Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Сайт янгиликлари

2012 йил 21 мартдан 29 мартгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 13-сон (513) 2012 йил 2 апрель)

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 мартдаги ПҚ-1730-сон «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

2012 - 2014 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш дастури ва 2012 - 2014 йиллар даврида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Миллий ахборот тизимига уланадиган ахборот тизимлари рўйхати тасдиқланди. Ушбу Дастурда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича аниқ тадбирлар ва кутилаётган натижалар, ҳамда Рўйхатда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот тизимлари уланадиган комплекс ахборот тизимлари кўрсатиб ўтилган.

2012 йилнинг 1 августидан бошлаб давлат органлари учун Миллий ахборот тизими доирасида янгидан ишлаб чиқиладиган ёки харид қилинадиган ихтисослаштирилган дастурий маҳсулотлар олдиндан мажбурий экспертизадан ўтказилиши ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг рухсати билан ўрнатилиши мумкинлиги ҳамда давлат органлари раҳбарлари Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг тегишли рухсатномасисиз ихтисослаштирилган дастурий маҳсулотлардан фойдаланилганлик учун шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида экспортга етказиб бериш ҳажми ва турларини кўпайтириш, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантириш, уларга маҳсулотларини янги жаҳон ва минтақавий бозорларга олиб чиқишда кўмаклашиш мақсадида маҳаллий товар (иш, хизмат) ишлаб чиқарувчи корхоналарга:

халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда хорижий қатнашчилар билан тенг шароитларда, жумладан ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга чет эл валютасида шартномалар тузган ҳолда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузиш ҳуқуқи берилди.

Кўрсатилган шартномалар фақат хизмат кўрсатаётган ваколатли банкда ҳисобга қўйилган ва экспорт қилувчи корхоналардек солиқ имтиёзлари берилган ҳолда экспорт шартномаларига тенглаштирилади.

2012 йил 1 апрелдан бошлаб янги қурилиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашга валюта кредитлари бўйича асосий қарзни қайтаришга жорий тўловлар бўйича йўналтириладиган валюта тушуми қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан асосий қарз батамом тўлаб бўлинадиган муддатга қадар озод қилинди.

Сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификациядан ўтказиш, шунингдек лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш комплексларини харид қилишга йўналтириладиган маблағларга янги технологик ускуналарни сотиб олишда назарда тутилган ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришнинг амалдаги тартиби микрофирмалар ва кичик корхоналар учун тадбиқ этилди.

Тижорат банкларига экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга оширишнинг чекланган муддатини 60 кундан 90 кунга узайтирган ҳолда экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга ошириш ҳажмини кенгайтириш тавсия этилди.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартдаги 82-сонли «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни 2012-2013 йилларда амалга ошириш бўйича Қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори

Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишни давом эттириш, зўрлаб ишлатишга ёки мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек болалар меҳнатининг оғир шаклларини йўқотиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва қўшимча чора-тадбирлар кўришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни 2012-2013 йилларда амалга ошириш бўйича Қўшимча тадбирлар режаси тасдиқланди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг кўрсатиб ўтилган конвенциялардан ва Тадбирлар режасидан келиб чиқадиган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига юкланди.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартдаги 83-сонли «Ўзбекистон маиший-қўрилиш банки» очиқ акциядорлик тижорат банкининг капитализациясини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан банкнинг устав капиталини умумий миқдорини 300,0 млрд. сўмга етказиб, 2012-2013 йилларда 152,0 млрд. сўм миқдорда ошириш таклифи маъқулланди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартдаги 84-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 26 февралдаги 90-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида» 1998 йил 16 июндаги 255-сон қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ «Дававианазорат» инспекциясининг моддий-техника таъминоти, шунингдек ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш:

олинган лицензияларга (сертификатларга) мувофиқ авиация фаолиятини амалга оширишдан юридик шахслар томонидан олинаётган даромадлардан мажбурий тўловлар ҳисобига амалга оширилади. Мажбурий тўловлар миқдори «Дававианазорат» инспекциясининг жорий йилга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган харажатлар сметаси доирасида юридик шахсларнинг ўтган йилги даромадларига мутаносиб равишда белгиланади;

