Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» БОШЛИҒИНИНГ
БУЙРУҒИ
СПЕКТРАЛ АНАЛИЗ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИ ВА ПУНКТЛАРИНИ ЎРНАТИШ ВА УЛАРНИ САҚЛАБ ТУРИШ ИШЛАРИ ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 21 октябрь, 20-15-348/12-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги № 323 сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш ишлари хавфсизлиги қоидалари тасдиқлансин.
«Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 30 сентябрь,
203-сон
«Саноатконтехназорат»
давлат инспекциясининг 2009 йил 30 сентябрдаги 203-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
СПЕКТРАЛ АНАЛИЗ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИ ВА ПУНКТЛАРИНИ ЎРНАТИШ ВА УЛАРНИ САҚЛАБ ТУРИШ ИШЛАРИ ХАВФСИЗЛИГИ
Қоидалари
I боб. Умумий қисм
1. «Қоидалар» ўзида атомабсорбцияли спектрометрия, оловли фотометрия, эмиссияли спектрометрия («оптик» диапазон усули — шартли равишда), спектрал анализ, рентген спектрометрия, рентгенрадиометрик анализдан иборат спектрал анализ ишларини бажаришда иш хавфсизлиги тўғрисидаги қоидаларни кўзда тутади.
2. Ушбу меъёрий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Қонуни талаблари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, фақатгина рентген ва рентгенрадиометрик спектрал анализ ўлчаш ишлари ёпиқ турдаги нурланишни ионловчи жамловчи қурилмалар, шунинг билан бирга ГОСТ 27212-87 талаблари бўйича ёпиқ радионуклид қурилмаларни қўллаган ҳолда бажарилган ҳолатларда татбиқ этилади.
3. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктлари ўрнатиш муддатлари мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ ташкилот ва корхона раҳбарлари томонидан тегишли Йўриқнома асосида белгиланади.
II боб. Хавфсизликнинг умумий талаблари
4. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туришда ишларни хавфсиз ташкил қилиш «Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий Низом» талабларига мувофиқ равишда олиб борилиши лозим («Ўзбекистон Республикасининг имтиёзли пенсия таъминоти ва меҳнат муҳофазаси бўйича меъёрий ҳужжатлари» тўпламида нашр қилинган. «Адолат» нашриёти, Тошкент 2000 й.).
5. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктлари ходимларини ўқитиш, билимларини текшириш ва йўриқномадан ўтказиш «Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитиш ва билимларни текширишни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий Низом» талабларига мувофиқ равишда олиб борилиши лозим («Ўзбекистон Республикасининг имтиёзли пенсия таъминоти ва меҳнат муҳофазаси бўйича меъёрий ҳужжатлари» тўпламида нашр қилинган. «Адолат» нашриёти, Тошкент 2000 й.).
6. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туришда қўшимча меҳнат хавфсизлиги талаблари қўйилган, хавфлилик даражаси юқори бўлган касб ва ишлар барча турдаги ускуналарда спектрал анализ ишларини бажаришда хавфли ва зарарли унсурлар билан алоқада бўлиш даражасига («Қоидалар»нинг II. 1-бандига қаранг) ҳамда таъмирлаш ишларига қараб белгиланади («Қоидалар»нинг V-бандига қаранг).
§ 1. Спектрал анализ ишларини бажаришдаги хавфли ва зарарли унсурлар
7. Эмиссияли спектроскопия, атом-абсорбция спектрометрияси, оловли фотометрияда хавфли унсурлар юқори кучланишдаги электр токи, электродлар қизиган вақтдаги юқори ҳарорат, шунингдек босим остидаги табиий газ солинган идишлар ҳисобланади.
8. Зарарли унсурларга электр ёйи ёнганда атмосферага ажралиб чиқадиган озон, азот оксиди, оксидлар ҳамда мис, рух, кадмий, симоб, селен, теллур, маргимуш буғлари киради. Графитли электродларни чархлаш вақтида кўмир чанги ажралиб чиқади. Бундан ташқари, электр ёйи ёнганда бир вақтнинг ўзида товушнинг тиниқ эшитилишига тўсқинлик қилувчи ультрабинафша нурлар ва электромагнит тўлқинлари тарқалиши юз беради.
9. Спектрал анализ ишлари олиб борилаётган ҳудудда ҳавода зарарли моддалар миқдори ГОСТ 12.1005-88 ва рухсат этилган чегара концентрацияси (ПДК) 0046-95 СанПиН талабларидан ошмаслиги лозим. Бунда, агарда ҳавода бир йўналишда ҳаракатланувчи бир неча зарарли моддалар бўлса, уларнинг ҳар бирининг (C1, С2...Сn) ҳаводаги ҳақиқий концентрацияси жами уларнинг рухсат этилган чегара концентрациясига (ПДК1, ПДК2...ПДКn) бўлган нисбати қуйидаги бирликдан ошмаслиги лозим, яъни:
Иш олиб борилаётган ҳудуддаги ҳаво таркибида бир вақтнинг ўзида бир йўналишдаги ҳаракатга эга бўлмаган бир неча зарарли моддалар бўлганда, у ҳолда рухсат этилган чегара концентрацияси изоляцияланган таъсирда қолаверади.
10. Рентген спектрометрияси (жумладан, рентгенфлуоресцент) ва рентген—радиометрик анализдаги хавфли унсурларга, юқори кучланишдаги электр токи, босим остидаги табиий газ солинган идишлар, шунингдек суюқ азот киради.
11. Зарарли унсурларга иш ҳудудидаги рентген нурланишлар, изотоп манбаларнинг радиациявий нурланишлари киради (гамма ва тормоз нурланишлар, альфа ва бета нурланишлар, нейтронлар оқими).
12. Ўзбекистон Республикасининг 0029-94 сонли СанПиН «Санитария нормалари ва радиациявий хавфсизлик қоидалари» талабларига мувофиқ ёпиқ рентген-спектрометрия қурилмалари билан ишлаш жараёнида нурланиш эквивалент куч қуввати билан бир қаторда фойдаланилмайдиган рентген нурлар ҳосил бўлиб, ушбу фойдаланилмайдиган рентген нурлари қурилма юзасидан 0,1 м масофада 1 мкЗв* соат-1 дан ошмаслиги лозим.
13. Рентген-радиометрик анализаторларнинг ёпиқ радиоизотоп асбобларидаги нурланишнинг эквивалент куч қуввати ёпиқ манбадаги асбоб блоки юзасидан 1 м масофада 1 мк3в* соат-1 дан ошмаслиги, ёпиқ манбадаги асбоб блоки юзасига зич бўлганда эса 100 мк3в* соат-1 дан ошмаслиги лозим.
