САЙТ ЯНГИЛИКЛАРИ

 

2012 йил 15 мартдан 20 мартгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларга қисқача изоҳлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 20 мартдаги ПҚ–1729-сон «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Шунингдек, Миллий кутубхона ҳузурида Республика методик кенгаши ташкил этилди.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 15 мартдаги 72-сон «Ўзбекистон Республикасининг «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 26 декабрдаги ЎРҚ–312-сон Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Қуйидагилар тасдиқланди:

Аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, фонограммаларни тайёрлаш, шунингдек аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар учун моддий жисмларни ишлаб чиқариш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низом;

Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низом.

Шунингдек қуйидагилар белгиланди:

киновидео маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича ҳамда грампластинкалар, аудиокассеталар ва лазерли дискларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 26 декабрдаги ЎРҚ–312-сон Қонуни кучга киргунга қадар хўжалик юритувчи субъектларга берилган лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади;

киновидео маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича ва грампластинкалар, аудиокассеталар ва лазерли дискларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг хўжалик юритувчи субъектлар аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича ва аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, фонограммаларни тайёрлаш, шунингдек аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар учун моддий жисмларни ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияларни оладилар;

ҳозирги вақтда ЭҲМ учун дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш бўйича лицензиясиз фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу фаолият турларини тегишли лицензия олгунга қадар, бироқ 2012 йил 1 майдан кечиктирмасдан давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 мартдаги 73-сон «Чет элда кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Чет элда маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг кўргазма-ярмарка фаолиятини ташкил этишга, шу жумладан экспорт салоҳияти тақдимотига ва экспорт контрактлар тузишга кўмаклашиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги чет элда кўргазма-ярмарка фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул орган этиб белгиланди.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўргазмалар ва ярмаркаларда қатнашиш, шу жумладан чет элда ўтказиладиган кўргазмалар ва ярмаркаларда қатнашиш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқишда чиқариб ташланадиган реклама харажатларига тегишли.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 мартдаги 74-сон «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Банклараро кредит бюроси негизида «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси» масъулияти чекланган жамият ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахбороти миллий институтига:

кредит ахбороти субъектларининг кредит битимлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва тегишли маълумотлар базасини шакллантириш;

кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш;

кредит бюроларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бериладиган кредит ахбороти маълумотлар базасини жамлаш;

кредит ахборотининг маълумотлар базасини янгидан ташкил этилган кредит бюроларига бериш юклатилди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 мартдаги 75-сон «2012 йилда Ўзбекистон Республикасига донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларнинг беғараз техник кўмагини (грантларини) жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори

Қуйидагилар тасдиқланди:

Донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан олдиндан келишилган 2012 йилда беғараз техник кўмакни (грантларни) жалб этиш лойиҳалари рўйхати;

Донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан ишлаб чиқилаётган кейинги йиллар учун беғараз техник кўмак (грантлар) лойиҳалари рўйхати.

Шунингдек, ушбу қарорнинг 1 ва 2-иловаларига киритилган вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари зиммасига лойиҳа таклифларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини, лойиҳаларни амалга оширишнинг бошланишини таъминлаш бўйича зарур тайёргарлик тадбирлари бажарилиши, шунингдек уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият юклатилди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 20 мартдаги 76-сон «2011 – 2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

2011 — 2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссия тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу Низом билан Махсус комиссиянинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари, фаолиятини ташкил этиш, ишчи гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш, ишчи органи ва котиби ҳамда қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини ташкил этиш тартиблари белгилаб қўйилди.

7. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2012 йил 29 февралдаги 23-сонли «Солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2343, 2012 йил 17 март)

Солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу Низомга мувофиқ, солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курси бўйича ўқитишни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Малака ошириш таълим муассасаси ва солиқ маслаҳатчиси ёки солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш ҳар йили 1 апрелга қадар, 2012 йилда эса — 2012 йилнинг 1 июнига қадар амалга оширилади.

Таълим муассасаси томонидан солиқ маслаҳатчиси малака сертификатининг орқа томонига малака ошириш курсини ўтаганлиги тўғрисида белги қўйилади.

Солиқ маслаҳатчилари ҳар йил 15 апрелгача, 2012 йилда эса — 15 июнгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига малака ошириш курсларни ўтаганлиги тўғрисида ахборот тақдим этади.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги 8/1-сонли «Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2344, 2012 йил 20 март)

Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу Низомга мувофиқ, тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда ихчам иссиқхоналар қуриш учун микрокредитлар бериш қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 20 февралдаги 17, 20, 2012-9, 4/1-сонли «Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1390-1, 2012 йил 20 март)

Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низомга ўзгартиришлар киритилган бўлиб, уларга мувофиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан алкоголли маҳсулотларни улгуржи савдоси фақат «Ўзвиносаноат-холдинг» компаниясининг ҳудудий ихтисослаштирилган улгуржи савдо базалари орқали кейинчалик алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун рухсатнома ва фискал хотираси ҳимояланган назорат-касса машиналари билан таъминланган стационар савдо жойларига (заллар) эга бўлган юридик шахсларга сотиш учун амалга оширилади.

10. Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг 2012 йил 17 февралдаги 2-сонли « Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларининг 10-иловасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1400-1, 2012 йил 21 март)

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига «Саноатконтехназорат» номланишини унинг расмий номланишига «Саноатгеоконтехназорат» мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

«« Қайтиш