LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мавжуд таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замон талаблари даражасига кўтариш, миллий кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини барпо этиш, келажак учун баркамол, салоҳиятли авлодни тарбиялаш мақсадида:
1. «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни ҳаётга татбиқ этиш ишлари давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб ҳисоблансин.
Республикада таълим-тарбия тизимини тубдан ўзгартириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш ва бу борада қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятини кенг жамоатчилик томонидан чуқур англаб олинишига ҳар томонлама шароит яратиш — давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, таълим-тарбия муассасалари ходимларининг энг долзарб вазифалари этиб белгилансин.
2. Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга ошириш Республика комиссияси иловага* мувофиқ тузилсин.
«Таълим тўғрисида»ги Қонунни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсати тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш;
республика вазирликлари, идоралари ва муассасалари ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларнинг таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ этиш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш;
кадрлар тайёрлаш тизими ҳуқуқий-меъёрий асосини Миллий дастур талабларига мос равишда қайта кўриб чиқишни ташкил қилиш;
узлуксиз таълимнинг барча босқичлари учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалиётга татбиқ этишни таъминлаш;
кадрларга бўлган талаб ва таклифни ўрганиш асосида таълим тизимининг истиқболли йўналишларини белгилаш;
уч йиллик академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари тизимини Миллий дастур талаблари асосида ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
халқаро донорлар, хорижий инвесторлар, жамғарма ва жамоат ташкилотларининг маблағларини жалб этиш ва улардан унумли фойдаланишга шароит яратиш;
Миллий дастурнинг бажарилиши ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам маълумот бериб боришни ташкил этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳалари ва улар учун масъул ишчи гуруҳлари таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳлар фаолиятига юқори малакали мутахассислар ва олимлар ҳамда хорижий экспертларни кенг жалб этиш назарда тутилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 1 июлдаги ПФ-3272-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур Фармонда белгиланган вазифалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилсин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 30 декабрдаги 576-сонли «Устоз» республика жамғармаси фаолиятини таъминлаш тўғрисида»ги қарори.