Нурланишнинг бир неча ёпиқ турдаги манбаларини блок, бир агрегатда ёхуд бир хонада ўрнатиш жараёнида эквивалент кучининг жами қуввати юқорида келтирилган қийматлардан ошмаслиги лозим.
§ 2. Спектрал анализ ускуналари ва уларнинг индивидуал ҳимоя воситаларига хизмат кўрсатувчи ходимларга қўйиладиган талаблар
14. Ионловчи нурланиш манбалари билан ишлашга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июнь кунги 300-сонли «Ўзбекистон Республикаси ишчи ходимларини ишга тушиш жараёнида дастлабки ҳамда даврий равишда тиббий кўрикдан ўтказиб бориш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» ги Буйруғига иловага мувофиқ равишда тиббий қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган шахсларга рухсат этилади (2000 йилда худди шу номда брошюра шаклида нашр қилинган). Ташкилот ёки муассаса маъмурияти тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиш учун масъул ҳисобланади.
15. Спектрометрлар билан ишлашга ушбу «Қоидаларни» ўрганган, спектрометрик қурилмалардан фойдаланиш бўйича йўриқнома, шунингдек юқори вольтли кучланишдаги қурилмалар билан ишлашда бундан ташқари, «Санитария нормалари ва радиациявий хавфсизлик қоидаларини» билиш ҳам талаб этилади.
16. Спектрометрларга хизмат кўрсатувчи шахслар 1000 В дан катта кучланишга эга бўлган электр қурилмаларда ишлашга рухсат гуруҳларига эга бўлишлари лозим:
1. II гуруҳ ва ундан юқори — операторлар учун;
2. III гуруҳ ва ундан юқори — ремонт қилувчи ходимлар учун.
17. Спектрометрларда мураккаб ишларни бажаришда рухсат гуруҳи лаборатория раҳбари томонидан ПТЭ талабларига асосан кўпайтирилиши лозим.
18. Рентген ва рентгенрадиометрик спектрал қурилмалар операторлари СанПиН 0029-94 бўйича А категорияга мансуб ҳисобланади.
19. Спектрал қурилмаларнинг барча ходимлари ишга тушиш жараёнида тиббий кўрикдан ўтишлари шарт, шунингдек йил давомида бир марта тиббий кўрикдан ўтиб туришлари шарт.
20. Рентген ва рентгенрадиометрик қурилмаларда ўлчаш ишларини бажарувчи аёллар ҳомиладорлиги аниқланган вақтдан бошлаб, шунинг билан бирга боласини кўкрак сути билан боқиши даврида ишдан озод қилиниши лозим.
21. Барча турдаги спектрал асбоб-ускуналарда ўлчаш ишларини бажарувчи ходимлар учун меҳнат хавфлилиги ва зарарлиги даражасига кўра бошқа тоифаларга ўтказиш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятини 1, 2, 3 рўйхатга ўтказиш (имтиёзли пенсия таъминоти ва имтиёзли даромад солиғи ҳуқуқини берувчи), ҳар йилги қўшимча меҳнат таътиллари, уни бериш тартиби ва шартларини белгилаш, меҳнат шароитларини соғломлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш, касб касалликлари профилактикаси ва иш вақтининг давом этиш чегараси, дам олиш танаффусларини ўрнатиш, озиқ-овқатларни қабул қилиш тармоқларидаги келишувлар, жамоа шартномалари (агарда ушбу шартнома тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан), «Меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароити бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш методикаси», шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сонли қарорига 8-сонли иловага мувофиқ белгиланади. Асос: ЎзР МК нинг 137-м. («Методика» ва «8-сонли Илова» «Ўзбекистон Республикасида имтиёзли пенсия таъминоти ва меҳнат муҳофазаси бўйича меъёрий ҳужжатлар» тўпламида нашр қилинган. «Адолат» нашриёти, Тошкент 2000 й.).
22. Спектрал анализ лабораториялар ва пункт ходимлари «Оёқ кийимлари, махсус кийимлар ва бошқа ИҲВларини бепул бериш бўйича намунавий меъёр» талабларига кўра ( махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли қарори, 14.31 ва 14.37- бандлар). Ўлчаш ишлари қуруқ, соз ҳолдаги махсус кийимларда, ГОСТ 12.4.013-85 талаблари бўйича ҳимоя кўзойнакларида ва ГОСТ 12.4.028-76 талаблари асосида респираторларда бажарилиши лозим.
23. Ходимларни махсус кийим, оёқ кийими, бошқа индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминлаш тартиби, шартлари ва гигиена меъёрлари жамоа келишувлари, жамоа шартномалари билан белгиланади, агарда ушбу шартномалар тузилмаган тақдирда ишчилар вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади. Махсус кийимлар ва ҳимоя воситаларини сақлаш ва улардан фойдаланиш «Махсус кийим, оёқ кийим ва эҳтиёт мосламаларни бериш, сақлаш, фойдаланиш тартиби тўғрисида» ги Йўриқнома талаблари асосида амалга оширилиши лозим (Асос: ЎзР МК нинг 217-м.).
Махсус кийимлар ва ҳимоя мосламаларининг мавжудлиги, соз ҳолатдалиги ва уларни кийиш қоидаларига риоя қилиниши иш бошланишидан олдин лаборатория мудири томонидан текширилиши лозим.
Спектрал анализ ўтказилаётган хоналарда ишчиларнинг махсус кийим ва индивидуал ҳимоя воситаларисиз бўлиши тақиқланади.
24. Рентген ёки ионловчи радионуклид манбалар мавжуд бўлмаган спектрал лаборатория ва пунктларда ишловчи ходимлар Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитар врачи томонидан 2003 йил 6 октябрда тасдиқланган «Зарарли меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга сут ёки унга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини бепул бериш тартиби»га асосан сут ёки унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаб турилиши лозим. Ионловчи нурланиш манбалари билан ишлаш жараёнида ходимлар ўта зарарли меҳнат шароити сабабли текин даволаш-профилактика таъминоти олиш ҳуқуқига эгадир.
25. Ходимларни сут (унга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика таъминоти билан таъминлаш тартиби, шартлари ва меъёрлари жамоа келишувлари, жамоа шартномалари билан белгиланади, агарда улар тузилмаган бўлса, ходимлар вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади (Асос: ЎзР МК нинг 217-м.).
