллий валютада воситачилик ҳақи ундирилади;
берилган кредит кичик тадбиркорлик субъекти томонидан қайтарилганда, биринчи навбатда, Кафолат жамғармаси томонидан берилган таъминот миқдори қайтарилган кредит миқдорига мутаносиб равишда камайтирилади. Бунда қарз олувчи томонидан берилган кредит таъминоти сифатида тақдим қилинган мол-мулк фақат Кафолат жамғармаси таъминоти тўлиқ қоплангандан кейин гаровдан чиқарилади;
берилган бўйича мажбуриятлар бажарилган тақдирда Кафолат жамғармаси кредитор банк билан тенг ҳуқуқли асосда қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан харажатларни тўлиқ қоплаш ҳуқуқига эга.
5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Кафолат жамғармаси буюртмалари бўйича, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан Интернет бутунжаҳон тармоғини тўлов ундирмасдан жалб этган ҳолда Кафолат жамғармаси вазифалари моҳияти ва мазмунининг, шунингдек унинг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотларининг мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини таъминласинлар.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 10 апрель,
198-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 198-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Янги, замонавий технологик ускуналарни харид қилиш ва бошқа мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига таъминот тақдим этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 10 февралдаги ПҚ-2768-сон қарорига мувофиқ янги, замонавий технологик ускуналарни харид қилиш, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтириш, шунингдек бошқа мақсадлар учун тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига «Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси» АЖ (кейинги ўринларда Кафолат жамғармаси деб аталади) томонидан таъминот бериш тартибини белгилайди.
Кафолат жамғармаси томонидан тақдим бериладиган таъминот кафиллик тарзида расмийлаштирилади.
2. Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кафиллик бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Кафиллик бериш тартиби
3. Кафолат жамғармасининг кафиллиги тижорат банкларининг тегишли сўрови асосида, республика ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ажратилаётган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисмини таъминлаш мақсадида берилади. Кафиллик Кафолат жамғармаси, кредит берувчи банк ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кафиллик шартномасига мувофиқ берилади.
4. Кафолат жамғармасининг кафиллиги кичик тадбиркорлик субъектларига у қуйидаги шартларга мувофиқ бўлганда берилади:
кичик тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганда ва фаолият юритаётганда;
кичик тадбиркорлик субъекти лойиҳани амалга оширишда 25 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги ўз улуши билан иштирок этганда;
Кафолат жамғармасининг таъминоти бўйича берилаётган кредитлар янги, замонавий технологик ускуналарни харид қилишга, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этишга ва кенгайтиришга, шунингдек бошқа мақсадларга мақсадли йўналтирилганда;
кредит (лизинг) шартномасига мувофиқ илгари берилган кредит (лизинг) ўз вақтида қайтарилмаганлиги, тижорат банклари томонидан кафолатлар бериш бўйича шартномалар шартлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлмаганда.
5. Кафолат жамғармаси томонидан таъминот:
илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
савдо-воситачи ташкилотлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;
савдо ва умумий овқатланиш объектларини қуришни молиялаштириш;
қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, шунингдек ушбу мақсадлар учун ускуналар харид қилиш лойиҳалари бўйича тақдим этилмайди.
6. Кредит бўйича кафиллик берилиши учун тижорат банкларининг ёзма сўровига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
тижорат банкининг Кафолат жамғармаси кафиллигини бериш юзасидан тегишли тарзда расмийлаштирилган буюртманомаси;
тижорат банки кредит қўмитасининг кредит бериш тўғрисидаги қарори ва кредит шартномаси;
амалга ошириладиган лойиҳа бўйича бизнес-режа (техник-иқтисодий асослаш);
кредит маблағлари ҳисобига харид қилинаётган замонавий технологик ускунани етказиб бериш тўғрисидаги шартнома;
кредит бўйича таъминот сифатида берилаётган гаров тўғрисидаги ахборот.
7. Тижорат банклари кредитларининг гаров билан қопланмаган қисмига кафиллик бериш масаласи тижорат банкларининг ёзма сўрови асосида 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Кафолат жамғармаси бир кун муддатда тижорат банкига кафиллик бериш бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида билдиришнома юборади. Кафиллик беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда билдиришнома билан бирга рад этишнинг асосланган сабаблари юборилади.
Кафиллик бериш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида беш кун муддатда Кафиллик жамғармаси, кредит берувчи банк ва қарз олувчи ўртасида тегишли шартнома тузилади ва кафиллик берилади.
8. Кафолат жамғармасининг кафиллиги кредит умумий суммасининг 50 фоизидан ошмайдиган ва 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда берилади.
9. Кафолат жамғармасининг тақдим этилган кафиллик бўйича тижорат банклари олдидаги мажбурияти қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:
кафиллик берилган кредит суммаси бўйича асосий қарз тўланганда;
берилган кафиллик муддати тугаганда;
тижорат банки томонидан кафиллик бўйича ўз ҳуқуқлари рад этилганда ёки кафиллик Кафолат жамғармасига қайтарилганда;
олинган кредит маблағлари қарздор томонидан бошқа шахсларга Кафолат жамғармасининг ёзма розилигисиз ўтказилганда;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.
10. Кафолат жамғармаси кафиллик портфелининг қисман ёки тўлиқ миқдорига суғурта қопламасини жалб этишга ҳақлидир.
3-боб. Кафолат жамғармасининг кафилликларини тўлаш ва харажатларини қоплаш тартиби
11. Тижорат банки томонидан Кафолат жамғармасига кафиллик бўйича ундириладиган пул миқдорига нисбатан қўйиладиган талаб ҳуқуқи тижорат банки хўжалик судига қарздордан қарзни ундириш ёки уни банкрот деб эътироф этиш талаби билан мурожаат этганда ёхуд кафиллик шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда пайдо бўлади.
12. Кафиллик суммасини тўлаш тўғрисида Тижорат банкининг талаби кафиллик шартномасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ёзма равишда тақдим этилади.
13. Тақдим этилган талабнома унинг берилган кафилликка ва илова қилинаётган ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан Кафолат жамғармаси томонидан кўриб чиқилади.
14. Талаб ва унга илова қилинган ҳужжатлар кафиллик шартномаси шартларига мувофиқ бўлмаганда ёки улар кафиллик муддати тугагандан сўнг тақдим этилганда Кафолат жамғармаси кафиллик суммасини тўлаш тўғрисидаги талабни бажаришни рад этишга ҳақлидир.
15. Кафиллик бўйича тўлов амалга оширилгандан сўнг Кафолат жамғармаси тижорат банки билан биргаликда қарздорнинг мол-мулки ҳисобига харажатларни регресс тартибида қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
16. Тижорат банки томонидан Кафолат жамғармаси харажатларини қоплаш хўжалик судининг кучга кирган қарори асосида пул маблағлари келиб тушганда Кафолат жамғармаси томонидан тўланган маблағларни таъминлашдаги улушига мутаносиб тарзда амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. Кафолат жамғармаси бошқаруви раиси бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилиши, шунингдек маблағлардан белгиланган тартибда мақсадли фойдаланилиши юзасидан жавоб беради.
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Янги замонавий технологик ускуналарни харид қилиш ва бошқа мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига таъминот тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига кафиллик бериш
СХЕМАСИ
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 15-сон, 254-модда)