LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарорига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Табиий муҳитни асраш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш умуммиллий вазифа ҳисобланади ва бу экология тизимини, табиат комплекслари ва айрим объектларнинг муҳофазасини таъминлашга, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган.
Шу муносабат билан сув ҳавзалари ва ҳавонинг ифлосланиши, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, қонунга хилоф равишда ўрмонни кесиш, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш ва экология соҳасидаги бошқа жиноят ва ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича суд амалиётини тўғри ва самарали амалга ошириш катта аҳамият касб этади.
Айрим судларда айбдорларнинг ҳаракатларини нотўғри тавсифлаш ҳоллари учраб турибди, уларни муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи ҳамма вақт ҳам ҳал қилинмаяпти. Махсус билимни талаб қиладиган масалаларни ҳал этишга баъзи ҳолларда мутахассислар жалб қилинмаяпти, экологияга зарар етказаётган барча айбдор шахсларга, шу жумладан, корхона ва ташкилот раҳбарларига бўлган талабларни асоссиз равишда сусайтириш ёки уларни жавобгарликка тортмаслик ҳоллари мавжуд. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларнинг бузилиш сабабларини ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига етарлича аҳамият берилмаяпти.
Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Табиатни муҳофаза қилиш, табиат бойликларидан зиён-заҳмат етказмасдан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонунларга қатъи амал қилиш энг муҳим давлат вазифаларидан бири эканлигига, уларни ҳал қилиш фуқароларнинг соғлиғи ва фаровонлиги, шунингдек республиканинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши билан боғлиқ эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Республикада табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида, ер, сув, ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунлари, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 09-сонли қарори таҳририда).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, оқилона фойдаланмасликдан муҳофаза этилишини назарда тутмоқ лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар жумласига давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киради.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 19-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур туркумдаги жиноят ва маъмурий ишларни кўришда бевосита жиноятни ва бошқа ҳуқуқбузарликни содир қилган шахслар билан чегараланиб қолмасдан, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганликда айбдор бўлган барча шахслар доирасини синчиклаб аниқлаш шарт. Хусусан ўзларининг ҳаракатсизликлари ёки қонунга хилоф ҳаракатлари билан табиатга зиён етказган корхона ва ташкилот раҳбарларининг айбдорлик даражасини аниқлаш ва уларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш зарур. Шу билан бир қаторда экология назорати органларининг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузилишига олиб келган ҳаракатсизликлари сабаблари ҳам аниқлаши керак. Асослар мавжуд бўлганда бундай органларнинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилмоғи лозим.
4. Корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларнинг даъволари ёки бу ташкилотларга нисбатан қишлоқ хўжалик мулкларига шикаст етказиш ёхуд бузиш, мелиоратив ишларни сифатсиз бажариш, саноат ёки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш чиқиндилари билан атроф муҳитнинг ифлосланиши натижасида экинлар ва ҳайвонларнинг нобуд бўлиши ёхуд табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларни бошқача тарзда бузиш оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича фуқаролик ишларини кўришда етказилган зарар мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилганлиги ёинки мансаб совуққонлиги орқасида етказилганлиги аниқланса, судлар уларнинг жавобгарлиги масаласини ҳам ҳал қилишлари лозим.
5. Экология назорати соҳасида ишлаётган мансабдор шахсларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузувчилар билан жиноий тил бириктирганлик ҳоллари аниқланганда, бундай мансабдор шахслар табиий атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлиги ва тегишли мансабдорлик жинояти учун жавобгарликка тортилмоғи зарур.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Махсус билимларни талаб қилувчи масалаларни тўғри ҳал қилиш мақсадида судлар тегишли экспертизаларни гидрометеорологлар, санитария-эпидемия хизмати ходимлари, зоологлар, ихтиоллоглар, ботаниклар, овшунос, ўрмоншунос, тупроқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайинлашлари керак. Бунда экология экспертизаси атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг мажбурий чораси ҳисобланишини ва уни ўтказиш «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 24-25-моддаларида белгиланганлигини эътиборга олмоқ зарур. Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида»ги Низомнинг 12-моддасига мувофиқ экология экспертизаси мазкур қўмита томонидан ўтказилади.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 19-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тушунтирилсинки, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига биноан жамоатчилик асосидаги экология экспертизаси жамоат бирлашмаларининг ташаббусига кўра уларнинг маблағлари ҳисобидан ёки жамоатчилик асосида мутахассисларнинг мустақил гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Жамоатчилик асосидаги экология экспертизасининг хулосалари тавсия тамойилига эга бўлади.
7. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасига мувофиқ табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ушбу кодекснинг 66, 67, 76-моддалари (сув хўжалиги иншоотларига зарар етказишга оид қисми), 90-моддасининг 2-қисми, 94-моддасида жавобгарлик назарда тутилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар судларга тааллуқлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасида жавобгарлик назарда тутилган ҳайвонот ёки ўсимликлар дунёсидан фойдаланиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан белгиланади ва у ҳам доимий, ҳам вақтинчалик (мавсумий) характерга эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги «Қимматли ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ҳамда ҳайвонлар турларини муҳофаза этишни кучайтириш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қарорида белгиланган. Хусусан, ушбу қарорда Қизил китобга киритилган ўсимликлар ва ҳайвонларни табиатдан ҳар қандай кўринишда олиш фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида, овланадиган ҳайвон турлари (шу жумладан балиқлар) эса табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан бериладиган лицензиялар бўйича амалга оширилиши назарда тутилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ов қилиш ёки балиқ тутиш қоидаларини бузиш деганда, овни тегишли рухсатномасиз ёхуд ёввойи қушлар ёки балиқларни рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқ овлаш, шунингдек овни тақиқланган вақтда ёки рухсат берилмаган жойларда ёхуд рухсат этилмаган қурол, восита ва усуллар билан амалга оширилиш тушунилмоғи лозим.
Жиноят кодекси 202-моддаси 2-қисмининг «а» банди бўйича жавобгарлик ҳам Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига, ҳам Халқаро Қизил китобга киритилгани ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар, ҳайвонот дунёси ёки ўсимликларнинг бошқа турлари йўқ қилинган ҳолларда вужудга келади. Бунда етказилган зиённинг ҳажми аҳамиятга эга эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Жиноят кодексининг 194-моддасида жавобгарлик белгиланган атроф муҳитни ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яширганлик деганда, айбдор шахс экологик вазиятнинг аҳволи тўғрисида умуман ёхуд ўз вақтида маълумот бермаганлик ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) тушунмоқ лозим. Бундай маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ келмаса (атроф муҳитнинг ифлослаганлиги кўрсаткичларини камайтириб кўрсатиш ва ҳоказолар), улар бузилган ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ ишларни кўришда судлар жиноий йўл билан топилганини била туриб (балиқларни, ёввойи ҳайвонларни, паррандаларни, дарахтларни ва ҳоказоларни) олган ёки ўтказган шахсларни аниқлаш чораларини кўришлари ва муайян ҳолатлардан келиб чиқиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 171-моддаси аломатлари билан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилишлари лозим
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 09-сонли қарори таҳририда).
11. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ бўлган фуқаролик, шунингдек, жиноят ишлари бўйича етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда судлар қонун зарарни тўлиқ ҳажмда ундиришни кўзда тутишидан келиб чиқишлари шарт. Зарарни ундириш миқдорини камайтиришга фақат алоҳида ҳолларда суд томонидан аниқланган ҳуқуқбузарнинг мулкий аҳволига қараб, жиноят ғараз ниятда содир этилмаган тақдирда, йўл қўйилади ва бу ҳолат қабул қилинган қарорда асослантирилган бўлиши шарт.