§ 3. Спектрал анализ лаборатория ва пунктлари муҳандислик (санитар-техник) асбоб-ускуналари
26. Спектрал анализ пунктлари ва лаборатория хоналари ўлчамлари, режалаштириш ва конструктив элементлари СанПиН 0021-94 ва 0029-94 талабларига, шунингдек техник тавсиф ҳамда спектрал анализ қурилмаларидан фойдаланиш йўриқномасига мувофиқ бажарилиши лозим. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини иситиш, ёритиш, ерга улаш, уларга водопровод ва канализация тизимларини ўрнатиш КМК 2.04.05-97, КМК 2.01.05-98, КМК 2.04.01-98 ва СанПиН 0065-96 талабларига мувофиқ равишда бажарилиши лозим.
Спектрал анализ пунктлари ва лабораториясининг маиший хоналари, уларнинг сони, ҳолати, уларни жойлаштиришга қўйиладиган талаблар КМК 2.03.04.-98 «Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари» талабларига мос келиши лозим.
27. Хона поллари изоляцияловчи материалдан тайёрланган бўлиши ва 9 кПа дан кам бўлмаган юкни кўтаришга мўлжалланган бўлиши лозим. Пол тебраниши мумкин эмас.
28. «Оптик» диапазондаги спектрал анализатор пунктлари ва лаборатория хоналари ГОСТ 12.4.021-75 талабларига кўра умумий айланувчи-сўрувчи вентиляция (қишда ҳавони иситувчи ва ёзги мавсумда ҳавони совитувчи) билан жиҳозланиши лозим.
Спектрал анализ рентген ва рентгенрадиометрик қурилмаларидан фойдаланилувчи пунктлар ва хоналарда вентиляция тизимлари бўлиши кўзда тутилмайди.
29. Ишчи хоналари ҳавосида 0,1 ва 0,5 мг/м3 дан кўп озон ва азот оксидлари тўпланишига олиб келадиган миқдордаги радионуклид манбаларни сақлашда тегишли тартибда доимий равишда ҳаракатланувчи вентиляция тизимлари кўзда тутилиши лозим.
30. Заҳарли газлар ва буғлар (электр ёйи, учқун, спектрал қурилмалар алангаси) ажралиб чиққан жойларда ҳавони 0,2-0,3 м3 сек-1 тезликда ҳаво сўрувчи вентиляция тизимлари бўлган ҳимоя қутилари ўрнатилиши лозим.
31. Ҳавонинг айланма ҳаракатда бўлишига йўл қўйилмайди. Ҳаво оқимининг миқдорини иш ҳудудларига келиб тушаётган заҳарли буғларнинг (газ) қўшилиши шароитларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш керак, келиб тушаётган ҳавонинг таркибида рухсат этилган концентрацияга қадар (ПДКрз) бўлган шароитларда заҳарли буғлар (газ) ПДКрз 30% га қадар бўлиши мумкин.
32. Ҳавонинг кўп миқдорда заҳарли газлар ажралиб чиқаётган хонадан кам миқдорда заҳарли газлар ажралиб чиқаётган хонага ёки заҳарли газлар ажралиб чиқмаётган хонага келиб тушишига йўл қўйилмаслиги лозим.
Ҳаво оқими, одатда, хонанинг тепа қисмига, қисман ишчи хоналарга узатилиши лозим.
Заҳарли буғлар (газ) айниқса, уларнинг иш ҳудудлари ҳавосига келиб тушиши мумкин бўлган жойлардан сўриб олиниши лозим.
33. Ионловчи нурланиш манбалари билан ишлашга мўлжалланган муассасалар ва қурилмаларни турар жойлар ҳамда болалар муассасаларига жойлаштириш тақиқланади.
34. Ионловчи нурланиш манбалари билан ишлашга мўлжалланган муассасалар, хоналар ва қурилмалар улар фойдаланишга туширилишидан олдин СанПиН 0029-94 10.1 ва 10.2-бандлар талабларига асосан таркиби ва амал қилиш тартиби белгилаб берилган комиссия томонидан қабул қилиниши лозим. Комиссия ишчи хонасини қабул қилиш далолатномасини тузади, мазкур далолатномага асосан анализаторни фойдаланишга рухсат берувчи санитария паспортида расмийлаштирилади (паспорт шакли 0029-94 СанПиН да келтирилган).
35. Қурилмалар (аппаратлар)дан фойдаланилганда, атрофида нурланиш кучи иш шароитида ва манбани сақлаш вақтида қурилманинг юза қисмидан 1 м узоқликда ЗмкЗв.соат-1 дан ошмаган тақдирда биноларга ва қурилмаларни жойлаштиришга махсус талаблар қўйилмайди.
36. Ёпиқ радионуклид манбалар билан (рентген-радиометрик анализ) ишлаш жараёнида хонани пардозлашга радиациявий хавфсизлик бўйича махсус талаблар тақдим қилинмайди.
Бу вақтда ушбу хоналар (нурланишнинг радионуклид манбаи бўлган кўчмас қурилмалар жойлаштирилаётган) блокировка тизимлари ва манбанинг (манба блокининг) ҳолати, нурланиш кучи қувватининг ошиб кетиши ҳақида хабар берувчи сигнализация тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
37. Ёпиқ радионуклид манбали асбоблар ва нурланишни жамловчи қурилмалардан фойдаланишда хона ташқарисида ва умумий хоналарда бегона одамларнинг киришининг олди олинган бўлиши ва манбанинг сақланиши таъминланган бўлиши лозим.
38. Рентген ва радиометрик спектрал анализаторлар жойлаштирилган хоналарнинг эшикларига ташқи томондан ГОСТ 17925-72 талаблари бўйича «радиациявий хавфлилик» белгиси ёпиштирилган бўлиши лозим.
§ 4. Ёнғинга қарши, санитар қоидалар ва гигиеник меъёрлар
39. Спектрал анализ ишларини бажариш давомида санитар қоидалар ва гигиеник меъёрлар қуйидаги меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида белгилаб берилади:
электр ёйи ёниши, учқун, спектрал анализаторнинг ўт олишида ажралиб чиқувчи зарарли моддалар буғларининг (газлар) рухсат этилган чегара концентрацияси ГОСТ 12.1.005-88 ва СанПиН 0046-95 талабларига мос келиши лозим;
рентген қурилмаларда хизмат кўрсатувчи шахслар учун нурланишнинг асосий куч чегараси ва рентгенрадиометрик қурилмаларда (бир календарь йилида) нурланишнинг асосий куч чегараси ва рухсат этилган даражаси СанПиН 0029-94 ва 0073-97 да келтирилган даражадан ошмаслиги лозим; ушбу каби шахслар учун календарь йилида нурланишнинг 1700 соат/йил стандарт вақтида жами ташқи ва ички нурланишнинг рухсат этилган чегара кучи 20 мЗв га тенг (ёки 0,2 бэр) бўлади.