авиация транспорти соҳасида фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тўғрисидаги аризалар кўриб чиқилганлиги учун йиғим ҳисобига амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 27 мартдаги 86-сонли « Ўзбекистон Республикасининг инвестицион блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича Битимни янада амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори

“Ўзбекнефтгаз” МХК ва Нефть ва газни қидириш ва ишлаб чиқиш бўйича Хитой миллий корпорацияси ўртасидаги Ўзбекистон Республикасининг инвестицион блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича Битимга 2-сон Қўшимча битими Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан маъқулланди. Унда:

Битимнинг амал қилиш муддатини 3 йилга узайтириш;

Чет-эл инвестори томонидан минимал молиялаштирилиши 14,9 млн. АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган геология-қидирув ишларини амалга ошириш назарда тутилган.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 мартдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази тузилмасини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, унинг янги тузилмаси тасдиқланди.

Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига, зарурият бўлганда, Марказнинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сонли «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори

Тиббий фаолиятни, айниқса хусусий тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилаётган тиббий фаолиятни лицензиялашни тартибга солиш мақсадида янгиланган:

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом;

Хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериладиган тиббий фаолият ихтисосликлари турларининг рўйхати тасдиқланди.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ, лицензиялаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади, шунингдек Низомда назарда тутилган талаблар ва шартларга мувофиқ бўлган юридик шахслар лицензия талабгорлари бўлиши мумкин.

9. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 2012 йил 27 февралдаги 34-сонли «Автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларини назорат қилиш учун фойдаланиладиган рақамли назорат қурилмаси карточкалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2345, 2012 йил 26 март)

Ўзбекистоннинг 1970 йил 1 июлда Женева шаҳрида имзоланган автомобилда халқаро юк ташийдиган транспорт воситалари экипажлари ишига тегишли Европа битимидаги иштироки билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларини бажариш мақсадида Автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларини назорат қилиш учун фойдаланиладиган рақамли назорат қурилмаси карточкалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом билан карточкаларни бериш ва улардан фойдаланиш тартиблари белгиланган.

10. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 2012 йил 27 февралдаги 35-сонли «Рақамли назорат қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2346, 2012 йил 26 март)

Рақамли назорат қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ рақамли назорат қурилмасини ўрнатиш ва қиёслаш, унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, тамғалаш ҳамда ундан фойдаланишда ҳайдовчиларга бўлган талаблар ўрнатилган. Жумладан, рақамли назорат қурилмасини устахона томонидан ўрнатиш мумкин ҳамда уни қиёслаш устахона ёки «Ўзстандарт» агентлиги томонидан амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2012 йил 13 мартдаги 18-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги буйруқнинг 1-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2214-1, 2012 йил 28 март)

Мазкур буйруқ билан, халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг талабларига мувофиқ бўлмаган ёки 25 йил ва ундан ортиқ бўлган календарь хизмат муддатини ўтаган самолётлар учун:

а) Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрида рўйхатга олиш;

б) Ўзбекистон Республикаси эксплуатант сертификатига хорижда рўйхатдан ўтган ҳаво кемаларини киритиш вақтинча 2013 йил 1 майгача тўхтатилган.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2012 йил 14 февралдаги 10-сонли «Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2347, 2012 йил 29 март)

Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низомга мувофиқ ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

ҳужжатларнинг илмий-тарихий, амалий ва бошқа архив аҳамиятидан келиб чиқиб уларнинг сақлаш муддатларини аниқлаш;

ҳужжатларни нотўғри ва асоссиз йўқ қилиш ҳолатларини бартараф этиш.

Шунингдек, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

илмий-тарихий, амалий ва бошқа архив аҳамиятига эга бўлган ҳужжатларни уларнинг қимматлилиги мезонларидан келиб чиқиб аниқлаш ва танлаб олиш;

етишмайдиган материаллар ўрнини тўлдириш йўли билан архив фондлари таркибининг тўлиқлигига эришиш;

ҳужжатларнинг жисмоний ҳолатига баҳо бериш.