12. Амалдаги қонунларга биноан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган маҳсулот (ёввойи ҳайвон, парранда, балиқ, дарахт, мўйна ва бошқалар) ҳуқуқбузардан олиб қўйилиши шарт. Агар бундай маҳсулот ҳуқуқбузардан олиб қўйилган ва иш судда кўрилгунга қадар сотилган бўлса, суд ҳукмда, қарорда тушган маблағни тегишли ташкилотнинг ҳисобига ўтказишни кўрсатиши зарур.
Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган маҳсулотни олиб қўйиш имконияти бўлмаса (ҳуқуқбузар томонидан фойдаланилган ёки сотилган, яроқсиз ҳолга келган ва ҳоказолар), суд маҳкумдан ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсдан ёинки жавобгардан унинг белгиланган нархларда ҳисобланган қийматини ундириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши лозим.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 майдаги 246-сонли Қарори билан тасдиқланган «Табиатни муҳофаза қилиш жамғармалари тўғрисида»ги Низомга мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш қонунларини бузиш натижасида етказилган зарарни қоплаш суммаси, агар амалдаги қонунларда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий (5-банд) ва республика (8-банд) жамғармалари ҳисобига ундирилади. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қонунга хилоф равишда ов қилиш, ғайриқонуний равишда балиқларни ҳамда бошқа сув ҳайвонларини овлаш ва йўқ қилиш оқибатида етказилган зарарни қоплаш суммаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳузуридаги давлат биология назорати ҳисобига ўтказилади. Агар ҳуқуқбузарлик давлат қуриқхонаси ёки миллий табиат боғи ҳудудида содир этилган бўлса жаримани тўлашдан тушган барча маблағ давлат қўриқхонаси ёки миллий табиат боғининг ҳисобига ундирилади. Хавфсизлик қоидалари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш талаблари бузилганлиги учун ундириладиган жарималар суммаси меҳнат хавфсизлиги ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш Республика фонди ҳисобига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳақидаги жиноят ишлари бўйича судланувчига тегишли жиноят қуроллари, шу жумладан, автомашина, мотоцикл ва қайиқлар, агар жиноий ҳаракат улар ёрдамида амалга оширилса ёки содир этилиши осонлаштирилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ мусодара қилиниши лозим.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиш масаласи Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ ҳал қилиниши керак.
15. Судлар табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қонуннинг алоҳида ёндошув талабларига оғишмай риоя этишлари керак. Кўп миқдордаги қимматбаҳо ёки ноёб ҳайвонлар, парранда ва балиқларни қириб ташлаш, ўрмонларга шикаст етказиш ёки уларни йўқ қилиш, қишлоқ хўжалиги мулкларини ишдан чиқариш ва ҳоказо йўллар билан давлатга катта зарар етказган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилмоғи зарур.
Табиатни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг, бу хизмат жамоатчи назоратчиларининг, шунингдек, ўғринча ов қилиш ва қонун билан қўриқланадиган табиат объектларига бошқача тажовуз қилувчиларнинг ҳаракатларига барҳам бериш юзасидан ўзининг жамоатчилик бурчини бажараётган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилган шахслар қаттиқ жазога тортилмоқлари шарт.
Табиатни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ўзлари хизмат мавқеидан фойдаланиб табиат объектларига жиноий тажовузлар содир этган тақдирда, судлар уларнинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилишлари зарур.
16. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд жараёнларининг таъсирини кучайтириш мақсадида судлар ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликларни аниқлашлари ва бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган хусусий ажримлар чиқаришлари лозим.
Давлатга кўп миқдорда зарар етказганлик, қимматбаҳо ёки ноёб ҳайвонларни қириб ташлаганлик тўғрисидаги, шунингдек, портловчи моддалар, кимёвий воситалар ва ҳоказоларни қўллаб, гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд процессларини кенг оммага етказмоқ керак.
17. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди атроф муҳитни муҳофаза этиш тўғрисидаги қонунларни тўғри қўлланиши устидан назоратни кучайтирсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.