хонадаги иш ҳудудлари микроиқлими ГОСТ 12.1005-88 ва СанПиН 0058-96 талабларига мос келиши лозим;
хоналарни табиий ва сунъий ёритиш табиий ва сунъий ёритишни лойиҳалаштириш меъёрларига мос келиши лозим; иш ҳудудларининг ёритилганлик даражаси 300 лк дан кам бўлмаслиги керак;
иш жойларида шовқин даражаси ГОСТ 12.1.003-83 ва СанПиН 0120-01 талабларига мос келиши лозим;
иш жойларида тебраниш параметрлари ГОСТ 12.1.012-90 ва СанПиН 0122-01 талабларидан ошмаслиги лозим;
электромагнит частоталар даражаси СанПиН 0064-96 талабларидан ошмаслиги лозим.
40. Спектрал анализ ишлари бажарилаётган иш жойларида (хоналарда) озиқ-овқат сақлаш ва қабул қилиш, шунингдек чекишга рухсат этилмайди.
Озиқ-овқатни қабул қилишдан олдин махсус кийимлар ва индивидуал ҳимоя мосламаларини ечиш ва қўлларни ювиш лозим.
Ишлар якунланганидан кейин махсус кийимлар ечилиб, душ қабул қилиш ёки юз, бўйин ва қўлларни ювиш, тишларни тозалаб ювиш лозим.
§ 5. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
41. Сўрувчи вентиляция тизимлари томонидан лаборатория спектрометрик қурилмалари ва спектрал анализ пунктларидан чиқарилган ҳаво (ҳаво билан) аралаштирилади ва тозаланади. Сўриб олинган ҳаво аралаштирилиб, тозаланганидан кейин атмосферага чиқиши олдидан қуйидаги шартларга жавоб бериши лозим: заҳарли газларнинг (буғлар) рухсат этилган чегара концентрацияси корхона ҳудудида вентиляция тизимларидаги ҳаво оқими тўсиғи ҳудудларида 1/3 ПДКишчи ҳудудлар дан ошмаслиги лозим; заҳарли газларнинг (буғ) аҳоли яшаш жойлари атмосферада ҳавосидаги рухсат этилган чегара концентрацияси аҳоли яшаш жойлари учун мўлжалланган ПДК дан ошмаслиги лозим.
Атмосферанинг ерга туташ қатламларида корхонанинг саноат майдонлари ташқарисида спектрал анализ лаборатория ва пунктлари томонидан чиқарилган ифлослантирувчи моддалар юзасидан атмосфера ҳавоси сифати мониторингини ўтказиш лозим. Ушбу моддаларнинг рўйхати ҳар бир лаборатория ёки пунктларда анализ қилинаётган маҳсулотларнинг туридан (руда, флотацияли концентратлар, металл қотишмалари ва бошқ.) келиб чиққан ҳолда аниқланади.
42. Спектрал анализ лабораториялар ва пунктлари оқова сувларини ҳавзаларига ажратиш, тозалаш ва тушириш шарт-шароитлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган юзадаги сувларнинг оқова сувлар таъсирида ифлосланишидан муҳофаза қилиш қоидаларига мос келиши лозим.
43. Учқун билан конденсацияланган юқори вольтли ва металл қутилар билан жиҳозланган спектрал қурилмаларда ҳаво аспирацияси учун қутилар ерга уланган бўлиши лозим. Бу радио қабул қилиш ва ҳар хил ўлчамларда халақит берувчи электромагнит нурланишлардан эфирни экран қўйиш йўли билан сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
44. Катта ўлчамдаги намуналарни анализ қилишда ёруғлик манбаи ва бесўнақай буюм намуналари ёки тайёр буюмларни ҳамма томондан ўраб турувчи қутиларни тайёрлаш жуда қийин бўлганда хона ерга уланган металл япроқлар билан экранлаштирилган бўлиши лозим. Бундай ҳолларда деразалар ерга уланган металл сеткалар билан маҳкамланган бўлиши лозим.
45. Экраннинг ерга уланган линиялари узилган ҳолларда спектрал қурилмаларнинг электр манбаидан автоматик равишда узилиши кўзда тутилиши лозим.
46. Спектрал (рентгенрадиометрик) анализ пунктлари ва лабораториялари учун ионловчи нурланиш манбаини етказиб бериш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва ташиб келтириш қатъий тартибда СанПиН 0029-94 11-банд талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
47. Келгусида фойдаланишга яроқсиз бўлган рентгенрадиометрик спектрал қурилмаларнинг радионуклид манбалари радиоактив чиқиндилар тариқасида кўриб чиқилиб, СанПиН 0029-94 12.21-банди талабларига мувофиқ ўз вақтида рўйхатдан чиқарилиб, маҳаллий санитария эпидемиология назорати органлари билан келишилган муддатларда ерга кўмиш учун топширилиши лозим. Фойдаланишга яроқсиз бўлган манбаларнинг ерга кўмиш учун қабул қилинганлиги ҳақидаги далолатнома нусхалари санитария эпидемиология назорати органлари ва ички ишлар бўлимига берилади.
48. Барча радионуклид манбалар ерга кўмилгунига қадар ҳимоя қурилмаларида жойлашган, ионлашган нурланишларни жамловчи қурилмалар эса — токдан узилган бўлиши лозим.
Бунда радионуклид манбалар жойлаштирилган қурилма механик, кимёвий, ҳарорат ва бошқа таъсирларга чидамли бўлиши ҳамда қурилмадан фойдаланиш шартларига мувофиқ бўлиши лозим.
49. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктлари ишларида атроф-муҳит муҳофазаси устидан давлат назоратини давлат ҳокимияти бошқарув органлари ва табиат муҳофазаси бўйича махсус ваколатли давлат органлари амалга оширади. Идоравий ва ишлаб чиқариш назорати тегишли экологик хизматлар томонидан амалга оширилади. Спектрал анализ лабораториялари ва пунктлари ишларида табиатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоат назорати жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва алоҳида фуқаролар томонидан амалга оширилади.
III боб. Спектрал анализ ускуналарида ўлчаш ишларини бажаришда технология жараёнларига қўйиладиган талаблар
50. Спектрал анализ қурилмаларида ўлчаш ишларини бажариш ушбу қурилмалардан фойдаланиш бўйича йўриқнома талабларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилади.
51. Ёнғиннинг келиб чиқиш хавфи мумкин бўлган спектрал анализ ишлари ГОСТ 12.1.004-91 талабларига ҳамда саноат корхоналарида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ бажарилиши лозим. Иш хоналарида ГОСТ 12.4.009-83 талаблари бўйича ўт ўчириш воситалари бўлиши лозим.
52. Лабораторияларнинг ҳар бир алоҳида хонасида ёнғин хавфсизлиги учун лаборатория мудири (бошлиғи) томонидан тайинланган ходим масъул ҳисобланади.
53. Лаборатория мебеллари ва асбоб-ускуналари одамларни эвакуация қилишга халақит бермайдиган тарзда жойлаштирилиши лозим. Асбоб-ускуналар оралиғидаги ўтиш жойларининг кенглиги 1 м дан кам бўлмаслиги лозим.
54. Лаборатория ишчи ва ювиш хоналари поллари суюқлик шимиб олмайдиган ҳамда ёнмайдиган материалдан ишланган бўлиши лозим.
55. Лаборатория хоналарида маълум бир анализ ишларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажариш тақиқланади.
56. Спектрал анализ лаборатория ва пунктлари ходимлари қўлланилаётган кимёвий воситаларни, материалларнинг ёнғинга хавфлилигини билиши ва улар билан ишлаш жараёнида хавфсизлик чораларига риоя қилишлари лозим. Пунктлар ва лабораторияларда нарса ва материалларни сақлаш ассортимент бўйича қатъий амалга оширилиши лозим. Кимёвий ўзаро таъсирларига кўра ёнғин ёки портлашни келтириб чиқарувчи нарсаларни ёнма-ён, биргаликда сақлашга йўл қўйилмайди.
57. Носоз вентиляция шароитида лабораторияда ишларни ўтказиш тақиқланади. Лаборатория ва пунктлар вентиляция тизимлари ёнғин вақтида уни автоматик равишда ўчиришни таъминловчи қурилмалар, шунингдек ўтдан ҳимоя қилиш қурилмалари билан жиҳозланиши лозим.
58. Спектрал қурилмаларнинг ходимлар учун хавф туғдирувчи қисмларига кириш фақатгина электр кучланиши автоматик равишда ўчириш ҳолатлари мавжуд бўлганда амалга оширилади.
59. 1000 В дан юқори кучланиш манбаини ўчириш юқори кучланиш мавжудлигини кўрсатиб турувчи қизил ёруғ фильтрли индикатор ёрдамида автоматик равишда ўчириш йўли билан амалга оширилади.
60. Спектрометрик қурилмалардан унинг барча блокларининг ерга уланган ҳимоя қилувчи симларисиз фойдаланиш тақиқланади.
61. Спектрал анализ қурилмаларда электр ёйи (учқун) ҳосил қилиш учун электродларни алмаштириш қисқичлар ёки катта пинцетлар ёрдамида бажарилиши лозим, бундай ҳолларда қисқич ёки пинцетлар оператор иш жойида бўлиши шарт.
62. Вентиляция тизимларини авария ҳолатларида ўчиришда спектрал лаборатория ва пункт ходимлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида вентиляция тизимларининг ҳаракатсиз турганда ишлаб кетмаслиги учун спектрал қурилманинг ишга тушириш аппаратураси ёрдамида барча вентиляцияли қурилмалар бирлаштирилади.
63. Рентген спектрал анализаторлар билан ишлаш жараёнида рентген нурлари тарқалишининг асосий йўллари қуйидагилар бўлишини эсдан чиқармаслик лозим:
нурланишнинг девор орқали ёки девор ҳимоя қобиғидаги камчиликлар орқали ёхуд ҳимоянинг камчиликлари орқали ўтиши;
очиқ дераза қобиқлари ва аппарат деталлари ўртасидаги ҳимоя қилинмаган ташқи юзада рентген нурланишининг ёйилиши;
рентген аппаратларининг очиқ қисмлари орқали ҳаво, аппаратнинг механик деталлари ва намуналари (орқа планка олиб ташланганида) билан рентген нурларининг ёйилиши;
ҳаво, аппаратнинг механикавий деталлари ва намуналари ёрдамида рентген нурларининг ёйилишини рентген нурларининг очиқ қисмлари орқали тарқатилиши.
64. Ёпиқ радионуклид манбали асбоблар ҳамда ионловчи нурланишни жамловчи қурилмалардан фойдаланишда:
нурланишни асосан ерга ёки одамлар йўқ жойга йўналтириш;
манбани хизмат кўрсатувчи ходим ва бошқа шахсларга нисбатан узоқроқ масофада сақлаш;
манбалар яқинида одамларнинг бўлиши муддатини чеклаш;
кўчма тўсиқлар ва ҳимоя экранларини қўллаш;
3 метрдан кам бўлмаган масофада аниқ кўриниб турган, хавф тўғрисида огоҳлантирувчи плакатларни осиб қўйиш мақсадга мувофиқдир.
65. Радионуклид манбаларни (рентген трубаларни ҳам) ўрнатиш, созлаш, уларни қайтадан зарядлаш ва техник хизмат кўрсатиш муассаса (корхона, ташкилот) мутахассислари ёки ихтисослаштирилган корхона мутахассислари томонидан ўтказилиши мумкин. Бунда ушбу ишларни бажарувчи шахсда ионловчи нурланиш манбалари билан ишлашга рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 мартдаги 111-сонли қарорига асосан лицензияси бўлиши лозим.
66. Нурланиш манбаларини блоклардан чиқариб олиш, агарда спектрал анализ қурилмаларидан фойдаланиш бўйича йўриқномада кўзда тутилмаган бўлса, қатъий тартибда тақиқланади.
Агарда қурилмадан фойдаланиш бўйича йўриқномада нурланиш манбаларини блокдан чиқариб олиш кўзда тутилган бўлса, бу ҳолларда масофадан бошқариладиган асбоб-ускуналар, ҳимоя экранлари ва бошқа мосламалардан фойдаланилиши лозим.
Радионуклид нурланиш манбаларига қўл билан тегиш тақиқланади.
Нурланиш манбалари герметиклиги бузилган ҳолларда асосий ҳимоя чоралари ишлаб чиқариш воситалари, асбоб-ускуналар, ишчиларнинг махсус кийимлари, бадани ва қўлларининг ифлосланишининг олдини олишга қаратилган бўлиши лозим, манбалар эса фойдаланишдан чиқариб ташланиши шарт.
IV боб.Спектрал анализ асбоб-ускуналарига қўйиладиган талаблар
§ 1. «Оптик» диапазондаги спектрал қурилма асбоб-ускуналари
67. «Оптик» диапазондаги (эмиссияли спектроскопия, атом-абсорбцияли спектрометрия, олов фотометрияси) спектрал қурилмаларнинг конструкциялари ходимларнинг электр токидан шикастланишлари, уларнинг тўсатдан термик ва ультрабинафша нурлар таъсирида куйишлари, заҳарли буғлардан (газ) заҳарланишлари, электромагнит тўлқинлардан нурланишларининг олдини олиши лозим.
68. «Оптик» диапазондаги спектрал қурилмалар ГОСТ 12.2.008.0-91 01-тоифа талабларига кўра инсонни электр токидан шикастланишидан ҳимоя қилиш усулларига эга бўлиши лозим.
69. Ушбу қурилмаларни ерга улаш учун 0,5 Ом дан кам бўлмаган қаршиликка эга бўлган алоҳида ерга уланувчи контур қилиниши лозим.
70. Спектрни қўзғатувчи манбалардан (электр ёйи, учқун, олов) иш ҳудудлари ҳавосига рухсат этилган чегара концентрациясидан ошиқча миқдорда озон, азот оксидлари, металл ажралиб чиқиши ҳамда инсон организмига зарарли таъсир кўрсатиши олдини олиш, шунингдек электромагнит нурланишдан ҳимоя қилиш ва ультрабинафша нурлар таъсирида куйишнинг олдини олиш мақсадида спектрни қўзғатувчи ҳар бир манба ички томонда ҳавони сўриб олиш ускуналари ва ҳимоя экранлари билан жиҳозланган мосламалар (қути) жойлаштирилиши лозим.
71. Қутилар овоз ютувчи ва электр токини ўтказмайдиган хусусиятга эга материаллардан бажарилган бўлиб, металл сеткалар ёки ерга уланиш учун қисқич билан маҳкамланган тунука билан қопланган бўлиши лозим. Қутиларнинг ўлчами унга штативлар ва анализ қилинаётган намуналарнинг эркин жойлашишлари лозим бўлган шаклда танланади. Бирмунча катта габаритли намуналарни ўрнатишда электр токини ўтказувчи қисмлар билан қутининг энг яқин деворлари орасидаги масофа камида 50 мм бўлиши лозим. Қутидаги электрсизланиш устидан назорат олиб боришга мўлжалланган тешиклар қора ойна билан ёпилиши лозим.
Қути сўриб олувчи вентиляция билан бирлаштирилади. Спектрал қурилма генераторининг корпуси ҳам спектрни қўзғатувчи манбани ташқи томондан ўраб турувчи қути сингари у ерга уланади.
§ 2. Рентген қурилма асбоб-ускуналари
72. Спектрал анализ рентген қурилмалари конструкцияси (жумладан рентген флуоресцент анализаторлари) спектрал лаборатория ва пункт ходимларини электр токидан шикастланишлари ҳамда асосий куч чегарасига мувофиқ тарзда рухсат этилган даражадан ошиқча миқдорда рентген нурлари таъсирида нурланишларидан ҳимоя қилишни таъминлаши лозим.
Рентген қурилмаларни ўрнатиш, созлаш, уларни қайтадан зарядлаш ва техник| хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 мартдаги 111-сонли қарорига асосан лицензияга эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилади.
73. Рентген қурилмаларда инсонни электр токи таъсирида шикастланишидан ҳимоя қилиш тоифаси ГОСТ 12.2.007.0-75 талаблари бўйича 0,1 га тенг.
74. Ушбу қурилмаларни ерга улаш учун 0,5 Ом дан кам бўлмаган қаршиликка эга бўлган алоҳида ерга уланувчи контур қилиниши лозим.
Рентген қурилмаларнинг ҳар хил қисмлари ва модулларига хавфсиз равишда кириш имкониятларини таъминлаш учун ушбу қурилмалар тегишли блокировка қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим (юқори кучланишдаги электр токини ўчирувчи, рентген трубкалар ишини тўхтатувчи ва бошқ.).
75. Рентген анализаторларнинг барча электр токи ўтказувчи қисмлари тасодифан бир-бири билан туташиб кетишидан ҳимоя қилувчи қобиқлар билан ўралган бўлиши лозим. Ҳимоя даражаси ГОСТ 14254-96 талаблари бўйича 1Р20 тоифада бўлиши лозим.
Анализаторларнинг электр кучланишдаги барча металл қисмлари болтли бирикмалар билан ерга уланган бўлиши лозим. Ерга уланиш қисқичларида (болтларида) лак-бўёқ қатламлари бўлмаслиги лозим. Ерга уланган ҳимоя симларининг қисқичлари ёнида ГОСТ 21130-75 талаблари бўйича ерга уланганлик белгиси қўйилиши лозим.
Ерга уланган ҳимоя симлари қисқичлари (болтлар) орасидаги ҳамда аппаратнинг электр кучланишга эга туташиши мумкин бўлган металл қисмларидаги электр қаршилиги 0,1 Ом дан ошмаслиги лозим.
Анализатор бирламчи электр занжирлари изоляциясининг қаршилиги нормал иқлим шароитларида 10 МОм дан кам бўлмаслиги лозим.
Анализатор бирламчи электр занжири ва ерга уланган кохуж ҳамда қобиқлар орасидаги изоляция ҳалқа ва устки тўсиқларсиз анализатор турига боғлиқ ҳолда ва анализатордан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқномада кўрсатилган катталикдаги синов кучланишларига 1 минут давомида бардош бериши лозим. Анализатор иккиламчи электр занжирлари орасидаги изоляция ҳалқа ва устки тўсиқларсиз анализатордан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқномада кўрсатилган синов электр кучланишларига бардош бериши лозим.
76. Уланган ҳолдаги рентген трубкаларида нурланиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида:
каналнинг ички ҳажмига кириш;
каналнинг чиқиш коллиматоридан детекторни олиб қўйиш;
тиргакнинг орқа томонидаги (ариқ орқасидаги) пластинка ва кожухларни олиб қўйиш тақиқланади.
Анализатор спектрометрик қурилмасида ва рентген трубкаси ҳимоя кожухларида тайёрловчи корхона чизмаларига мувофиқ тарзда радиациявий хавфлилик белгиси осиб қўйилиши лозим; рентген трубкаларнинг юқори кучланишдаги манбаларида ва детектор блокларида электр кучланиш белгиси бўлиши лозим.
Манбага уланган рентген трубкасига трубкага олиб борувчи юқори кучланиш мавжудлигини кўрсатиб турадиган ёруғлик индикатори уланиши лозим.
§ 3. Рентгенрадиометрик спектрал қурилмалар асбоб-ускуналари
77. Рентгенрадиометрик спектрал қурилмалар конструкцияси спектрал лаборатория ва пунктлар ишчиларини электр токи таъсирида шикастланишлари, суюқ азот таъсирида куйишлари, асосий куч чегарасига мувофиқ тарзда рухсат этилган даражадан ошиқча миқдорда радиоактив нурланишларидан ҳимоя қилишни таъминлаши лозим.
78. Рентген радиометрик қурилмаларда инсонни электр токи таъсирида шикастланишидан ҳимоя қилиш тоифаси ГОСТ 12.2.007.0-75 талаблари бўйича 01 га тенг.
Қурилма барча блокларини ерга улаш 1 мм2 дан кичик бўлмаган кесма симлар билан ишчи хонанинг ерга уланган умумий шинасига (қизимайдиган йўғон сим) улаш орқали амалга оширилиши лозим.
Рентгенрадиометрик қурилмалари юқори кучланишдаги электр манбаига уланиб турган вақтида унинг юқори кучланишдаги кабелларини ажратиш тақиқланади.
79. Рентгенрадиометрик спектрал қурилмаларда нурланиш генератори сифатида фойдаланилувчи ёпиқ радионуклид ионловчи нурланиш манбалари ГОСТ 27212-87 умумий техник талабларига мос келиши лозим.
§ 4. Суюлтирилган, қизиб турган газ баллонинг қурилмалари
80. Сиқилган, суюлтирилган ва аралаш қизиб турган газ солинган газ баллонларини газ баллонларнинг сиғимидан қатъи назар, лаборатория биносининг ташқарисига, металл шкафларга ўрнатилиши лозим, металл шкафлар шамоллатиш учун жалюзига ўхшаш панжаралари ва кесилган жойларга эга бўлиши лозим.
81. Баллонларни биринчи қават деворларига жойлаштиришда улар эшик ва деразадан камида 0,5 м масофада, пастки ва подвал қавати деворларига, шунингдек канализация қудуқлари ва чуқурларига жойлаштиришда дераза ва эшиклардан 3 м масофада ўрнатилиши лозим.
Баллонларни хонадан захира (ёнғин вақтида) чиқиш жойларига, бино асосий олд томонига ва транспорт серқатнов ўтиш жойларига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Баллон жойлаштирилган шкафлар ҳамда қулфланадиган кожухлардаги баллонлар ёнмайдиган тагликларга ўрнатилиши лозим, таглик баландлиги ер сатҳидан камида 0,1 м бўлиши лозим.
82. Ҳар бир баллон қурилмаси газ босимини камайтириб турувчи регуляторга (редуктор) эга бўлиши лозим.
83. Баллонларни газ асбобига улаш резина газламали шланглар асосида амалга оширилиши лозим. Газопровод резина газламали шлангдан ишланганда яхлит бўлак қилиб 10 м дан ошиқ бўлмаган узунликда бажарилиб, деворларга махсус скобалар билан маҳкамланиши лозим. Газопровод, асбоб ҳамда редукторга уланган жойлардаги шлангларга бурмали учликлар кийдирилиб, бирикманинг ишончли ва герметик бўлишини таъминлаш учун металл хомутлар ёрдамида маҳкамланиши лозим. Сим хомутлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Баллонларни газ асбоблари билан улашда фойдаланиладиган резина газламали шланглар давлат стандартлари талабларига мос келиши лозим, газ баллон қурилмаларини монтаж қилиш ишларини ўтказаётган ташкилот эса ушбу ишларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим.
Резина газламали шлангларда резиналарнинг ташқи қатламларига шикаст етказилган жойлари бўлмаслиги лозим.
§ 5. Суюқ азотли Дьюар идишлари
84. Қайнаш ҳарорати t = -198°С бўлган суюқ азот рентген-радиометрик аппаратлар ярим ўтказгич детекторларини совутишда фойдаланилади. Ундан фойдаланишдаги хавф суюқ азотнинг инсон баданига тушишда барча даражали куйиш жароҳатларини олиш билан боғлиқдир.
Дьюар идиши икки деворли сиғимдан иборат бўлиб, иккала девор оралиғидаги бўшлиқ вакуумлаштирилган ва кўп қатламли изоляция (алюминий фольгаси) билан тўлдирилган.
Узоқ вакуум ҳолатини сақлаб туриш мақсадида деворлар оралиғидаги бўшлиқда абсорбент ва водород ютувчи жойлашган. Бўшлиқ оғзи лента билан маҳкамланган, зангламайдиган пўлатдан ишланган сильфондан ташкил топган.
85. Дьюар идиши бўш ҳолатда ҳам суюқ азот солинган ҳолатда ҳам барча турдаги транспорт воситаларида ташилиши мумкин. Автомобиль транспортида ташишда фақатгина юк кўтариш қуввати 1500 кг дан ошиқ бўлмаган автомашиналарда ташишга рухсат этилади. Истисно тариқасида, юк кўтариш қуввати 3500 кгдан ошиқ бўлмаган махсус автомобилларда ташишга рухсат этилади. Ҳар қандай йўналишда идишларни транспортда ташиш вақтида таянч юзасига нисбатан жойини ўзгартириш қайд қилиниши лозим. Автомобиль кузовини ичкаридан амортизация берувчи материаллар, жумладан ғалвирак резина, намат, поролон (полиуретандан ҳосил қилинган енгил эластик материал) жойлаштирилган уялар билан жиҳозлаш тавсия қилинади. Самолёт ва вертолётда ташилган вақтда идишларга 50% сиғимда суюқ азот солиниши лозим.
Идишларни қия ва горизонтал ҳолатда ташиш тақиқланади.
Идиш билан биргаликда йўлда ҳаракатланганда қаттиқ қопламали йўлларда ер усти транспортининг тезлиги 80 км/соатдан ошмаган ҳолда, тупроқли йўлларда йўл профили ва қопламанинг ёки тупроқли ернинг ҳолатига боғлиқ ҳолда 40 км/соатдан ошмаган тезликда ҳаракатланиш лозим.
Идишларни фойдаланишга туширишга қадар хоналарда (иситиладиган ва иситилмайдиган) сақлаш лозим. Идишларни хонадан ташқарида сақлашга рухсат этилади. Бундай ҳолларда идишлар завод томонидан тайёрланган упаковкада айвон тагида сақланиши лозим.
Идишларни кислота ва ишқор сувлари буғлари билан тўйинган атмосфера шароитида сақлашга рухсат этилмайди.
Идишларни сақлаш ва ташиш вақтида улар вертикал ҳолатда бўлиши лозим.
86. Анализатор детекторини тўлдириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
аппаратура детектор блокининг қопқоғини очиш;
дастлаб икки винтни бураган ҳолда детектор блокининг ён деворини чиқариб олиш;
детектор блок столига шланг узунлигини детектор блокида турган Дьюар идиши қопқоғи тешигигача етишини ҳисоблаб чиққан ҳолда махсус воронкани маҳкамлаш;
шланг охирини Дьюар идиши тешигига 5—10 см киритиш;
махсус воронкани Дьюар идишидан суюқ азот билан тўлдириш;
воронкадан суюқ азот оқиб чиққанидан кейин детекторловчи блокда турган Дьюар идишини тўлдиргунга қадар воронка суюқ азот билан тўлдирилиши лозим. Дьюар идишини тўлдириш суюқ азотнинг Дьюар идиши бўғзидан ҳар томонга интенсив оқиши бўйича белгиланади;
детектор блоки столидан махсус воронкани олиб ташлаш ва шланг охирини идиш қопқоғи тешигидан чиқариш фақатгина шланг ва воронкаларнинг суюқ азотдан тўлиқ бўшаганидан кейингина амалга ошириш лозим.
87. Дьюар идишлари билан ишлашда қуйидаги хавфсизлик чораларини кўриш лозим:
Дьюар идиши оғзини бирор-бир тиқин билан ёпиш тақиқланади. Дьюар идишларининг оғзи фақатгина штатли қопқоқлар ёрдамида ёпилиши лозим.
Идишга суюқ азот солиш вақтида хизмат кўрсатувчи ходим тана юзасини тўлиқ ёпиб турувчи махсус кийимда, қўлларида қўлқоп ва кўзойнакда (айниқса, органик ойнадан ишланган соябон) бўлиши лозим. Айниқса, тананинг очиқ қолган жойларининг суюқ азот ёки унинг буғлари таъсирида совутилган металл деталларига тегиб кетишини олдини олиш лозим.
Суюқ азот солинган идишлар турган хона айланувчи-сўрувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим. Идишларга суюқ азот солишда азотнинг полга тўкилишига йўл қўймаслик лозим, суюқ азот полга тўкилган ҳолларда хонани шамоллатиш чораларини кўриш лозим. Суюқ азотнинг идишдан буғланишининг олдини олиш мақсадида идишларни иситувчи асбоблар (радиатор, печка) яқинига ва тўғридан-тўғри қуёш ёруғлигига қўймаслик лозим.
Суюқ азотдан фойдаланиш жараёнида идиш кожухи юқори қопқоғи юзасида пайдо бўлган қиров қатлами азотнинг буғланишини кучайтириб, вакуум ҳолатининг йўқ бўлишига ва азотнинг тўкилишига сабаб бўлган ҳолларда идишни хона шароитида одамлар киришини тақиқлаган ҳолда бир сутка давомида қиздиришга қўйиш лозим. Бу эса идишнинг портлаши мумкин бўлган ҳолатининг олдини олишда зарурдир.
V боб. Спектрал анализ лаборатория ва пунктларида созлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда хавфсизлик талаблари. Радионуклид манбалар билан ишлашда авария ҳолатларини тугатиш
88. Ҳар қандай турдаги спектрал қурилмаларда созлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда қурилманинг ҳар хил блокларидаги электр кучланиш манбадан узилиши лозим.
89. Рентген спектрал қурилмаларда созлаш ишларини нурланиш кучи қуввати дозиметрик назоратини олиб бориш билан бир вақтда минимал режимда ўтказиш лозим. Бунда нурланишнинг экспозициявий кучи қўллар учун 1,084*10-9 Кл*(кг*с)-1 дан ошмаслиги, бутун тана учун эса 1,81*10-10 Кл*(кг*с)-1 дан ошмаслиги лозим.
90. Манбага уланган рентген трубкасида нурланиш эҳтимолларининг олдини олиш мақсадида:
каналнинг ички ҳажмига кириш;
каналнинг чиқиш коллиматоридан детекторни олиб ташлаш;
тиргакнинг орқа томонидаги (ариқ орқасидаги) пластинка ва кожухларни олиб қўйиш тақиқланади. Кожух ва зичлаш тизими рентген трубкаларида ходимларни рентген нурлари таъсирида нурланишларидан ишончли ҳимоя қилади. Бу мақсадларда электр блокировка тизимлари рентген трубкаларини иш фаолияти давомида бузилиш содир бўлганда ҳамда герметик ҳолатларда электр манбадан ажратади.
91. Радионуклид манбалардан фойдаланиш жараёнида авариявий ҳолатларга қуйидагилар киради:
нурланиш манбалари блокларидаги биологик ҳимоя қилиш сифатининг бузилиши;
нурланиш манбаларини «иш» ҳолатидан «сақлаш» ҳолатига ўтказиш механизмлари ишларининг бузилиши;
нурланиш манбаларининг асбоблар блокларидан тушиши; нурланиш манбаи герметиклигининг бузилиши; радионуклид манбалар ва уларнинг блокларининг йўқ бўлиши.
92. Авариявий ҳолатлар вужудга келганда:
одамларни нурланиш манбалари блоклари ўрнатилган ҳудуддан олиб чиқиш;
дозиметрик назорат йўли билан экспозициявий куч қуввати 3 к 3в*соат-1 ёки 30 мк Рентген*соат-1 дан ошган радиациявий хавфли ҳудудни аниқлаш;
радиациявий хавфли ҳудудлар чегарасига тўсиқлар ва радиациявий хавфлилик тўғрисидаги огоҳлантириш белгиларини қўйиш;
авариявий ҳолатлар вужудга келганда зудлик билан юқори турувчи ташкилотга, жойлардаги ички ишлар бўлимига ва санитария - эпидемиология назорат хизматига хабар бериш лозим; нурланиш манбаларининг йўқ бўлиши билан боғлиқ авария ҳолатларида уни қидиришга қаратилган чораларни қўллаш лозим.
93. Авария ҳолатларининг келиб чиқиши сабабларини текшириш ва уни тугатиш учун корхона маъмурияти авария сабабларини текшириши ва авария оқибатларини тугатишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиши лозим бўлган комиссияни тузиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Комиссия авария оқибатларини тугатиш режаларини тузади, ушбу режа жойлардаги ички ишлар бўлими ва санитария - эпидемиология назорати хизмати билан келишилган бўлиши лозим. Авария оқибатлари тугатилган ҳудудда ишларни қайтадан бошлашга фақатгина санитария - эпидемиология хизматининг розилиги билангина рухсат этилади.
VI боб Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
94. Ушбу «Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш ишлари хавфсизлиги қоидалари»ни бузилишига йўл қўйган ходимлар қоида бузилишининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
VII боб. Якунловчи қоида
95. Ушбу «Спектрал анализ лабораториялари ва пунктларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш ишлари хавфсизлиги қоидалари» Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, шунингдек «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» ОАЖ билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири в.б. А. ХАИТОВ
2008 йил 22 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Ф. НАЗИРОВ
2008 йил 12 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2008 йил 2 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси А. ТОХТАЕВ
2008 йил 8 август
Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Б. АЛИХАНОВ
2008 йил 4 июль
Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА
2008 йил 20 июнь
«Олмалиқ тоғ -металлургия комбинати» ОАЖ бош директори Н. РУЗИЕВ
2008 йил 4 июнь